Ўзбекистон | 11:32 / 28.12.2024
3728
10 дақиқада ўқилади

“Ўзбек киноси Марказий Осиёда биринчи ўринда турар эди, энди уни ўзимиз ҳам кўрмаяпмиз” – кинорежиссёр билан суҳбат

Кинорежиссёр, сценарист Сарвар Каримов Kun.uzʼга берган интервюсида ўзбек санъатига зарбалар “запрет”лар билан бошлангани, хусусий кино олиш жозибадор бўлмай қолгани ҳамда нима сабаб савиясиз сериаллар кўпайгани ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, давлатнинг кинога беҳуда аралашавергани сабаб соҳада деградация кузатилган.

Сарвар Каримов ўзбек киносида ишлаб келаётган иқтидорли кинорежиссёр ҳамда ссенаристлардан бири ҳисобланади. У “Сеҳрли қалпоқча”, “Сеҳрли қалпоқча 2: сариқ девни миниб”, “Сарвқомат дилбарим” фильмлари, “Ҳоким бува” сериали билан таниқли.

Каримов шу кунларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Маънавият экспертизаси”, бадиий кенгаш ва умуман кино саноатининг долзарб нуқталари ҳақида Kun.uz’га гапириб берди.

Кино кун тартибидан чиқмайдиган мавзулардан бири, доим муҳокама ва эътиборда бўлади. Шу жиҳатдан дастлаб унинг вазифа ва функциялари ҳақида гаплашсак. У нималардан иборат ва Ўзбекистонда киноларимиз шуларни бажара оляптими?

– Кино санъат турлари қаторига киради, буни ҳамма билади. Бу ҳам санъат, ҳам саноат. Кинонинг ортида жуда катта жамоа ишлайди, жуда катта пуллар сарфланади. Дейлик, бирор бастакор уйда ўтириб, янги мусиқани чалиб, ёзиши мумкин бўлса, афсуски, кинони бир киши битира олмайди. Шунинг учун ўнлаб одам ишлаши керак ва арзонга битадиган иш эмас. Шу сабаб кино саноати деган гап ҳам бор. Санъатнинг асосий вазифаси – инсоннинг ҳиссиётларини жумбушга келтириш. Яъни сиз бирор бир мусиқа эшитганингизда, спектакль кўрганингизда, у асосан сизнинг қалб толаларингизга тегиниши керак. Русча гап бор: “театр лечит душу”, буни умуман санъатга нисбатан айтса бўлади. Санъат инсоннинг қалбини даволайди, яъни дори-дармон соғлиғингизни даволайдиган бўлса, санъат қалбингизни даволайди. Шунинг учун санъат инсондан биринчи навбатда ҳиссиётлар уйғотиши керак.

Кино ҳақида гапирадиган бўлсак, комедик кино бўлса, сиз уни кўриб кулишингиз, драма ёки мелодрама бўлса, йиғлашингиз, даҳшатли фильмлар ёки триллер бўлса, қўрқишингиз керак. Яъни кинога одам ўзи қачон боради, вақтини чоғ ўтказиш учун боради. Шунинг учун [кинонинг] асосий мақсади – инсоннинг вақтини мазмунли ўтказиш. Шу билан бирга, тўғри, ўзига яраша тарбиявий фунциялари ҳам бор, кино ёрдамида биз ўтмишда яшаган одамлар ҳақида тушунчага, инсонларнинг биографияси ҳақида қандайдир маълумотларга эга бўлишимиз мумкин, лекин кинонинг [асосий] мақсади билим бериш, одамни тарбиялаш эмас. Бу фунцияларига кириши мумкин, аммо 10-, 11-функциялари ҳисобланади. Асосий фунцияси авваламбор ҳиссиётлар бериш.

