Рубен Аморим — Роналду унга қўйган лақаб, янги услуб ва «МЮ»да нималарни ўзгартирмоқчилиги ҳақида
«Манчестер Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Рубен Аморим клуб бошқарувига келганидан кейинги биринчи интервьюсини «қизил иблислар» YouTube саҳифаси учун берди ва унда португалиялик мутахассис катта жамоани бошқариш олдидан кечираётган ҳиссиётлари ҳақида гапирган.
— Хуш келибсан, Рубен. Бу савол энг осони бўлса керак: нега «Манчестер Юнайтед»га қўшилдинг?
— Биринчи навбатда мен ўзимда клуб билан боғлиқликни ҳис қилдим. Клуб деганимда кўпчилик унинг бирлик сифатидаги сиймосини кўз олдига келтирган бўлса керак. Йўқ, аввало, мен унда ишлаётган инсонлар билан боғлиқликни туйдим ва бу мен учун жуда муҳим. Боиси, мен ўзим ёқтирадиган одамлар билан ишлашни ёқтираман. Иккинчи сабаб — клубнинг бой тарихи. Бу ерда ҳамма ғалабаларга ташна. Бундай клубда бўлиш орқали сен қандайдир алоҳида воқеаларнинг бир қисмига айлана оласан ва бу менинг танловимдаги асосий сабаблардан бири. Мен шунчаки қайсидир клубнинг навбатдаги мураббийи бўлишни ёқтирмайман, Манчестерда ҳам оддий мураббийлар ишламайди. Яна бир сабаб, албатта, мухлислар. Португалияда ҳам медиа жуда яхши ишлайди, бироқ бу ердаги билан солиштириб бўлмайди. Манчестер мухлисларининг клубга нисбатан жонкуярлиги, ўзини даҳлдордек сезиши ушбу клубни қолганлардан ажралиб туришининг асосий сабабидир.
— Сен клубдаги одамлар ҳақида гапирганда Омар, Ден ва Жейсонни назарда тутдингми?
— Албатта. Сэр Жим ва Сэр Дейвни ҳам эътироф этиш керак, бироқ юқоридаги 3 инсон менинг танловимда катта роль ўйнашди. Мен улар билан ўзимда қандайдир боғлиқлик ҳис қилдим. Менимча, улар билан ўхшаш вазиятдамиз: ҳеч биримизнинг келганимизга кўп бўлмаган ва ўзига хос клубда катта натижаларга эришмоқчимиз. Бу бизларни бирлаштириб турувчи муҳим нуқта.
— Криштиану сени шоир деб аташи ҳақида айтишади, шу ростми?
— Ҳа, лекин бу шунчаки ҳазил сифатида шаклланган нарса. Мен гапирганимда юрагимдан сўзлайман. Мени танийдиганлар буни яхши билади ва бу тахаллус шунчаки ҳазил тариқасида қўйилган.
— Сен «Олд Траффорд»да 2 марта ўйнагансан. Қандай хотиралар қолган?
— Жуда ҳам яхши эмас. Чунки мен бу ерда ғалаба қозонмаганман, менга ғолиб бўлиш ёқади. Менга ҳаётдан завқланиш муҳим, бироқ бунга ғалаба билан эришишни хоҳлайман. Мухлислар менинг ёдимда қолган. «Брага» билан келганимизда 2:0 ҳисобида ютаётгандик, кейин эса улар ишга тушишган ва ўша ўйинни бой берганмиз. Демакки, бу ўзига хос стадион.
— Энди мана шу трибуналар кучини мураббий сифатида ишлатишни истайсанми?
— Сен мураббий бўлсанг, футболдаги энг муҳим унсурдан унумли фойдалана олишинг керак. Ҳа, футболчилар майдонда ўйнашда давом этаверадилар. Бироқ стадиондаги атмосфера жуда муҳим ва у яхши бўлса, майдондаги йигитларнинг ўйини ўхшайди. Учрашувларда ғалабалар қозонишимиз учун мухлислар кўмагига муҳтожмиз.
— Кўриб турганингдек, стадион ажойиб. Бу ерда турар экансан, қандайдир ўзига хос бир қадамжода эканлигингни ҳис қиласан. Бу гўзалликнинг марказида бўлишдан қувонгандирсан?
— «Манчестер Юнайтед» мен билан гаплашганда, хусусан Омар менга клубнинг режалари ҳақида айтиб берганди. Улар учун мен биринчи рақамли даъвогар бўлганим мени фахрлантиради. Ўзига яраша маъсулияти ҳам бор, бироқ барибир бу каби катта бир воқеликнинг бир қисми бўлишдан ифтихор туйишинг табиий. Биз биламизки, жамоа ғалабаларга эриша бошласа, мухлисларнинг кайфияти ҳам яхшиланади ва улар янги ғояларга, ўзгаришларга, янги стадион қурилиши каби режаларга ишона бошлайдилар. Биз бу ердаги футболнинг моторимиз, «Манчестер Юнайтед» — Премьер-лиганинг юраги.
