Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
10 ноябрга ўтар кечаси Россия Федерацияси Украинани «рекорд сондаги» учувчисиз учоқлар билан нишонга олди, деди Володимир Зеленский. Одесса, Киев ва Харкивга ҳужум қилинди.
10 ноябр, якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг йирик шаҳарларига учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳужум қилди. «Бу тунда Россия Украинага қарши рекорд миқдордаги «шаҳедлар» ва бошқа ҳужумкор дронларни учирди – 145 та», — деди Украина президенти Володимир Зеленский.
Одессада турар жой бинолари, дўконлар, гаражлар, автомобиллар зарар кўрди. УУА қулаган баъзи жойларда ёнғинлар содир бўлди. Одесса мэри Геннадий Трухановнинг сўзларига кўра, икки киши жароҳат олган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Киев осмонида Украина ҲҲМ кучлари ўнга яқин дронларни уриб туширди. Ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш икки марта эълон қилинган.
Кеча тунда Харкивга гибрид ракета ва «Гром-Е1» ҳаво бомбаси билан зарба берилган. У очиқ майдонга қулади ва парчалар турар жой биноларига зарар етказди. Харкив области прокуратураси эса уруш қонунлари ва одатларини бузганлик учун жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
«Ушбу ҳафта давомида 800 дан ортиқ бошқариладиган бомба, 600 га яқин ҳужумкор дрон ва 20 га яқин турли турдаги ракеталардан фойдаланилди», деди Володимир Зеленский.
Россия ҳар куни Украинага ҳаводан зарбалар бермоқда. Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, у фақат ҳарбий нишонларга ҳужум қиляпти. Шу билан бирга, Москва Украинадаги зарбалар натижасида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ва фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаяпти.
Мавзуга оид
12:55 / 21.12.2024
Татаристон бўйлаб дронлар ҳужуми кузатилди
15:33 / 18.12.2024
АҚШдаги сирли дронлар: улар ҳақида нималар маълум?
16:14 / 14.12.2024
ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин
15:12 / 13.12.2024