Жаҳон | 11:53 / 27.12.2024
1486
3 дақиқада ўқилади

Словакия РФ ва Украина ўртасидаги музокаралар учун платформа таклиф қилди

Путиннинг сўзларига кўра, Словакия бош вазири Фицо ўз мамлакатини тинчлик музокаралари учун платформа сифатида таклиф қилган. РФ президентининг қўшимча қилишича, Россия «агар иш шунгача бориб етса», бунга қарши эмас.

Фото: Artyom Geodakyan/TASS/IMAGO

Словакия бош вазири Роберт Фицо Россиянинг Украинага қарши урушини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ўз давлати ҳудудида музокаралар ўтказишни таклиф қилди, деди Россия президенти Владимир Путин. «Ўтказилиш жойига келсак, у (Фицо) агар гап музокаралар ҳақида кетса, ўз мамлакати бундай музокаралар олиб бориш учун платформа яратишдан мамнун бўлишини айтди», — деди Путин 26 декабр, пайшанба куни Минскда Олий Евросиё иқтисодий кенгаши саммити якунида

Кремл раҳбарининг сўзларига кўра, Россия бу таклифга рози. «Ҳа, биз бунга қарши эмасмиз. Словакия бизнинг нуқтайи назаримиздан шундай нейтрал позицияни эгаллаб турибди». Путиннинг таъкидлашича, Фицо Москвага ташрифи чоғида «биринчи навбатда Украина йўналишида тинчлик келишуви ҳақида гапирган».

Россиялик журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Путин Россия урушни тугатишга интилаётганини, аммо 2025 йилда «Махсус ҳарбий операциянинг барча вазифаларини ҳал этишда» давом этишини айтди.

Зеленский: Словакия Россия гази учун суверенитет билан тўлайди

Украина президенти Володимир Зеленский Словакия бош вазири Роберт Фицонинг Москвага ташрифи ва унинг Россия президенти Владимир Путин билан яккама-якка музокараларини кескин танқид қилди. «Таъкидлаш жоизки, Москвадаги учрашувдан кейин Фицо ва Путин қўшма баёнотлар бермади ва оммавий ахборот воситаларининг саволларига жавоб бермадилар, улар жамоатчиликнинг реакциясидан қўрқишади », деб ёзди Зеленский 23 декабр куни Х ижтимоий тармоғида.

Фицонинг бир кун аввал бўлиб ўтган ташрифи ҳақида аввалроқ эълон қилинмади, унинг Путин билан суҳбати тафсилотлари келтирилмади, бироқ бундан олдин Сербия президенти Александр Вучич бу сафар Украинанинг Россия газининг Европага транзитини давом эттиришдан бош тортгани билан боғлиқлигини маълум қилган эди. Украина ҳукумати яқинда бир неча бор 2025 йил 1 январдан бошлаб Россия гази ва нефтининг Европага транзитини тўхтатишини маълум қилган эди. Шу билан бирга, Киев газни Россия Федерациясидан бўлмаса, бошқа давлатлардан транзит қилишга тайёрлигини маълум қилди. Киевнинг Россиянинг «Газпром» корпорацияси билан транзит шартномаси 2019 йилдан бери амал қилади.

«Москва Фицога сезиларли чегирмалар беради, аммо Словакия улар учун тўлайди. Бундай чегирмалар бепул эмас — Россияга суверенитет ёки яширин схемалар билан тўланади, бу Словакия ҳуқуқ-тартибот идоралари ва разведка хизматларини қизиқтириши керак», деди Зеленский.

Мавзуга оид