Ўзбекистон | 08:50 / 06.12.2024
8109
1 дақиқада ўқилади

98 млн сўмлик газ баллонларини бошқаларга бериб юборган тумангаз ходимлари ушланди

Фарғона ва Андижон вилоятларида суюлтирилган газ ва газ баллонларини талон-торож қилиш ҳолатлари фош этилди. 

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, “Олтиариқтумангаз” газ таъминоти бўлими масъул шахслари 153 та аҳоли хонадонига гўёки 2998 та газ баллонларида 1 кг учун белгиланган 1600 сўмдан, жами 58 520 кг суюлтирилган газ етказиб берилгани ҳақида электрон дастурга сохта маълумотлар киритган

Амалда эса газ тўлдирилган баллонларни қиммат нархларда бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 262 миллион 4 минг сўм нақд пулни талон-торож қилган.

Шунингдек, “Булоқбошитумангаз” газ таъминоти бўлими масъул шахслари ўзларининг моддий жавобгарлигида бўлган умумий баҳоси 98 млн сўмлик жами 235 дона суюлтирилган газ баллонларини ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқа шахсларга бериб юборган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид