Анапа яқинида мазут билан ифлосланиш майдони деярли 50 кмга ошди
"Кедр.медиа" хабарига кўра, Анападаги пляж мавсуми нефтнинг тўкилиши туфайли икки йилга тўхтаб қолиши мумкин.
Мазутнинг тўкилиши натижасида қирғоқ чизиғининг нефт маҳсулотлари билан ифлосланиши Темрюк райони ва Анапада 49 кмгача ошди. Бу ҳақда 18 декабр, чоршанба куни Краснодар ўлкаси тезкор штабининг Telegramʼдаги саҳифасида маълум қилинди.
15 декабр куни Россиянинг икки юк кемаси Қрим қирғоқлари яқинидаги Керч бўғози яқинида чўкиб кетди. Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, "Волгонефть 212" танкери шикастланган ва қумлоққа ўтириб қолган, "Волгонефть 239" эса зарар кўрганидан сўнг "дрейфга тушган".
Вице-губернатор Александр Нестеренко Анапа шаҳрида оператив штаб йиғилишини ўтказди.
Ифлосланиш зонаси тўрт секторга бўлинган
Ифлосланган ҳудудлар тўрт секторга бўлинган — бири Соленое кўлидан Веселовка қишлоғигача, Бугаз ҳудудидан Благовешченскоедаги марказий пляжгача, ушбу пляж ва Витязево қишлоғи ўртасида, ушбу аҳоли пункти пляжидан Анапа марказий пляжигача.
Ишда шаҳар қутқарув хизмати, минтақавий "Кубань-СПАС" жамоаси, "Черномортранснефть" ва КТК компаниялари, шунингдек кўнгиллилар иштирок этмоқда. Анападан нефт маҳсулотларини олиб чиқиш учун 15 самосвал жўнатилди. Кўнгиллилар учун респираторлар ва баланд резина пойабзал қидирилмоқда.
Мазут махсус қайта ишлаш учун Белий хуторига етказилади. Темрюк райони ва Анапада қум билан қарийб 80 тонна нефт маҳсулотлари йиғилди, дея хабар берди тезкор штаб. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, хавфли зонада 10 минггача парранда бор.
Анапада соҳилдаги нефт маҳсулотлари туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди
Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Анапа шаҳрида 15 декабр куни Қрим қирғоқлари яқинида икки танкернинг ҳалокатга учраши оқибатида қирғоқ чизиғига нефт маҳсулотлари чиқиши муносабати билан фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда 17 декабр куни Анапа мэрияси Telegramʼда маълум қилди.
«Губернаторнинг топшириғига кўра, воқеа жойига тезкор штаб жойлаштирилди, оқибатларини бартараф этиш бўйича операция ўтказилмоқда, қутқарув хизматлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучлари, казаклар ва кўнгиллилар жалб қилинди», — дейилади ушбу постда.
Ўз навбатида, Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратевнинг Telegramʼда маълум қилишича, воқеа жойида оператив хизматлардан 267 киши ишламоқда, 50 та техника жалб қилинган.
Мавзуга оид
15:36
Қора денгиз соҳилларини мазут қоплади — танкерлар ҳалокати оқибатлари фотосуратларда
12:26
Анапа яқинида танкерлар ҳалокатга учраганидан кейин 11 та ўлик делфин топилди
11:15 / 18.12.2024
Анапада соҳилдаги нефт маҳсулотлари туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди
22:50 / 16.08.2024