Фан-техника | 10:57 / 07.11.2024
12378
2 дақиқада ўқилади

АҚШда дунёдаги энг тезкор полиция машинаси тақдим этилди

Махсус ишлаб чиқилган Tesla Model S Plaid 2 сониядан ҳам камроқ вақт ичида 0 дан 100 км/соатгача тезликка чиқа олади.

Фото: Unplugged Performance

АҚШнинг Unplugged Performance компанияси Америка полицияси учун махсус ишлаб чиқилган Tesla Model S Plaid электромобилининг такомиллаштирилган версиясини намойиш этди. Компания таъкидлашича, янги маҳсулот дунёдаги энг тезкор полиция машинаси ҳисобланади.

Техник жиҳатдан Model S Plaid фуқаролик моделидан деярли фарқ қилмайди. Фақат тегишли ранг ва эшиклардаги ёзувлар уни ажратиб туради. Эшиклар остига ва олд ойна ичкарисига светодиодли милтилловчи чизиқлар ўрнатилган. Борт компютерига рация ва полиция учун зарур бўлган бошқа функциялар қўшилган. Ташқи динамик янада баландроқ қилинган, уни овоз кучайтиргич сифатида ишлатиш мумкин.

Tesla Model S Plaid 1020 от кучига эга бўлиб, 2 сониядан ҳам камроқ вақт ичида 0 дан 100 км тезликка чиқа олади. Электромобилнинг максимал тезлиги соатига 322 километрни, юриш масофаси эса 628 километрни ташкил этади. Ушбу суперкардан жиноятчиларни қувиб етиш ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини жиноят содир этилган жойга тезкор етказиш учун фойдаланиш мумкин.

АҚШ полицияси анчадан буён Tesla автомобилларини ишлатиб келади. Масалан, 2023 йилда Unplugged Performance компанияси модификация қилинган Tesla Model Y автомобилларини Калифорния штатидаги Анахайм шаҳри полициясига сотган. 2024 йилда компания бир қатор полиция бошқармаларидан Cybertruck йўлтанламасларига буюртмалар тушганини маълум қилди. Tesla компанияси бош директори Илон Маск ҳам автомобилдан полиция машинаси сифатида фойдаланиш ғоясини маъқулламоқда.

Мавзуга оид