Конлардаги портлатишни кузатиш, пулли асосда ўқ отиш ва давлат ташкилотлари биноларига ташриф – Ўзбекистонда туризмнинг янги йўналишлари тайёрланмоқда
2025 йилдан Ўзбекистонда илмий, ҳарбий ва геология туризми каби туризмнинг янги турларини йўлга қўйилмоқда. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар конларда тоғ жинслари портлатилишини кузатиши, полигонда пулли асосда ўқ отиши, давлат ва илмий ташкилотлар биноларига ташриф буюриши мумкин бўлади. Kun.uz масъуллар билан боғланиб, ушбу йўналишларда тайёргарлик қандай кетаётгани ҳақида маълумотлар йиғди.
Туризмнинг янги турларини жорий қилишга доир ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда туризмнинг янги 5 та йўналиши саноат, геология, илмий, ҳарбий ва давлат бошқаруви туризми йўлга қўйилиши керак.
Хусусан, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга Адлия вазирлиги ҳукумат бино ва иншоотларига ташрифни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми хизматини, Мудофаа вазирлиги ўқ отиш бўйича пулли хизматларни Геология вазирлиги конлар ва тоғ жинсларини портлатиш тадбирларига ташрифни йўлга қўйиши лозим.
Ушбу вазифалар учун масъул этиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва туризм қўмитаси, Адлия вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва бошқалар белгиланган. Ушбу идоралар икки ой муддатда ушбу тегишли идоравий ҳужжатни қабул қилиши керак эди.
Kun.uz ҳукумат қарорининг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларга сўров юборди.
Туризм қўмитасининг маълум қилишича, 25 ноябрь куни ташриф объектлари, уларга кириб чиқиш, ташрифни ташкил этиш ҳамда ташриф буюрувчиларга қўйиладиган умумий талабларни назарда тутувчи тартиб ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга мазкур тартиб ишда фойдаланиш ва ички тартиб сифатида тасдиқлаш учун тавсия қилинган.
Шунингдек, Туризм қўмитаси буйруғига асосан, туризм қўмитасининг маъмурий биноси, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети, халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси, Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташриф буюрувчиларни қабул қилувчи давлат бошқаруви ҳамда илмий туризм йўналишидаги объектлар сифатида белгиланди.
Туризм қўмитасига кўра, бошқа вазирлик ва идораларда қарор ижроси юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Китоб миллий табиат боғи» объектлари туристларни қабул қилувчи объект сифатида белгиланди;
- Фанлар академияси томонидан «Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти», «Хоразм Маъмун академияси», «Ўзбекистон тарихи давлат музейи», «Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти «Археология музейи», «Тошкент Ботаника боғи», Паркентдаги «Катта Қуёш Қурилмаси» объекти илмий туризм объекти сифатида белгиланди;
- Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги «Шон-Шараф» давлат музейи ҳамда Қуролли кучлар давлат музейида сайёҳлар учун шарт-шароитлар яратилди;
- Адлия вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Бошқарув ҳамда саноат туризм йўналишлари бўйича 50 га яқин объектлар рўйхати шакллантирилди ҳамда уларга кириб чиқиш тартиби белгилади. Ушбу ташриф объектларига 2025 йилдан бошлаб сайёҳларни қабул қилиш ва экскурсия ташкил қилиш мумкин бўлади. Бунда ташриф буюрувчилар мурожаати асосида ҳафта иш кунлари оралиғида мурожаат қилишлари ҳамда уларга ташриф имкониятидан келиб чиқиб қўшимча қулайликлар (Wi-Fi, автотураргоҳ, санитар-гигиеник шохобча, пандус ва бошқалар), туризм йўналишида материаллар тақдим қилиш бепул амалга оширилади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Қашқадарёдаги «Китоб геология миллий табиат боғи»га кириш ва чиқиш тартиби белгиланди. Туризм йўналишлари, ётоқхона, ошхона хизматлари, йўлбошчи ёрдами ва бошқа пулли ва бепул хизматлар жорий этилиши режалаштирилган. 7 ёшгача бўлган болалар, ёши улуғлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа имтиёзли тоифалар учун бепул хизматлар назарда тутилган.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги «Мурунтау» кони, Тошкент вилоятидаги «Қалмоқир» кони бўйича хавфсизлик ва санитария-гигиена қоидалари, ташриф тартиби ва хизмат кўрсатиш тизими белгилаб берилди.
Мудофаа вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳарбий туризмни ривожлантириш учун вазирликнинг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази Қибрай спорт мажмуаси базасида «Стендли отиш» ва ўқотар қуроллардан отишни пулли асосида йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. «Белгиланган вақтда ушбу мажмуа ўз фаолиятини бошлаши кўзда тутилмоқда».
Адлия вазирлиги ҳукумат қарорида белгиланган ўз вазифаларининг амалга оширилиши юзасидан Kun.uz сўровига 10 кундан ортиқ муддатда ҳам жавоб бермади.
Мавзуга оид
20:15 / 26.12.2024
Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
09:49 / 13.12.2024