— Машғулот базаси ва ходимлар ҳақида илк таассуротларинг қандай? Албатта, «Олд Траффорд» энди сенинг уйинг, бироқ асосий ишни Каррингтонда бажарасан ва ушбу база ҳозирда қайтадан қуриб чиқилмоқда…
— Энг муҳими ўзингни клубга тегишли ҳис қилишингдир. Бахтимизга клубнинг бу борада ажойиб тарихи бор.
— Сен асосий жамоа ва академия ўртасида яхши боғламлар ярата олишинг билан машҳурсан…
— Мен учун бу муҳим. Ҳозир менинг келишим ортидан ҳамма 3-4-3 ёки 4-3-3 схемасида ўйнашим ҳақида гапиришмоқда. Лекин мен футболчиларга майдондаги жойлашув нуқтаи назаридан эмас, ҳарактер жиҳатидан қарайман. Биз қандай ўйнашимиз, қандай босим ўтказишимиз ҳақида ўйлашдан олдин футболчиларнинг клубга нисбатан қандай муносабатда эканлигига эътибор қаратишимиз керак. Мен клубда принципларни, мансубиятни ва ҳарактерни шакллантиришни истайман.
— Сенинг футбол фалсафангнинг асоси нимада?
— Бир сўз билан айтганда — жамоа. Жамоа — энг муҳими. Сен жамоа бўлиб ишлай бошласанггина, индивидуал маҳорат кўзга ташлана бошлайди. Лекин яна ҳам чуқурроқ тушунтириб беришим керак бўлса, менинг жамоаларимда ҳарактер бўлиши керак. Қандай ўйнашимиз, қандай курашишимиз мен учун муҳим. Мен футболчиларнинг ўз мансубиятини яхши англашини истайман. Қайсидир футболчи либосни кияр экан, «Манчестер Юнайтед» футболчиси эканини ҳис қилиши керак. Ҳамманинг бирдек ортга қайтиши, югуриши ва ўз ўйинидан роҳатланиши — мана шу менинг фалсафам. Одамларга ёқадигани бу — ғалабалар. Мен жамоам ва мухлислар билан ғалабаларга эришишни хоҳлайман. Бироқ бунга ўз йўлимизда ва бир ғоя ортида бирлашган ҳолда эришишимиз керак. Мана шу мен доим эътибор қаратадиган жиҳатлардир.
— Демак, мана шу принциплар сенинг шахсиятингнинг асосини ташкил этади. Биз сени кеча клубдаги ҳар бир ходим билан қўл бериб кўришиб чиққанингни кўрдик. Бу сен учун жуда муҳимми?
— Ҳа, чунки бу ишимнинг энг қизиқарли тарафи. Чунки мен катта клубнинг кичик бир аъзосиман, холос. Ҳа, футболда бош мураббий катта роль ўйнайди: сенинг қўлингда бутун бошли клуб бошқаруви бор. Лекин мен ниманингдир бир қисми бўлишни ниманидир бошқаришдан афзал кўраман. Шундай экан, мен ҳаммани бирга ишлашини истайман. Шу тариқа ишимиз анча қизиқарли ва осон кечади.
— Қандай меҳнат маданиятини шакллантиришни хуш кўрасан? Бу доим бир хил бўлганми ёки мураббий сифатида ривожланганинг сари у ҳам сайқалланганми?
— Сизлар балки менинг футболчилик фаолиятимни билмассиз, бироқ ўша даврда мен исталган позицияда тўп тепишга тайёр футболчи эдим. Мен чап ва ўнг қанот, марказий ҳимоя, яримҳимоя, вингер, 10-рақам ҳамда 8-рақам позицияларида ҳам ўйнаб чиққанман. Фақатгина дарвозабон ва страйкер ролида ўйнамаганман. Зеро мен жамоа ўйинчиси эдим. Ўша жамоа учун баъзида захирада ўтиришимга ҳам тўғри келарди. Шундай экан, мен қўл остимдаги йигитлар ҳис қилиши мумкин бўлган ҳар қандай нарсани биламан. Жамоа деганимда нафақат футболчилар, балки мухлисларни ҳам назарда тутяпман. Барчалари мен учун муҳим.
— Мавсум ярмида келар экансан, ўзинг учун нималарни асосий мақсад қилиб қўйгансан?
— Бизга вақт кераклигини биламиз, бироқ ўша вақтни юта билиш ўзимизнинг қўлимизда. Вақтдан ютиш учун эса жамоага ғалабалар керак. Лекин мен учун энг муҳими бу — ўзига хослик. Биринчи кунданоқ биз ўз услубимиз билан ишлай бошлаймиз. Албатта, учрашувларга тайёргарлик кўрамиз, бироқ энг асосийси, биз ўз ўйин моделимизни қуриш устида ишлаймиз. Қандай ўйнашимиз, қандай прессинг қилишимиз — майда нарсалар, бироқ мана шуларсиз иложи йўқ. Хуллас, биргина гапда тушунтиришим керак бўлса, менинг бирламчи мақсадим ўз услубимизни шакллантиришдир.
