Фронтдаги вазият: Россия Украина кучларини Курск областидан сиқиб чиқаришга уринмоқда, Вовчанск эса култепага айланган
Украина қўшини тез орада РФ ҳудудидан олиб чиқилишини кутиш мумкинми?
Россия армияси Украина қуролли кучларининг Курск областидаги мудофаасини қулата олмади. РФ қуролли кучлари бўлинмалари — десантчилар ва денгиз пиёдалари — иккинчи уринишда Зелений Шлях ва Новоивановка қишлоқларига етиб келишди. Бу Суджа атрофидаги украин мудофаасида муҳим тугунлар ҳисобланади. Улар эгаллаб олинган тақдирда, Россия қўшини Малая Локня қишлоғи томон ҳаракатланиб, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги плацдармининг бутун шимоли-ғарбий қисмини кесиб қўяди. Аммо ҳозирча Новоивановка эгалланмади, украин қўмондонлиги эса қўшинни қуршов хавфи остида олиб кетишга ҳаракат қилмаяпти.
Курск области
Украина қуролли кучлари Курск областидаги фронт бўйлаб мудофаага ўтди. Бир ҳафта олдин Россия захираларини ўзига жалб этиш мақсадида ҳужум қилинган Глушково посёлкаси атрофида ҳам энди РФ қўшини юриш қилмоқда.
Россия қўшини Любимовка қишлоғи ва Покровский хуторини эгаллашга муваффақ бўлди, жанубда эса — Украина қуролли кучлари Снагост дарёси ортига чекинтирилди. Шу билан бир вақтда, РФ қуролли кучлари Коренево посёлкаси томондан Новоивановка йўналишида ҳужумга ўтиб, ушбу қишлоқ чеккаларига етиб борган. Бу ерда Россия юриши Украина қуролли кучларининг етиб келган захиралари ёрдамида тўхтатилган.
Украинанинг Олговка ва Погребки қишлоқлари ҳудудидаги қўшини қуршов остида қолган — бу гуруҳ Лгов — Рилск йўли бўйлаб Курск области ичкарисига юришни ривожлантириш учун ташланганди, аммо аллақачон мудофаага ўтган. Катта хавфга қарамай, гуруҳ ҳали Суджа томон чекинишга шошилмаяпти. Шу билан бирга, унга таъминот етказиб бериладиган асосий йўл бўлган Коренево — Суджа трассаси РФ қуролли кучлари бўлинмалари томонидан тўсиб қўйилган.
Россия қўшини Суджага жануби-шарқдан ҳам босим қилмоқда. Плехово қишлоғи чеккаларида жанглар кетмоқда. Россиянинг яна бир гуруҳи Черкасская Конопелка қишлоғига яқинлашмоқда. Мақсад — Суми — Суджа йўли устидан оловли назорат ўрнатиш ва Украина қуролли кучларини Курск областидан чекинишга мажбур қилиш.
Покровск, Селидове ва Курахово
РФ қуролли кучлари Цукурино посёлкаси ва Островске қишлоғини эгаллаган. Уларнинг фронтнинг мазкур участкасидаги мақсади — Курахово сув омборига икки томондан: шарқ ва шимолдан етиб келиш экани кўриниб турибди.
Шарқда — Островске ҳудудида — вазифа амалда бажариб бўлинган. Катта эҳтимол билан, энди Россия қўшини мазкур плацдармни кенгайтиришга ва қўшни Максимиляновка қишлоғини эгаллашга ҳаракат қилади.
Цукурино эгалланганидан кейин Горняк ва Кураховка посёлкаларида мудофааланаётган украин қўшини оғир аҳволга тушиб қолган. РФ қуролли кучлари жануб томон юришда давом этиши уларни ўз позицияларини тарк этишга мажбур қилади.
Украина қуролли кучларининг Селидоведаги бўлинмалари ҳам қуршов хавфида қолган. РФ қуролли кучлари аллақачон шаҳарни шимол ва жанубдан айланиб ўтган.
Северск йўналиши
РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучларининг иккита «қалъаси» — Григоровка (Северский Донец дарёси соҳилида) ва Верхнекаменске (Лисичанск ва Северск оралиғида) устида байроқ кўтарди. Бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари тез орада ўзининг мазкур ҳудуддаги асосий таянчи — Лисичанск яқинидаги Билоҳоривка посёлкаси тепаликларини тарк этишга мажбур бўлади.
Шу билан бирга, «қалъалар» ҳудудида Россия байроқлари ўрнатилгани видеоси кўплаб баҳсларга сабаб бўлган. Бундан олдин РФ қўмондонлигининг Северск йўналишидаги аҳоли яшаш манзиллари эгаллангани ҳақидаги кўплаб баёнотлари ишончсиз бўлиб чиққанди. Бу сафар Верхнекаменскедаги бинога байроқ дрон орқали ўрнатилгани, Григоровкага — Украина қуролли кучлари фронтортига қайиқда сузиб борган махсус топшириқли жангчилар гуруҳи томонидан етказилгани айтилди. Кейинроқ Верхнекаменскеда бир гуруҳ ҳарбийлар байроқ ҳилпиратаётгани видеоси ҳам пайдо бўлди. Нима бўлганда ҳам, Северск атрофидаги вазият мавҳумлигича қолмоқда. Агар РФ қуролли кучлари юришни давом эттирса, бу Украина қуролли кучлари мудофаасида янги инқирозни келтириб чиқаради.
Вовчанск
Россия қўшини Волчя дарёси бўйидаги Вовчанск агрегат заводининг камида бир қисмини қайта эгаллаб олди.
Бир неча ҳафта муқаддам Украина қуролли кучлари завод харобаларини озод этганди, бунгача бу ерда бир неча юз нафар россиялик ҳарбий яримқуршов ҳолатида мудофаани ушлаб турганди. Шундан кейин РФ қўмондонлиги харобалар устига ўнлаб оғир авиабомбалар ташлаган ва украин бўлинмаларини чекинишга мажбур этган.
Катта эҳтимол билан, Вовчанск шаҳрини ҳам Марйинка тақдири кутмоқда: Донецк областидаги бу йирик район маркази кўп ой давом этган кўча жанглари ва икки томондан бомбардимон қилиниши туфайли ер билан яксон бўлганди.
Мавзуга оид
12:14
Украина илк бор КХДР аскарини асирга олди
21:05 / 28.12.2024
Зеленский: Путин Словакия бош вазирига Украинага қарши «иккинчи энергетика фронти» очишни буюрди
09:31 / 28.12.2024
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
08:56 / 28.12.2024