Жаҳон | 01:19 / 16.10.2024
7860
4 дақиқада ўқилади

Россия армияси Курск областида қўлдан чиқарган ҳудудларининг чорак қисмини қайтариб олди

Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг қарши ҳужуми фаоллашгани фонида Курск областидаги позицияларини қўлдан бой беришни бошлади.

Фото: vk.com/sudgaonline

 

 

Украина Қуролли кучлари (УҚК) Россия армиясининг қарши ҳужуми фаоллашгани фонида Курск областидаги позицияларини қўлдан бой беришни бошлади, деб ёзади (https://www.moscowtimes.ru/2024/10/15/rossiiskaya-armiya-vkurskoi-oblasti-otvoevala-chetvert-poteryannih-territorii-a144921) Newsweek. Нашр фронтдаги вазиятни кузатиб борадиган очиқ манбалардаги маълумотларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келган.

Украинанинг OSINT лойиҳаси жанговар ҳаракатлар харитасини эълон қилган, ундан маълум бўладики, октябр бошидан бери Россия қўшинлари Курск областида 120 квадрат километр майдонни эгаллашга муваффақ бўлган. Жумладан, уларнинг 65 квадрат километри охирги дам олиш кунлари қўлга киритилган. Айни вақтда УҚК 660 квадрат километрга яқин майдонни назорат қилмоқда, яна 360 квадрат километр кулранг зонага киради. Таҳлилчиларнинг маълумотларига кўра, Курск областига амалга оширилган ҳужумнинг энг юқори нуқтаси вақтида украин кучлари 900 квадрат километр майдонни эгаллаган.

Россиялик ҳарбийлар асосан Кореневский районида муваффақиятга эришган. «Икки майор» Z-каналининг ёзишича, улар Толстой Луг ва Новоивановкани ҳам эгаллаган. РФ Мудофаа вазирлигига яқин манбага кўра, армия Олговка, Любимовка, Зелений Шлях, Нижний Клин посёлкалари устидан назоратни қайтариб олган. Бундан ташқари, рус ҳарбийлари Любимовка районида УҚКни қуршаб олган.

DeepState ушбу аҳоли пунктлари, шунингек, Зелёний Шлях ва Новоивановка қўлдан чиққанини тан олди. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган қолган посёлкалар ҳамон Украина назорати остида экани таъкидланди. «Hromadske radio» эфирида таҳлилчи ва лойиҳа асосчиларидан бири Роман Погорелий Курск областидаги вазиятни мураккаб деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россия у ерга кўплаб техникаларга эга 50 мингга яқин ҳарбийсини юборган ва ҳозирда захираларини жангга киритган. 

Погорелийнинг қўшимча қилишича, укриан ҳарбийларига радиоэлектрон кураш воситалари етишмаяпти. Ҳозирда энг қақшаткич жанглар эгаллаб олинган ҳудуднинг ғарбий қанотида кетмоқда, аммо шарқий қисмда сезиларли ўзгаришлар бор. Россия армияси у ерда Спалное ва Борки қишлоқларини тортиб олган ва УҚКни Плеховодан қувиб чиқаришни бошлаган. 

Bild эксперти Юлиан Репкенинг прогнозларига кўра, яқин вақт ичида Суджа учун жанглар бошланади. Унинг айтишича, ҳозирча «украинлар у ерда қанча туриб бера олиши, мудофаани қанчалик яхши тиклаганини» айтиш қийин, аммо вазият шундайки, россияликлар «секин-аста ўз чегаралари томон қайта ҳаракатланиб, УҚКни сиқиб чиқармоқда».


11 октябр куни Чеченистоннинг «Ахмат» махсус кучлари қўмондони Апти Алаудинов «Комсомолская правда» газетасига берган интервьюсида Россия Федерацияси аллақачон Курск областида 15 аҳоли пунктидан украиналик ҳарбийларни сиқиб чиқарганини айтганди.

Z-блогер Борис Рожиннинг ёзишича, Россия қўшинлари УҚК каби ғилдиракли эмас, балки гусеницали техникалардан фойдалангани боис устунликка эга бўлмоқда. ISW таҳлилчиларининг таъкидлашича, йўлларнинг йўқ қилиниши Курск областида қарши ҳужумни фаоллаштириш борасидаги Москва қарорига таъсир кўрсатган. Украинанинг «Айдар» баталони аскари Станислав Бунятовнинг қайд этишича, ноқулай об-ҳаво учувчисиз учиш аппаратлари ва ҳарбий техникалар ишига халқит бермоқда.

 

Мавзуга оид