Жаҳон | 07:51 / 29.11.2024
6193
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашди

Гуржистон хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Намойишчилар баррикадалар қурмоқда.

Фото: AP

Гуржистон хавфсизлик кучлари 28 ноябр, пайшанба куни кечқурун Тбилиси марказида тўпланган намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги махсус воситалардан фойдаланиш ҳақида огоҳлантириб, митинг «йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун доирасидан ташқарига чиққанини» маълум қилди.

Намойишчилар парламентга туташ ҳудуддан сиқиб чиқарилди. Айрим намойишчилар Гуржистон парламенти олдидаги майдонга қайтишга ҳаракат қилмоқда. Бир қанча намойишчилар гимназия яқинида тўпланиб, баррикадалар ўрнатишга киришдилар, деб хабар бермоқда Paper Kartuli Telegram-канали. Гуржистон пойтахти марказида вақти-вақти билан намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилмоқда. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томон турли хил нарсаларни улоқтирган, натижада ИИВнинг уч нафар ходими жароҳатланган. Улардан икки нафари касалхонага ётқизилган. Намойишчиларнинг баъзилари дубулға билан жиҳозланган, уларнинг бир қисми ниқоб таққан.

ОАВ намойишчилар жабрлангани ва ушлангани ҳақида хабар берди

Ўз навбатида, Гуржистон ОАВ кўздан ёш оқизувчи газ ва қалампир газидан фойдаланиш натижасида намойишчилар жабрланганини хабар қилмоқда. Mtavari Arkhi нашрининг хабар беришича, «Ўзгаришлар коалицияси» етакчиларидан бири Элене Хоштария жароҳатланган.

Netgazeti хабарига кўра, нашр мухбирига қалампир гази қўлланган. У, шунингдек, етти нафар жабрланган намойишчининг суратларини чоп этди.

TV Pirveli раҳбарияти оператор Нико Кокая билан содир бўлган воқеа учун Ички ишлар вазирлиги раҳбари Вахтанг Гомелаурини жавобгар сифатида кўряпти. Дастлабки маълумотларга кўра, жанжал пайтида у бошидан жароҳат олган, шунингдек, кўздан ёш оқизувчи газдан заҳарланган.

Намойишчиларнинг қаттиқ тарзда қўлга олингани ҳақида хабарлар бор.

Мавзуга оид