Жаҳон | 15:41 / 14.10.2024
4334
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсонга берилди

Улар “институтларнинг шаклланиш жараёнлари ва уларнинг иқтисодий фаровонликка таъсирини тадқиқ қилгани учун” тақдирланди.

Иқтисодиёт бўйича 2024 йилги Нобел мукофоти Массачусетс технологиялар институти профессорлари Дарон Ажемўғли ва Саймон Жонсон ҳамда Чикаго университети профессори Жеймс Робинсонга насиб этди.

Уч нафар иқтисодчи “институтларнинг шаклланиш жараёнлари ва уларнинг иқтисодий фаровонликка таъсирини тадқиқ қилгани учун” бу йилги мукофотга сазовор бўлди.

Нобел қўмитаси баёнотида таъкидланишича, янги Нобел мукофоти соҳибларининг тадқиқотлари ҳар бир мамлакат фаровонлиги учун ижтимоий институтларнинг аҳамиятини тушунишга ёрдам беради:

Қонун кучсиз бўлган ва ижтимоий институтлар аҳолини эксплуатация қиладиган мамлакатларда иқтисодий ўсиш ёки ижобий ўзгаришлар юз бермайди. Совриндорларнинг изланишлари бизга бунинг сабабларини англашга ёрдам беради”.

2023 йилда америкалик иқтисодчи Клаудия Голдин аёлларнинг меҳнат бозоридаги ролини ўрганишга оид тадқиқотлари учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 мартида ушбу олимлардан бири Жеймс Робинсон Ўзбекистонга келганди. Робинсон Дарон Ажемўғли билан ҳаммуллафликда ёзилган “Мамлакатлар таназзули сабаблари” китоби таржимаси тақдимотида қатнашганди.

Олим Kun.uz'га берган интервюсида авторитар давлатларда инклюзив институтлар қуриш, мустамлакадан кейин давлатларнинг ривожланиши қийин кечиши, онгли равишда қилинадиган “хатолар” ва китобидаги “пахта қироли” – Ўзбекистонга аталган парчалар ҳақидаги саволларга жавоб берганди.

Мавзуга оид