Жаҳон | 14:15 / 29.12.2024
15454
9 дақиқада ўқилади

Қулаган самолёт, ўғирланган пахта ва зарба еган «Толибон» – минтақа ҳафта ичида

Йилнинг сўнгги ҳафтасида энг кўп муҳокама қилинган мавзу – Озарбойжон самолётининг қулаши бўлди. Шунингдек, Покистон Афғонистонга ҳаводан зарба берди. Туркманистондаги заводларда талон-тарож авжида, ёғ етишмовчилиги фонида чигит ўғирланган. Тожикистон йилни пассив баланс билан якунласа, Қозоғистон катта интернет компанияларидан 70 млрд тенге солиқ олди.

Kun.uz минтақа ва Афғонистон ҳаётидан баъзи хабарлар жамланган дастурни тақдим этади.

Озарбойжон самолёти уриб туширилган бўлиши мумкин

Озарбойжоннинг Боку шаҳридан Россиянинг Грозний шаҳрига учган самолёт авиаҳалокатга учради. Бортида 67 киши бўлган Embraer 190 русумли самолёт туман туфайли Грознийга қўниш учун рухсат ололмай, аввал Махачқалъага, кейин эса Оқтовга йўналтирилганди. Авиаҳалокатга даставвал қушлар галаси билан тўқнашиб кетганлик сабаб қилиб келтирилган бўлса, қатор ғарб нашрлари Россиянинг ҳаводан ҳимоя мудофаа тизими зарбаси сабаб самолёт қулаганини ёзди. Euronews нашри ҳам самолёт қулашига Россия ракетаси сабаб бўлганини хабар қилганди. Грозний устида дронлар фаоллиги кузатилаётган вақтда Бокудан бу шаҳарга келаётган борт томонга ҳам ракета учирилган. У эса шу самолёт яқинига келиб портлаган ҳамда самолётнинг қопламасига зарар етказган. 

Қозоғистон авиаҳалокат ортидан ҳукумат комиссиясини тузган. Лекин Қозоғистон расмийлари ҳозирча ўз мамлакати ҳудудидаги самолёт ҳалокати ҳақидаги версияларни баҳолашдан ўзини тиймоқда. Бош вазир ўринбосари, авиаҳалокат бўйича ҳукумат комиссияси раҳбари Канат Бозумбаев 26 декабрь куни бирор версия ҳақида Қозоғистон тасдиқ беролмаслигини билдирган. Терговга Бразилия ҳам қўшилган. Россия президенти 28 декабрь куни ҳалокат Россия осмонида содир бўлгани учун ҳамкасби Илҳом Алиевдан узр сўради. 

Қозоғистон хорижий электрон тижорат компанияларидан фойда кўрмоқда

Alibaba, Aliexpress, Netflix ва бошқа шу турдаги компаниялар Қозоғистон бюджетига шу йилнинг ўзида 70 млрд тенге солиқ тўлагани маълум бўлди. Қозоғистонда электрон тижорат билан шуғилланувчи ҳамда электрон хизмат кўрсатувчи 98 та хорижий компаниялар рўйхатдан ўтган. Бу ҳақида Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси хабар берди. Бу “google солиғи” деб номланади. Қозоғистон 2022 йилдан бошлаб хорижий интернет компаниялари учун “Google солиғи деб номланган йиғимни жорий қилган. 98 компаниялар ичида Аlibabа, Аliexpress, Apple Google, Huawei, Netflix, Pinduoduo, Temu ва бошқа йирик хорижий тижорат ташкилотларини кўриш мумкин. Қайд этилишича, хорижий интернет компаниялар фаолиятини назорат қилиш учун Қозоғистон солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилган. Унда белгиланган рўйхатдан ўтказиш бўйича мажбурият бажарилмаган тақдирда, Қозоғистон ҳудудида уларнинг фаолиятини блокировка қилиш чораси ҳам кўрилади. 

Тожикистон БМТдан янги йилни халқаро музликларни сақлаш йили деб эълон қилишни сўради. Сабаби Тожикистоннинг мингдан ортиқ музлари аллақачон эриб кетган. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам яқин йилларда жами музларининг 27 фоизидан айрилган. БМТ ахборотига кўра, музлар эриши давом этмоқда. 2050 йилга бориб эса  ҳароратнинг кўтарилишини чеклашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, 50 давлат ўзининг учдан бир қисм музидан айрилади. Ҳозир бу мамлакатлар ҳар йили 58 млрд тонна музини йўқотмоқда. Бу эса Испания ва Франция йиллик сув истеъмолига тенг дегани. Музлар эриши эса глобал денгиз сатҳининг 5 фоиз кўтарилишига сабаб бўлади. Шу муносабат билан БМТ янги йилни музликларни сақлаш йили деб эълон қилди.

Тожикистон баланси пассивлигича йилни якунламоқда

Тожикистон 2024 йил сарҳисобига кўра, импортини яна оширган мамлакат бўлди. Январь-ноябрь ойларида республика 6,2 млрд долларлик маҳсулот импорт қилди. Экспорт ҳажми эса бор-йўғи 1,7 млрд доллар. Шундай қилиб, баланс пассивлигича қолмоқда. Шу йилнинг 11 ойида давлат ташқи савдо айланмаси 7,9 млрд доллар бўлиб, ўтган йилгидан 17,3 фоизга кўп. Импорт ҳажми эса 2023 йил билан солиштирганда қарийб 2,5 бараварга ортган. Тожикистон асосан металлар, қимматбаҳо буюмлар ҳамда улардан тайёрланган буюмларни сотиб олган. Ташқи савдода асосий ҳамкор эса Россия ва Хитой бўлиб қолмоқда. 2024 йилнинг кўрсаткичлари бўйича Россия биринчи савдо ҳамкор, ундан кейинги ўринларида Хитой ва Қозоғистон турибди. 

