Жаҳон | 00:45 / 17.12.2024
2220
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ гуржистонлик дипломатлар учун визасиз режимни тўхтатиб қўйди

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари дипломатик паспортга эга гуржистонлик амалдорлар учун визасиз режимни тўхтатишга келишиб олди. 

Фото: Reuters

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Калласнинг сўзларига кўра, энди Еврокомиссия ушбу таклифни иттифоққа аъзо давлатларга тасдиқлатиш учун тақдим этиши керак.

Дипломатлардан бирининг айтишича, мазкур чора-тадбирлар «оддий фуқароларни жазоламаган ҳолда» гуржистонлик сиёсатчиларга таъсир ўтказишга қаратилган. Шунингдек, Калласнинг маълум қилишича, вазирлар «тинч намойишчиларга қарши зўравонлик ортида турган» амалдорларга қарши санкциялар қўллашни муҳокама қилган, аммо якуний қарорга кела олмаган. Виза режимининг жорий этилишини у «рамзий биринчи қадам» деб атади.

«Жуда қизғин мунозара бўлиб ўтди, шунингдек, бундан кўпроқ ишни қилиш истаги бор эди», — дейди Каллас.

Гуржистон 2023 йилда Европа Иттиқофи аъзолигига номзод мақомини қўлга киритган эди. 2024 йил ноябрда ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 2028 йилга қадар иттифоққа қўшилиш бўйича музокаралар жараёни тўхтатилганини маълум қилди. Шундан кейин Тбилисида норозилик намойишлари бошланди ва уларни бостириш учун куч тузилмалари водомёт ҳамда кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланди. Бир қатор давлатлар, жумладан, Латвия, Литва, Эстония ва Украина гуржистонлик амалдорларга қарши санкциялар жорий этди.

Мавзуга оид