Ўзбекистон | 14:51 / 17.12.2024
893
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Сурхондарёда логистика маркази яратишни таклиф қилди

Мамлакат элчихонаси томонидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми онлайн шаклда ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Сурхондарё вилояти ва Венгрия ишбилармонлари вакиллари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларни кенгайтиришдан иборат бўлди.

Форумда Венгриянинг "OTP Банк Груп", "Гедеон Рихтер", "Эгис", "Спектрум", "OTP Грин Фанд" каби етакчи компаниялари, Венгрия қишлоқ хўжалиги университети ва бошқа йирик корхоналар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан эса 20 дан ортиқ компания ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.

Бизнес-форум доирасида Венгриянинг "OTP Банк Груп" компанияси Ўзбекистон бозорига чиқиш, жумладан, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режасини тақдим этди. Бундан ташқари, "OTP Грин Фанд" нинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар Сурхондарё вилоятида 29 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифларни кўриб чиқдилар. Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва логистика соҳаларидаги лойиҳалар алоҳида қизиқиш уйғотди. Будапешт Савдо-саноат палатаси вакиллари "Айритом" эркин иқтисодий зонаси орқали фармацевтика маҳсулотларини сақлаш ва экспорт қилиш учун логистика марказини яратишни таклиф қилди.

Тадбир якунида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва Ўзбекистондан Венгрия бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Мавзуга оид