Душанбе тирбандликдан азият чекмоқда

Кўп шаҳарлар қатори Тожикистоннинг пойтахти ҳам шу кунларда тирбандликлардан азоб чекмоқда. Пиёдалар ўтиш йўлагининг демонтаж қилиниши ортидан бу тирбандликлар янада кўпайди, аҳоли норози бўлиб, ижтимоий тармоқларда бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусий нашр Asia-Plus Tajikistan одамлар фикрини ўрганаркан, халқ демонтажга қарши эканини айтган. Масъул идораларга кўра, Душанбе шаҳри бўйлаб 17 пиёдалар ўтиш жойининг демонтаж қилиниши ортидан тирбандликлар кўпайиб кетди. Аҳоли ҳукуматдан метрони талаб қилмоқда, сўровномада қатнашганлар метро очилса, тирбандлик камайишини билдирган. 

Туркманистондаги заводларда талон-тарож авжида

Туркманистонда пахта йиғим-терими якунланиб, мавсумни Дашоғуз вилояти ёпиб берганини хабар қилгандик. Энди ана шу пахтани талон-тарож қилиш ишлари фаоллашган. Мухолиф нашр Тurkmennews хабарига кўра, Дашўғуз ёғ ишлаб чиқариш заводида 120 тонна пахта чигити йўқолиб қолган. Буни бош прокуратура ўрганмоқда. 

Прокуратура органлари ўтказган текширувда хомашё ва улардан олинган маҳсулотлар ҳисоб-китоби бир-бирига номувофиқ келган. Ҳужжатларда қайд этилишича, ушбу заводга Оқдепедан 40 тонна, Туркманбошидан 80 тонна пахта чигити олиб келинган, кейин эса бу 120 тонна чигит ғойиб бўлган. Ундан ишлаб чиқарилиши керак бўлган ёғ, шунингдек, ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳеч қаердаги ҳисобда кўрсатилмаган. Тайёр маҳсулотларни тушириш ва жўнатиш билан шуғулланувчи тарозибон ва экспедитор қўлга олинган. Ҳибсга олинганларнинг берган кўрсатмасига кўра, пахта чигити аслида заводга умуман олиб келинмаган. Бундай ўғриликлар оддий ходимлар томонидан айниқса раҳбарият хабарисиз қилиниши даргумон. Ҳозирда тергов давом этмоқда. 

Украин шоколадлари рус қадоқларида ноқонуний сотилган

Туркманистонда Россия босиб олган Украинанинг Донецк вилоятида ишлаб чиқарилган шоколадлар савдоси авжига чиқди. Вазиятдан хабар топган Украина элчихонаси маҳсулотларни Россия экспорт қилгани, бу эса ноқонуний экани юзасидан ҳукуматга билдиришнома жўнатди. Шундан сўнг Ашхободдаги расмийлар шоколадларни мусодара қилди. 

Донецкда ишлаб чиқарилган 2 хил шоколадлар Ашхободдаги савдо нуқталарида пайдо бўлди. Украинанинг Туркманистондаги элчихонасига ноябрь ойи охирида Россия орқали бу давлатга ноқонуний товарлар, хусусан шоколадлар кириб келаётгани хусусида хабар келиб тушган. Масала шундаки, ушбу маҳсулотлар Россияда ишлаб чиқарилган деган ҳолатда киритилган. Дипломатик миссия эса Украинанинг босиб олинган ҳудудидан халқаро ҳамкорларга маҳсулотлар сотилаётгани ҳақида хабар берган. Элчихона Туркманистон ташқи ишлар вазирлигидан ноқонуний кириб келган маҳсулотларни йиғиштириб олишни сўраган. Элчихона, вазирлик ҳамда қатор Европа давлатларининг Ашхободдаги дипмиссиялари ҳамкорлигидан пештахталардан шоколадлар мусодара қилинган. Элчихона эса ўз хабарида Туркманистонга Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани ва ҳурмат қилгани учун миннатдорлик билдирган. 

Темирйўл қурилиши бошланди

Қирғизистон Президенти 27 декабрь куни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли лойиҳасини ишга туширди. Сўзга чиққан Садир Жапаров бу шунчаки темирйўл эмас, Шарқ ва ғарб мамлакатларини бир-бирига боғловчи кўприк эканини гапирди. 

Лойиҳа қурилишининг бошланишига бағишланган тадбир Жалолобод вилоятининг Тош-Қутчу қишлоғида бўлиб ўтган. 

Президент янги темир йўл коридори Евросиё қитъа кўпригининг жанубий бўғинига айланишини, Жануби-Шарқий, Ғарбий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига йўл очишини айтган.

Лойиҳа минтақалараро йўл, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақанинг Марказий Осиё мамлакатлари мақсадларига жавоб берадиган халқаро транспорт-транзит хаби сифатида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Қирғизистон учун бу лойиҳа кўп қиррали аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат иқтисодий тараққиётини тезлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ШҲТнинг Самарқанд саммитида бу лойиҳа қурилиши бошланишига президентлар келишган бўлса-да, молиялаштириш масаласи ортидан иш тўхтаб турганди. Таҳлилчиларга кўра, транспорт коридорининг қурилиши минтақага Хитой таъсирини ошириб, Россия ролини туширади. Буни англаб етган Москва Бишкек орқали лойиҳа қурилишини пайсалга солувчи воситаларини ишган солган бўлиши мумкин. Бироқ расмий Бишкек буни рад этади. 

Мавзуга оид