Ўзбекистон | 11:45 / 26.11.2024
1696
1 дақиқада ўқилади

Хитой Бухорода оқова сувларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқчи

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Хитойнинг етакчи PK Envoronment Corp. компанияси бош менежери Юбин Вон билан онлайн шаклда учрашув ўтказдилар.

Фото: "Дунё" АА

Музокаралар Ўзбекистон ҳудудларида чет эл капитали асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида уюштирилди.

PK Envoronment Corp. компанияси Хитойнинг сув етишмовчилиги кузатилаётган ҳудудларида инновацион "яшил" технологиялардан фойдаланган ҳолда кичик, ўрта ва йирик қувватдаги қайта ишлаш иншоотларини қуриш тажрибасига эга.

Бош менежер Юбин Вон таъкидига кўра, компания томонидан амалга оширилган лойиҳалар экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, маҳаллий аҳоли ва табиатга зарар етказмаслиги билан ажралиб туради.

Учрашув давомида Ўзбекистонда, хусусан Бухоро вилоятида маиший чиқиндилар ва оқова сувларни қайта ишлаш, уларни зарарсизлантириш орқали қайта ишлатиладиган сув ресурслари билан таъминлаш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.

Вилоятнинг ушбу соҳадаги ҳолати ва истиқболларини ўрганиш мақсадида компания мутахассисларининг мамлакатга сафарини амалга оширишга келишиб олинди.

Мавзуга оид