Ўзбекистон | 17:29 / 12.11.2024
3240
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди

Ўзбекистон раҳбари халқаро конференцияда глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича 5 та таклифни илгари сурди.

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбойжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP29) нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бораётганини, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

«Айниқса, камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтирмоқда. Буларнинг асоратларини Марказий Осиёда ўткир ҳис қилмоқдамиз. Иқлим муаммолари аҳолимизнинг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришда янги тўсиққа айланмоқда. Париж битими доирасидаги бош мақсадимиз – минтақада ҳаво ҳароратининг жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолишдир. Бу борада биз Ўзбекистонда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий олиб боряпмиз. 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиришни режа қилганмиз. Бу мажбуриятни 2050 йилга қадар янада кенгайтиришга тайёрмиз», деди Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, «Яшил» энергетика» улуши 40 фоизга етказилади. Электромобил ва «яшил» водород кластерлари, қуёш ва шамол генерация хаблари яратилади, «Яшил макон» дастури доирасида кўкаламзор ҳудудлар кескин кўпайтирилади.

Шавкат Мирзиёев конференцияда глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича 5 та таклифни илгари сурди.

«Биринчидан, ривожланаётган мамлакатларга иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш долзарбдир. Бу борада Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этишни таклиф қиламиз.

Иккинчидан, трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва барқарор биохилмахиллигини сақлашда ягона ёндашувлар зарур. Минтақамиз мисолида айтиб ўтмоқчиманки, бир авлод кўз ўнгида Орол денгизининг бутунлай йўқолиши сайёрамиз миқёсидаги фожиага айланди. Шу ўринда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқиш тарафдоримиз.

Учинчидан, кўп томонлама етакчи тузилмалар иштирокида ўсимликларнинг иқлим ўзгаришларига чидамлилигини ошириш учун Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ишга туширишни режа қилганмиз. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инновацион агросаноат хабини яратиш ташаббусини илгари сурамиз.

Тўртинчидан, иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши бўйича илғор билим ва амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари алянсини ташкил этишни ва унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказишни таклиф қиламиз.

Бешинчидан, келгуси йили 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида ўтказиладиган Рақамли «яшил» ташаббуслар глобал ёшлар фестивалида давлатларингиз вакилларини кутиб қоламиз», деди президент.

Давлат раҳбари, Ўзбекистон умумий фаровонлик ва «яшил» тараққиёт йўлида очиқ мулоқот ва шерикликка доим тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.

Мавзуга оид