Жаҳон | 15:05 / 04.01.2025
30804
2 дақиқада ўқилади

Хитойда қурилаётган “қуёшли” осмонўпар бино суратлари намойиш этилди (фото)

Футуристик бино қуёш нурларини ўзида акс эттириб, уларни бино атрофидаги яхши ёритилмаган ҳудудларга йўналтиради.

Фото: Atchain

Хитойда Zaha Hadid Architects (ZHA) меъморчилик бюроси мутахассисларининг назорати остида янги меъморий мўъжиза яратилмоқда. Шенжен шаҳрида қурилаётган бино келажакни акс эттиради.

New Atlas маълумотларига кўра, қурилиши тугаллангандан сўнг, минорада Шенжен молиявий технологиялар институти жойлашади. Иншоотнинг баландлиги 199 метрни ташкил этади. Бино баланд, аммо унчалик катта эмас.

Бинонинг асосий скелети қуриб бўлинган. Унинг ташқи томони ўзида қуёш нурларини акс эттириб, атрофдаги ҳудудларни ёритишга мўлжалланган — меъморларнинг режасига мувофиқ бу ҳудудлар сояда қолмаслиги керак.

ZHA мутахассисларининг тушунтиришича, атрофга тўғридан тўғри тушадиган қуёш нури миқдорини оптималлаштириш учун майдондаги қуёш нурларининг йиллик йўналишлари харитаси тузилган ва моделлаштирилган.

Минора сирти ўзига ўзи соя берувчи махсус ташқи элементлар билан жиҳозланган иссиқлик изоляциясига эга. Унинг ёрдамида бинога қуёшдан бевосита урадиган иссиқлик таъсири камаяди.

Миноранинг ички майдони 76 000 квадрат метрни ташкил қилади. Унда 46 та қават бор. Бу ерда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик муассасалари, лабораториялар ва бошқа кўплаб объектлар жойлашади.

Ҳавони ифлослантирувчи моддаларни филтрлаш учун бинода кўплаб яшил ўсимликлар бўлади. Бундан ташқари, том қисмидаги боғда тадбирлар, кўргазмалар ва дам олиш учун мўлжалланган ёпиқ майдонлар барпо этилади.

Бошқа замонавий ZHA лойиҳалари каби, ушбу осмонўпар бино ҳам технологиялар билан жиҳозланади. Сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилган ақлли тизим кун давомида одамлар сонини кузатиб боради ва уларнинг эҳтиёжларини олдиндан аниқлайди. У ташриф буюрувчилар ва бинода яшовчиларга қулай шароит яратиш учун иситиш ва совитиш тизимларини доимий мослаштириб туради.

“Қуёшли” осмонўпар бино қачон қуриб битказилиши ҳозирча номаълум.

Мавзуга оид