Жаҳон | 12:50 / 18.10.2024
3760
3 дақиқада ўқилади

Немис ҳарбий кемаси Ливан қирғоқлари яқинида дронни уриб туширди

БМТ миссиясидаги корвет Ўрта Ер денгизида яқинлашиб келган УУАни бартараф этди. Дрон минтақадаги можаро томонлардан бирортасига тегишли эканлиги маълум қилинмаган.

Фото: Stefan Sauer/dpa/picture alliance

17 октябр, пайшанба куни соат 7.00 лар атрофида БМТнинг UNIFIL қўшинлари таркибида Ливан қирғоқлари яқинида жойлашган Германиянинг Ludwigshafen am Rhein корвети яқинлашиб келган дронни қайтарди. Бу ҳақда dpa агентлиги Бундесвер қўмондонлиги вакили маълумотларига таяниб хабар берди. Дрон можаро иштирокчиларидан бирортасига тегишли эканлиги маълум қилинмаган, бироқ унинг қисмлари аллақачон денгизда топилган ва ҳозирда Германия ҳарбийлари томонидан текширилмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, учувчисиз учиш аппарати Нақураҳдан (Ливан жанубидаги кичик шаҳар, 1978 йилдан буён у ерда БМТ кучлари жойлашган) шимоли-ғарбда фойдаланилган ва қирғоқдан анча узоқда бўлган ҳолда кемага яқинлашган.

ГФР ва яна уч давлат Ливандаги БМТ аскарларига таҳдидни қоралади

Германия, Буюк Британия, Италия ва Франция ташқи ишлар вазирлари 14 октябр куни Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасидаги жанглар оқибатида Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларига юзага келаётган таҳдидни қоралади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) ходимларига қилинган ҳар қандай ҳужум «халқаро ҳуқуқни бузади», дейилади Анналена Бербок, Девид Ламми, Антонио Таяни ва Жан-Ноэл Барро қўшма баёнотида. Ташқи ишлар вазирлари «Исроил ва барча томонларни ҳар доим UNIFIL ходимлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга», шунингдек, БМТ кучларига «ўз мандатларини бажаришда давом этишларига имкон яратишга» чақирди, деб хабар беради AFP.

13 октябр куни Исроил мудофаа кучларининг (ЦАҲАЛ) Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларига ҳужуми Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел томонидан қораланган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг айтишича, бундай ҳужумлар «ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин».

14 октябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши «Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) томонидан Ливандаги UNIFIL бир нечта объектлари ўққа тутилганидан «жиддий хавотир» билдирди, деб хабар беради AFP. Ҳозирда Хавфсизлик Кенгашига раислик қилаётган Швейцария вакилининг қайд этишича, натижада бир неча тинчликпарварлар жароҳатланган.

Мавзуга оид