Жаҳон | 16:09 / 30.11.2024
2352
4 дақиқада ўқилади

Париждаги машҳур Нотр-Дам соборида 5 йиллик реставрация якунланди — суратлар

Франция президенти Эммануэл Макрон соборни бориб кўрди. Унинг айтишича, ибодатхона гўё қайтадан яратилгандек, жуда улуғвор кўринади. Расмий очилиши маросими 7 декабрда ўтказилади.

Дунёдаги энг машҳур ибодатхоналардан бири ва Парижнинг рамзи бўлган Нотр-Дам собори беш йилдан ортиқ давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг қайта очилишга тайёр. Ибодатхонада 2019 йилда вайронкор ёнғин юз берганди. 29 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон камералар кузатувида ибодатхонани зиёрат қилди. BBC янгиланган зиёратгоҳнинг илк тасвирлари билан бўлишди.

Нотр-Дам ибодатхонасининг расмий очилиши 7 декабрга белгиланган. Маросим катта тантана билан ўтказилиши кутилмоқда.

Фото: Reuters
Фото: AFP
Фото: STEPHANE DE SAKUTIN/POOL/AFP

Ибодатхона бўйлаб сайрда Макронга рафиқаси Брижит ва Париж архиепископи Лоран Улрих ҳамроҳлик қилди. Ёнғин содир бўлган куни Франция президенти тарихий бинони тўлиқ қайта тиклаш ва бу ишни ўз президентлиги даврида амалга оширишга ваъда берганди. Кўп йиллик таъмирлаш ишлари давомида у қурилишга бир неча бор ташриф буюриб, жараённи назорат қилди.

Париж соборининг энг машҳур хусусиятларидан бири улкан атиргул шаклида ишланган витражли деразалардир. Деразаларнинг асл нусхалари XIII асрга бориб тақалади, бироқ уларнинг фақат бир қисми шу кунгача етиб келган. Кўплаб витражлар олдинги ёнғинларда йўқ қилинган. Охирги ёнғинда нечта дераза қанчалик зарар кўргани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ, аммо тасвирларда уларнинг бир қисмини кўриш мумкин.

Фото: STEPHANE DE SAKUTIN/POOL/AFP

Реставрация ишларининг белгиланган муддатда якунланиши бинони беш йилда тиклашни ваъда қилган Эммануэл Макроннинг шахсий ғалабаси бўлди. Унинг айтишича, ибодатхона гўё қайтадан яратилгандек, жуда улуғвор кўринмоқда.

Ибодатхонани таъмирлаш мамлакатга 700 миллион еврога тушди. Бу маблағнинг бир қисмини хусусий сармоядорлар тақдим этган. Лойиҳа меъморларининг айтишича, том ёпиш ишлари учун керакли ёғоч, асосан эман, бутун Франция бўйлаб йиғилган. Ибодатхонанинг айнан шу қисми - том ва минора қайта тиклашда энг катта муаммо бўлган. Ишларга 250 та қурилиш компанияси ва юзлаб мутахассислар жалб этилди.

Фото: EPA 
Фото: CHRISTOPHE PETIT TESSON/POOL/AFP

2019 йилги ёнғин

Париждаги ибодатхонада 2019 йил 15 апрел куни катта ёнғин содир бўлди. Олов ибодатхонанинг томини, соат ва минорани, шунингдек, конструкциянинг ёғоч қисмларини йўқ қилди. 500 дан ортиқ ўт ўчирувчилар тўққиз соатдан кўпроқ вақт давомида аланга билан курашди.

Бугун Нотр-Дам ибодатхонасининг машҳур минораси яна Париж узра қад кўтариб турибди. Минора дастлаб XII асрда қурилган. Ибодатхонанинг кўп асрлик қурилиш ва қайта қуриш тарихи давомида у бир қанча ўзгаришларга учради. Жумладан, Франция инқилоби пайтида бузиб ташланиб, 1860 йилларда қайта тикланди. Миноранинг баландлиги 96 метрни ташкил этади.

Хабарларга кўра, яқин кунларда соборга инвесторларнинг махсус буюртмаси бўйича тайёрланган мебеллар етказиб берилади. Интерьернинг қолган қисмлари ялтираб турадиган даражада тозаланиб, 7 декабрдаги тантанали очилиш маросими ва яқинлашиб келаётган Рождество ибодатларига тайёр ҳолга келтирилган.

Мавзуга оид