Жаҳон | 17:01 / 09.12.2024
7006
2 дақиқада ўқилади

Қирғиз ҳукумати «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши учун ер ажратди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида 44,29 гектар ер темир йўл қурилиши учун тақсимланди.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши учун Қирғизистонда ер ажратилди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров тегишли қарорни имзолади, деб хабар берди 24.kg.

Ҳужжат Жалолобод шаҳридаги ер майдонларини халқаро лойиҳани амалга ошириш учун трансформация қилишни тартибга солади. Қарорда қишлоқ хўжалиги ва сув фонди тоифаларидан 44,29 гектар ерни «саноат, транспорт, алоқа, энергетика, мудофаа ва бошқа мақсадлардаги ерлар» тоифасига ўтказиш назарда тутилган, жумладан: 36,55 гектар суғориладиган экин майдонлари; 7,54 гектар лалмикор ер; 0,2 гектар ботқоқлар.

Жалолобод шаҳри маъмуриятига ер участкаларини рўйхатга олиш ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, қишлоқ хўжалиги ерлари давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий мулкдаги ер майдонларини эквивалент ер участкаларига алмаштиришни таъминлаш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик ҳужжатларини тасдиқлаш топширилди. Ерлардан нотўғри фойдаланилган ёки ўзлаштирилмаган тақдирда, уларни олиб қўйиш таъминланади.

2022 йил сентябрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой 454 километрлик темир йўл линияси бўйича келишиб олди. Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг қўшма лойиҳа кампаниясидаги улуши 24,5 фоиздан, Хитой эса 51 фоиздан иборат бўлади. Қирғизистон темир йўл қурилишига 11 миллиард сўм сармоя киритади.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши 2024 йил октябр ойида бошланган.

Мавзуга оид