Ўзбекистон | 16:01 / 16.12.2024
1329
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Суҳбат чоғида сиёсий, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни изчил давом эттириш, минтақада барқарорлик ва иқтисодий интеграцияга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир Хаважа Асиф Ўзбекистон президентининг минтақада тинчлик ва иқтисодий тараққиётга эришиш борасидаги ташаббусларини, илгари сураётган йирик инфратузилмавий лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, Тошкент минтақавий боғлиқликнинг чинакам марказига айланганини қайд этди.

Покистоннинг Ўзбекистон билан стратегик алоқаларни янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётгани, муштарак тарих, диний қадриятлар, ўхшаш маданият ва анъаналар яқин ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси эканлигига урғу берилди.

Трансафғон темирйўли лойиҳасининг амалга оширилиши минтақадаги ўзаро савдо ва иқтисодий интеграция жараёнларига янгича тус бериши, транспорт-логистика тизимини бойитиши, долзарб ижтимоий лойиҳаларга асос бўлиши, аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилиши, иштирокчи давлатларга моддий ва стратегик манфаат келтириши эътироф этилди.

Томонларнинг кириш визаларини расмийлаштириш тизимини соддалаштиргани, "Тошкент – Лаҳор" йўналишидаги ҳаво қатновининг қайта тиклангани турли соҳалардаги муносабатларни янада жадаллаштиришга замин яратиши таъкидланди.

Учрашувда, шунингдек, икки мамлакат Мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва кун тартибидаги долзарб масалалар, қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Мавзуга оид