Яқинда Элдор Асанов шу мавзуда яхши фикр ёздилар, “тарих фактларни муҳрлайди, санъат ва адабиёт эса ҳиссиётларни”. Яъни сиз дейлик, олимпиада ҳақида бирор ҳужжатли фильмни кўрсангиз, тўғри, у ердаги фактларни эслаб қолишингиз мумкин, қайси давлат қандай қатнашган, нечта олтин медал олган ва ким ютган ва ютқазган, лекин бадиий фильм кўрадиган бўлсангиз, бадиий адабиёт ўқисангиз, ўша ердаги ҳиссиётларни муҳрлашга хизмат қилиши керак. Дейлик, Титаник фильмини кўрганимиздан кейин биз ҳаммамиз ҳақиқатан шундай катта кема бўлганини, 1912 йилда айсбергга урилиб чўкиб кетганини билганмиз, бу факт. Лекин биз Титаникда нечта одам бўлгани, уни ким қургани, неча тонна бўлганларини эслаб қолишимиз керак эмас. Агар буни эслаб қолганимизда, қандайдир бу ҳақдаги илий адабиётларни ўқишимизга тўғри келарди. Биз ўша ердаги инсонларнинг тақдирини кўрганмиз, яъни бош қаҳрамон Жек ва Роусни оладиган бўлсак, ундан ташқари яна бир қанча қаҳрамонлар бор, агар кинони кўрган бўлсангиз, эсласангиз чўкаётган вақтида кимдир қочишга ҳаракат қилади, кимдир ўлимини мардларча қабул қилади, масалан, битта эпизод аниқ эсимда қолган, бир чол ва кампир ўлимини тан олиб, бир-бирининг қўлини ушлаб, кроватда ётган ҳолда чўкишга тайёр туради.

Одамлар аёлларнинг кийимини кийиб, фақат аёллар тушиши керак бўлган қайиқларга тушиб олган бўлади. Мусиқачиларни эсласангиз, одамлар қўрқиб кетмасин деб мусиқа чалишади, кема чўкиб кетай деётганда тарқалиб, бир-бирига қараб охиригача шу ишини қилишларини айтишади. Бир яхши гапни айтади: “мен сизлар билан бир оркестрда ишлаганимдан фахрланаман” дейди. Яъни сиз ҳиссиётларни эслаб қоласиз. Ўша Титаник чўкаётганда одамлар ўзини қандай ҳис қилгани, ким ўзини қандай тутгани ёдингизда қолади. Санъатнинг асосий вазифаси бу, албатта ҳиссиётларни муҳрлаш.

Сарвар ака, киноларда ғояларни илгари суриш мажбурияти ҳам борми? Яъни бирор фильм яратилди ёки яратилиш жараёнида режиссёр уни қайсидир ғояни ташиши керак деб ҳисоблаши шартми?

– Бу нарса бор, лекин мажбурий ва шарт эмас. Яъни бирор фильмни кўриб, мен унда буюк ғояни кўрмадим, у ёмон фильм деёлмайсиз. Чунки ўзимиз ҳам мазза қилиб кўрган киноларни эслайдиган бўлсак, ўзимизни классик фильмларни олсак, тўғри қаердадир ғоя бордир, масалан, “Сен етим эмассан” фильмида буюк ғоя бор, бу – гуманизм. Масалан, “Маҳаллада дув-дув гап”да ундай кучли ғоя йўқ. Шунчаки ўша вақтда яшаган инсонларнинг тақдирини кўрганмиз, ўша пайтдаги катта ёш ва ёш авлод вакиллари ўртасидаги қандайдир зиддиятни кўрганмиз. Бу – нормал ҳолат, лекин у ерда буюк ғоя йўқ.

Ёки “Тўйлар муборак” фильмини олсак, оддийгина фильм. Шу билан бирга, халқимизнинг севимли фильмларидан бири. Ёки “Ёр-ёр” фильмини олсак, бир йигит бир қизни севиб қолади, уни қидириб бутун республикани кезиб чиқади. “Мафтунингман”ни олсак, яъни қайсидир фильмларда қандайдир кучли ғоя бўлиши мумкин, лекин бу ҳар битта фильмда бўлиши шарт дегани эмас ва ҳар битта фильмдан ғоявийликни талаб қилиш шарт эмас.

