Жаҳон | 11:20 / 13.12.2024
21868
7 дақиқада ўқилади

Украина Таганрогга ATACMS билан зарба берди, АҚШдагилар «Орешник» билан жавоб берилишини кутмоқда

РФ мудофаа вазирлиги Ростов области Таганрог шаҳридаги аэродромга ATACMS ракеталари билан зарбалар берилгани ва «шахсий таркиб орасида жабрланганлар борлиги»ни маълум қилиб, «ҳужум жавобсиз қолдирилмаслиги» билан таҳдид қилган.

Фото: AFP

РФ мудофаа вазирлиги 11 декабрга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Американинг ATACMS ракеталари билан Таганрогдаги ҳарбий аэродромга зарба йўллаганини маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, украиналик ҳарбийлар олтита ракета қўллаган, шундан иккитаси «Панцир» зенит-ракета комплекслари орқали уриб туширилган, қолган тўрттаси эса «радиоэлектрон кураш воситалари билан мўлжалдан оғдирилган».

Россия ҳарбий идорасига кўра, ракета зарбаси оқибатида «аэродромнинг техник ҳудудидаги иккита бино ва учта ҳарбий машина, шунингдек, аэродромга туташ автотураргоҳдаги фуқаролик автомобиллари енгил шикастланган».

Шу билан бирга, РФ мудофаа вазирлиги баёнотида «ракета парчалари тушиши оқибатида шахсий таркиб орасида жароҳатланганлар борлиги» айтилган. Қурбонлар ҳақида расмий маълумот келтирилмаган.

Astra Таганрог шифохонасидаги манбасига асосланиб, ракета зарбаси оқибатида 26 нафар ҳарбий хизматчи яралангани, бир киши ҳалок бўлганини ёзган. Нашр версиясига кўра, 11 декабрга ўтар кечаси авиагуруҳлардан бири жойлашган авиатаъмирлаш заводига Украина қуролли кучлари томонидан йўлланган зарба оқибатида яна 15 нафар ҳарбий хизматчи яраланган. Ҳозирча бу маълумот бошқа манбалар орқали тасдиқланмаган.

Маҳаллий расмийлар чоршанба куни берган маълумотда ҳужум оқибатида 27 та кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти узилгани айтилганди.

Украина қуролли кучлари Ростов области бўйлаб учирган ATACMS ракетаси қолдиғи

РФ мудофаа вазирлиги Таганрогга ҳужум «жавобсиз қолдирилмаслиги, тегишли чоралар кўрилиши»дан огоҳлантирган.

Associated Press ва Reuters агентликлари америкалик мулозимларга таянган ҳолда АҚШ разведкаси Россия «яқин кунларда» Украинага зарба бериш учун «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасидан яна фойдаланиши мумкинлигини кутаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Шу билан бирга, Reuters суҳбатдоши Россиянинг янги ракета комплекси қўлланиши фронтдаги вазиятни жиддий ўзгартира олмаслигини айтган.

«Биз „Орешник“ жанг майдонидаги кучлар нисбатини чинакамига ўзгартира оладиган омил эмас, деб ҳисоблаймиз. Бу кўпроқ Россиянинг Украинани қўрқитишга бўлган навбатдаги уриниши ва бу уриниш муваффақиятсиз бўлади», — дея Вашингтондаги манбасидан иқтибос келтирган агентлик.

Associated Press манбаси эса Россияда «фақат бир нечта» шундай ракета бор ва уларнинг жанговар каллаклари россиялик ҳарбийлар мунтазам равишда Украинада қўллаб келаётган ракеталарники каби вайронкор эмас.

Воқеалар ривожи

Россия илк бор 21 ноябр куни Днипро бўйлаб зарбада «Орешник» баллистик ракетасидан фойдаланганди. Владимир Путин ўшанда Россия ҳарбий саноатининг бу янги ишланмаси экани, унинг қўлланиши — украинлар Россия ҳудудига Американинг ATACMS ва Британиянинг Storm Shadow ракеталари билан ҳужум уюштирганига жавоб бўлганини айтганди.

Бунга қадар «Орешник» ҳақида ҳеч нарса маълум эмасди. Путиннинг сўзларига кўра, Днипрога ҳужумда «ядросиз» ракета учирилган. Россия президенти «Орешник» ракеталарига қарши турадиган воситалар ҳозирда мавжуд эмаслигини таъкидлаган. «Ракеталар 10 мах тезликда нишонга зарба беради, бу сониясига 2,5-3 километр дегани. Дунёда мавжуд замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва америкаликлар Европада яратаётган ракеталарга қарши мудофаа тизимлари бу турдаги ракеталарни тутиб қола олмайди», — деганди Путин.

Бир ҳафта ўтиб Путин «Орешник» орқали «Киевдаги қарор қабул қилиш марказларига зарба йўллаш» билан таҳдид қилди. 

«Бизга Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган узоқ масофали ракеталар билан зарбалар беришда давом эттирилса, биз «Орешник» ракетасини жанговар ҳолатда синашда давом этамиз. Худди 21 ноябрда синаб кўрганимиз каби...

Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб Украинадаги нишонларни сараламоқда. Булар ҳарбий объектлар, катта саноат корхоналари ёки Киевдаги «қарор қабул қилиш марказлари» бўлиши мумкин.

«Орешник»ни серияли тарзда ишлаб чиқариш бошланган. Бу ракета чуқурликда жойлашган, юқори ҳимояга эга объектларни ҳам йўқ қилишга қодир. Барча нарсани кулга айлантиради. Уни гуруҳли тарзда отишда ракета кучи ядро қурол қўллаш каби таъсирга эга бўлади. Украинага олиб келинадиган ҳеч қандай замонавий қурол жанг майдонидаги вазиятни ўзгартирмайди» — деганди 28 ноябр куни Путин Остонада бўлиб ўтган КХШТ саммитида.

27 ноябр куни Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Чарлз Браунга қўнғироқ қилди. Герасимов ва Браун «бир қатор глобал ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Украинада давом этаётган можарони муҳокама қилишди», деди ШБҚ раҳбари вакили Жерил Дорси.

«Генерал Герасимовнинг илтимосига кўра, генерал Браун бу қўнғироқ ҳақида оммага маълумот бермасликка рози бўлди», деб қўшимча қилди Дорси. Расмийларга кўра, суҳбат чоғида Герасимов Америка томонига «Орешник»нинг учирилиши Жо Байден маъмурияти Украинага Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун ATACMS баллистик-тактик ракеталаридан фойдаланишга рози бўлишидан анча олдин режалаштирилганини айтган.

10 декабр куни Россия президенти Владимир Путин «Орешник» ракетаси пайдо бўлиши билан ядро қуролидан фойдаланиш зарурати сезиларли даражада камайганини айтди. «Биз ядровий доктринамизни кучайтирмаяпмиз, уни такомиллаштиряпмиз. Шундай қилиб, умуман олганда, биз энди ядровий доктринани эмас, балки «Орешник»ни яхшилашимиз керак. Чунки, ушбу замонавий қурол тизимларининг етарли сони шунчаки ядро қуролидан фойдаланишнинг деярли ҳожати йўқлигини таъминлайди», деди у.

Мавзуга оид