Фан-техника | 23:50 / 03.01.2025
7354
2 дақиқада ўқилади

Хитойда биринчи ҳаво электрокари намойиш этилди

Хитойлик олимлар ҳам ерда ҳаракатлана оладиган, ҳам учишга қодир аэроэлектрокарни намойиш этди. У 500 килограммли юк билан 20 дақиқа уча олади.

Фото: Global Times

Хитойнинг Цзянсу провинциясидаги Жануби-шарқий университет тадқиқотчилари жамоаси мамлакатдаги биринчи аэроэлектрокарни яратиб, уни намойиш этди, деб хабар беради Global Times.

Southeast University Kunpeng No.1 номини олган электромобил тўртта ўқли паракка эга. Аммо анъанавий учар таксилардан фарқли равишда у ердаги мобиллик ҳамда ҳавода учиш имкониятларини бирлаштирган ер-ҳаво воситаси сифатида ишлаб чиқилган.

Максимал 500 килограммли юк билан электромобил узоғи билан 20 дақиқа уча олади, парвоз баландлиги эса 300 метргача етиши мумкин. Йўлда эса мазкур транспорт воситаси соатига 60 километргача тезликда ҳаракатланади. Айни вақтда учар электрокар юқори сиғимли аккумуляторга эга.

Мутахассислар, шунингдек, парвоз давомийлигини икки соатга етказиш мақсадида қўшимча тадқиқотлар олиб бормоқда.

Учар автомобилларни ишлаб чиқариш билан фақат Хитой шуғулланмаяпти. 2024 йил март ойида Ҳиндистоннинг ePlan компанияси учар такси прототипини синовдан ўтказиш режалари ҳақида хабар берганди. Компания асосчиси Сатя Чакравартининг сўзларига кўра, прототип шаҳар шароитида фойдаланиш мумкин бўлган ихчам учиш аппарати ҳисобланади.

Шунингдек, Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси 2025 йил охиригача Ню-Йорк ва Лос Анжелесда “ҳаво таксиси”ни ишга туширишни режалаштиряпти. Дастлабки маълумотларга кўра, саёҳат нархи Uber Black тарифи даражасида бўлади – тахминан 100−200 доллар. Кейинчалик бу Uber XL тарифи нархларига тушиши мумкин – 50-100 доллар.

Мавзуга оид