— Яна бир неча кунлардан кейин сенинг «Манчестер Юнайтед»даги дастлабки беллашувинг бўлиб ўтади. «Олд Траффорд»даги дебютингни анави трибунада турганча кузатаман. «Манчестер Юнайтед» мухлиси сифатида Рубен Аморим қўл остидаги жамоамдан қандай ўйин кутишим керак?
— Айтиш қийин. Сенга чиройли гапларни айтгим келяпти, лекин мен самимий инсонман. Менимча, сен ғояни кўрасан. Сенга ёқадими ёки йўқ, билмадим. Лекин уни кўрасан. Сен жойлашувни кўрасан ва келгусида нима шакллантирмоқчи эканлигимизни англайсан. Лекин бир нарсани қабул қилишимиз керакки, биринчи учрашувгача атиги 2та машғулот ўтказамиз, холос. Ва бу — дунёнинг энг яхши лигаси. Лекин яна сенга кафолат бериб айтаманки, ғоямизни дастлабки ўйинимиздаёқ кўра бошлайсан.
— Агар ғояни кўра олсак, уни сабр билан кутишга тайёрмиз. Тушуниб турибмизки, бу — узоқни кўзланган лойиҳа. Сенинг янги жамоангда жуда ёш футболчилар бор: Кобби, Амад, Гарначо, Расмус, Лени. Бу каби катта потенциалли футболчиларинг борлигидан хурсандмисан?
— Албатта. Мен бу йигитлар ёш эканлиги учун бизга вақт керак демайман. Улар тайёр. Улар «Манчестер Юнайтед» даражасида ўйнаш талабини бажара оладиган футболчилар. Улар шу ердаларми, бундай бўлишга мажбурлар. Биз ўйинлар орқали ўзимизга вақт ютишимиз, биринчи кундан янги услуб борасидаги қўрқув ва унга мослашмаганлигимиз ҳақида ўйламасдан майдонда ҳаракат қилишимиз керак. Бу ҳақида мен ўйламаяпман ҳам. Улар нима бўлган тақдирда ҳам, биринчи кунданоқ бизнинг ғоямиз билан ҳаракатлана бошлайдилар. Мана шу — бизнинг мақсад.
— Яхши, кел стадион ҳақида гаплашамиз. Кеча Жейсон билан — биз уни «Мистер Манчестер Юнайтед» деб атаймиз — бу ерда тур ўтказдинг. Ушбу кун ҳақида нима дея оласан?
— Бу ер бошқача. Ҳа, Каррингтонда ҳам клуб аурасини ҳис қиласан, бироқ «Олд Траффорд» умуман бошқача. Титулларни ва клуб сифатидаги фожиамизни кўрасан. Тарихни, айниқса ўша даҳшатли авиаҳалокатдан кейин оёққа туриб яратилган тарих жуда ажойиб ва биз жамоамизга мана шундай меросни сингдира олишимиз керак. Бу клубга футболчилар келар экан, худди мен билан бўлганидек Жейсон ҳамроҳлигида мана шундай турни ўтказишлари керак. Бу жуда муҳим унсур, улар бу «Манчестер Юнайтед» эканлигини ҳис қилишлари керак. Тушунаман, узоқ йиллардан бери ютқазаверсанг, буни йўқотишни бошлайсан. Шундай экан, сен футболчиларга йўллаётган гапларингдаги фикрлар борасида жуда ҳам аниқ ишлашинг керак. Шунинг учун ҳам, барча футболчиларни мана шундай турлар орқали ушбу ҳисни қайта тиклашга мажбур қилишимиз керак.
— Демак, сен тарих жамоани илҳомлантириши керак, деб ҳисоблайсан?
— Буниси аниқ. Мана шунинг учун ҳам биз «Манчестер Юнайтед»миз. Мана неча йилдирки, биз Премьер-лигани ютмадик, бироқ исталган инсондан сўрасанг ҳам билади: «Манчестер Юнайтед» — Премьер лиганинг энг яхши клуби. Балки, ҳозир ўз тарихимизга хос натижалар қайд этмаётгандирмиз, лекин футболчилардаги бу муаммони эътироф этишимиз ва уни ўзгартириб, ғалаба қозонишни бошлашимиз керак.
— Кел, сенинг барча «Манчестер Юнайтед» мухлисларига йўллайдиган фикрларинг билан буни якунлаймиз.
— Бу — катта маъсулият. Аввало, мен бу ердалигимдан фахрланаман. Бу мен учун ягона йўл эди, чунки бу клуб қанчалик катта эканлигини ҳис қила оламан. Мен жамоа учун барча ишни қиламан. Ўз футболчиларимни барчадан ҳимоя қиламан, агар шу лозим бўлса. Бу мен учун муҳим. Ва ушбу клубни ўзи муносиб бўлган жойга қайтариш учун қўлимдан келганини қиламан.
— Омад.
— Катта раҳмат.
Абдулбасит Валихонов таржимаси
Мавзуга оид
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
10:17 / 05.12.2024
Мбаппе яна уялтирди, «Ливерпул» қоқилди. Кун ўйинлари
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
16:05 / 08.11.2024