Шундай фильмлар бўлади, тўғри, бутун бир давлат ва жамиятга катта таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Масалан, Полшада Кшиштоф Кесьлёвский деган ажойиб режиссёр бўлган. Унинг “Короткий фильм об убийстве” деган фильми бор, ўшанда бир ёш йигит таксичини ўлдиради, шундан кейин уни қатл қилишади. Фильмни кўрсангиз, воқеалари 2 қисмга бўлинган. Биринчи қисмида йигитнинг қилган ишини, иккинчисида уни ўлим жазосига ҳукм қилиниши, ўлдирилишигача кўрасиз. Ва бу фильм шу даражада одамларга, Полша жамиятига қаттиқ таъсир қилганки, бир қанча муддатга “тўхтанглар, биз ўлим жазосини тўхтатишимиз, бу масалани кўришимиз керак” деб, 1 йил ўтгача, адашмасам, референдум ўтказилган ҳолда Полшада ўлим жазоси бекор қилинган. Шу даражада катта таъсир ўтказган. Шундай фильмлар ҳам бўлади, тўғри. Лекин мингтадан битта бўлиб қолиши мумкин. Ҳар битта фильмдан худди шундай ғоявийликни талаб қилавериш керак эмас.

Масалан, “Ёр-ёр”, “Тўйлар муборак” фильми ҳақида гапирдик, бу фильмларда кучли ғоя йўқ, лекин улар одамларга табассум, яхши кайфият ҳадя этган ва ҳадя этиб келмоқда. Яъни фильм кўргач, у сизга яхши кайфият ва табассум ҳадя этяптими, вазифасини бажарди.

Ҳозирги ўзбек кино саноати ҳақида қандай фикрдасиз? Бу вазифани бажаришяптими?

– Ҳозир, афсуски, биз шу нарсани унутиб қўйдик. Фильмдан катта ғоявийликни талаб қиляпмиз, “тарихий фильм олишимиз керак, буюк ота-боболаримиз ҳақида фильм олишимиз керак, бундай қилишимиз керак, ундай қилишимиз керак” дейиляпти, бунинг учун катта маблағ ажратиляпти, фильмлар олиняпти. Ҳаммасини бирдек ёмон дея олмайман, орасида яхшилари ҳам бор. Лекин кинонинг асосий вазифаси: томошабинга қизиқарли бўлиши кераклигини [унутиб қўйдик]. Ҳаттоки, тарихий фильм олган тақдиримизда ҳам томошабин 15-асрда нима бўлганини билиб ўтириши шарт эмас, унга инсоний ҳиссиётлар қизиқ. Чунки 2,5 йил олдин ёзилган грек трагедиялари ёки комедияларини олсак, у ерда ҳам оддий инсоний муносабатлар биринчи ўринда туради.

Сиз кинони кўрганингизда барибир инсоний муносабат учун кўрасиз. Дейлик, 2000 йилда суратга олинган “Гладиатор” фильмининг биринчи қисмини оладиган бўлсак, қадимги Рим, гладиаторлар ҳақида маълумотга эга бўламиз, Колизейни кўришимиз мумкин, лекин биринчи ўринда барибир ўзининг оиласи, аёли ва фарзандини йўқотган отанинг қасос олиши ҳақидаги фильм. Биз у ерда инсоний муносабатлар биринчи планга чиқади. У гладиатор бўлиб 2 минг йил олдинги воқеа бўлиши мумкин эди ёки 10-15 йил олдингиси ҳам бўлиши мумкин эди. Биринчи барибир инсоний ҳиссиёт учун кўрасиз.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид