Маск бор кучи билан республикачиларни тарғиб қилди. Трамп уни қандай тақдирлайди?
Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши унинг энг фаол тарафдорларидан бири, жаҳоннинг энг бой кишилари рўйхатини бошқариб турган Илон Маскнинг фойдасига ишлаши мумкин.
Америкалик миллиардер Илон Маскнинг бойлиги унинг Tesla компанияси акциялари ўсиши фонида 26,5 миллиард долларга ошган. Bloomberg маълумотига кўра, Трампнинг ғалабасидан кейин қимматли қоғозлар нархи 15 фоизга ошиб, ҳар бир акция учун 289 долларни ташкил қилди.
Сайловдан кейинги тунни Маск Трамп билан, унинг Флоридадаги Мар-а-Лаго курортида ўтказди ва сўнгги янгиликларни биргаликда кузатиб турди.
«Бугун Америка халқи [Трампга] ўзгаришлар учун мутлақ карт-бланш берди», — дея ёзган X ижтимоий тармоғи (собиқ твиттер) эгаси Трампнинг ғалабасига шубҳа қолмаганидан кейин ўзига тегишли платформада.
Палм-Бичдаги конференц-марказда қилган ғалаба нутқида Трамп бир неча дақиқа давомида йиғилганларга Маскни мақтаб, яқинда SpaceX ишлаб чиқарган ракета муваффақиятли қўнгани тўғрисида гапирди — бу ҳам Маскка тегишли яна бир компания.
Маск июл ойида республикачиларнинг Пенсилвания штати Батлер шаҳридаги митингда ўтказилган митинги чоғида содир этилган суиқасддан кейиноқ Трампнинг фаол тарафдорига айланганди.
Шундан кейин миллиардер унинг сайловолди кампанияси учун қарийб 120 млн доллар хайрия қилди.
У шунингдек сайлов кунидан олдинги ҳафталарда Трампга ғалаба зарур бўлган штатларда давоматни ошириш бўйича кампания ўтказиб, унинг доирасида штатлардаги сайловчилар орасида ҳар куни 1 млн долларлик лотерея ўйнашни йўлга қўйди. Филаделфия шаҳри округ прокурори Ларри Краснер Маскнинг сиёсий лотереясини «миллий сайловларга ҳақиқатда таъсир кўрсатиш учун мўлжалланган» фирибгарлик деб атади ва уни тўхтатишни талаб қилди. Аммо суд буни тақиқламади: миллиардернинг адвокатлари пул олувчилар тасодифан танланмаганига ишонтиришди.
Маск Трампни ўз номи, пуллари билан қўллаб-қувватлаб, ўз платформасини республикачиларга тақдим этгач, Трампнинг қайта сайланиши унинг энг ашаддий тарафдорига ёрқин истиқболларни очади.
Сайланган президент аллақачон ўзининг иккинчи муддатида Маскни маъмуриятига таклиф этиб, давлат органларидаги исрофгарчиликка чек қўйиш вазифасини топширишини айтган.
Маскнинг ўзи эҳтимолий ролини «Ҳукумат самарадорлиги департаменти» (Department of Government Efficiency) деб атаган, бу номнинг аббревиатураси у фаоллик билан тарғиб қилаётган DOGE криптовалютасига мос келади.
Тадбиркор ҳозирда ҳукумат сунъий йўлдошларини учириш бозорида доминантлик қилаётган SpaceX компаниясидаги улуши орқали ҳам Трампнинг президентлигидан ютиши мумкин.
Оқ уйда яқин иттифоқчига эга бўлган Маск ҳукуматдаги алоқаларидан қўшимча фойда чиқариб олишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин.
Аввал Маск рақобатчилари, жумладан Boeing компаниясидаги тузилмаларни улар олган давлат шартномалари учун танқид қилганди, унинг фикрича, бу шартномалар муддатлар бузилиши ва бюджет харажатлари ортиқча сарфланишини рағбатлантирган.
Бундан ташқари, яқиндан SpaceX жосус сунъий йўлдошлар яратиш билан шуғуллана бошлади, Пентагон ва Америка махсус хизматлари эса бундай лойиҳаларга миллиардлаб доллар ажратишга тайёр.
Маскка тегишли бўлган ва электромобиллар ишлаб чиқарадиган Tesla компанияси маъмурият шартномаларини ютиб олиш учун барча имкониятларга эга, Трамп эса «давлат томонидан тартибга солишни қисқартириш» ўз маъмурияти учун устувор вазифа бўлишини айтган.
Бундан ташқари, Трамп ўз сайлов кампанияси давомида корпорациялар ва бадавлат кишиларга солиқларни камайтиришни ваъда қилган. Маск эса бу ваъда бажарилишидан энг кўп манфаатдор одам бўлади.
Мавзуга оид
17:01
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:17
Трамп Пентагон раҳбари ўринбосари лавозимига миллиардер Файнберг номзодини илгари сурди
10:43
Трамп Путин у билан Украина масаласида учрашмоқчи эканини маълум қилди
18:07 / 22.12.2024