Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
Компания муваффақияти Доналд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловларидаги ғалабаси билан боғланмоқда. Tesla эгаси Илон Маск Трампнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади.
Трампнинг АҚШ президентлиги сайловларидаги ғалабаси фонида Tesla капитализацияси 1 триллион доллардан ошиб кетди, деб хабар беради Quartz.
Қайд этилишича, компания акцияларининг қиймати 2022 йил сентябрдан бери биринчи марта 300 доллардан қимматлашган — ҳозирда улар 313 доллар даражасида сотилмоқда. Охирги 12 кун ичида компания акциялари нархи 44 фоизга кўтарилган.
«Бундай ўсиш электромобиллар ишлаб чиқарувчисини дунёнинг энг қиммат компаниялари рўйхатида тўққизинчи ўринга олиб чиқди», — дейилади хабарда.
Компаниянинг муваффақиятли Доналд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловларидаги ғалабаси билан боғланмоқда. Tesla эгаси Илон Маск Трампнинг яқин иттифоқчиси бўлиб, энди у янги Ҳукумат самарадорлиги департаментини бошқаради (ушбу комиссия ҳукуматнинг тўлиқ аудитини ўтказади). Бундан ташқари, Маск Tesla’нинг ўсишига халақит бериб келаётган электрокарлар соҳасининг «ҳаддан ортиқ» назорат қилинишини қисқартиришни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Трампнинг қайта сайланиши унинг энг очиқ ва содиқ тарафдорларидан бири бўлган Илон Маск бойлигини 26,5 миллиард долларга кўпайтиргани тўғрисида хабар берилганди. Энди тадбиркорнинг давлати 290 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Bloomberg нашрининг таъкидлашича, 5 ноябр куни сайловнинг тезда якунлангани ва Трампнинг ғалабаси бўйича прогнозлар қимматли қоғозлар бозорини тезда ўстирди. Республикачилар вакили сайловолди кампаниясида дерегуляция билан боғлиқ сиёсатни ва бизнесни қўллаб-қувватловчи бошқа қонунларни ваъда қилгани боис, инвесторлар бу қимматли қоғозлар бозорига фойда келтириши мумкинлигини ҳис қилди.
Мавзуга оид
17:01
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:17
Трамп Пентагон раҳбари ўринбосари лавозимига миллиардер Файнберг номзодини илгари сурди
10:43
Трамп Путин у билан Украина масаласида учрашмоқчи эканини маълум қилди
18:07 / 22.12.2024