Жаҳон | 15:48 / 04.01.2025
9780
12 дақиқада ўқилади

Афғон уруши учун СССРга санкциялар қўллаган ва АҚШни 4 йил бошқариб тарихда қолган Жимми Картер

Бундан бир неча кун олдин АҚШнинг собиқ президенти, Жимми Картер 100 ёшида вафот этди. У ёшлигида ҳарбий бўлган, сўнг штат сенатори бўлиб, қора танлилар ҳуқуқлари учун курашган. Унинг сиёсий фаолиятдаги чўққи АҚШ президенти бўлиб сайлангани эди. Бироқ Картер иккинчи муддат учун ўтказилган сайловда мағлубиятга учрайди ва омадсиз раҳбар деган ном олади.

2024 йил 29 декабр куни АҚШнинг собиқ президенти, мамлакатни 1977 йил 20 январдан 1981 йил 20 январгача бошқарган Жимми Картер 100 ёшида вафот этди.

Жимми Картер Демократик партия вакили эди ва у АҚШ президенти этиб сайланганида 53 ёшда бўлган. 1976 йилда ўтказиладиган сайловда Жимми президентлик учун номзодини қўйган вақтда уни Жоржия штатидан бошқа жойда ҳеч ким танимасди.

Шунга қарамасдан у аввалига партия ичидаги рақобатда ютиб чиқади ва Демократик партия томонидан асосий номзод сифатида майдонга чиқади.

Сўнг 1976 йил 2 ноябр куни ўтказилган президентлик сайловида ўзидан анча машҳур бўлган амалдаги президент Республикачилар вакили Жералд Фордни енгиб, АҚШнинг 39-президентига айланади.

Омадли шахс

Жимми Картер 1924 йилда туғилган. Унинг отаси фермер, онаси эса ҳамшира бўлган. Картер ўқувчилик йилларида мактабда баскетбол билан жиддий шуғулланган. Бироқ у ҳарбий бўлишни орзу қиларди.

1942 йилда у Жоржия технология университетига ўқишга киради. Ўқиш даврида захирадаги зобитлар курсини ҳам ўтайди. 1943 йилда Жимми ҳарбий-денгиз академиясига йўлланма олади ва ўқишни ўша ёқда давом эттиради.

1946 йилда Жимми синглисининг дугонасига уйланади. Ўша йили академияни битириб, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари сафида хизмат қила бошлайди.

1953 йилда у ҳарбий хизматдан бўшаб, бир муддат отасининг хўжалигида фермерлик қилади. 1954 йилда АҚШда ирқчиликка қарши курашувчилар сафига ўтади ва сиёсат билан ҳам шуғуллана бошлайди.

1963 йилда 39 ёшли Картер Жоржия штати сенатори бўлиб сайланади. 1966 йилда у Жоржия штати губернаторлиги учун номзодини қўяди, бироқ ютқазади.

1970 йилда у Демократик партия вакили сифатида штат губернаторлиги учун яна номзодини қўяди ва бу сафар ғалаба қозонади.

У 1971 йил 12 январ кунидан Жоржия штатини бошқарар экан, бир қатор муҳим ислоҳотлар ўтказади. Жумладан, губернаторнинг бир қатор ваколатларини кенгайтиради. 1972 йилда штатда ўлим жазосини қайта тиклайди. Кейинчалик у бу ишидан афсусланган.

Жоржия штати қонунларига кўра бир шахс икки муддат губернаторлик қилиши мумкин эмасди. Шу сабабли Картер 1974 йилда ўтказилган сайловда ўз номзодини қўймайди. Бироқ ўша йили 1976 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида номзодини илгари суришини эълон қилади.

Ўша пайтларда Жимми Картерни АҚШда Жоржия штатидан бошқа жойларда унча танишмасди. Шу сабабли у президентлик учун курашишини айтганда кўпчилик Картернинг устидан кулади. Ҳатто АҚШда “Жимми ким?” деган истеҳзоли ва кулгили савол оммалашади.

Сайлов муддати яқинлашар экан, Жимми аввал Демократик партия ичидаги рақобатда ютиб чиқади. 1976 йил 2 ноябр куни ўтказилган сайловда амалдаги президент Жералд Форд устидан ғалаба қозонади ва АҚШнинг 39-президентига айланади.

Жералд Форднинг мағлубиятга учрашига асосан “Уотергейт” иши туфайли импичмент хавф солгани учун президентликдан воз кечган Ричард Никсонни 1976 йилда афв этгани сабаб бўлганди.

Шу тариқа бир неча йил олдин ҳеч ким танимайдиган ва одамлар “Жимми ким?” деб устидан кулган Жимми Картер кимсан АҚШ президентига айланади.

Кейинчалик баъзи ишлар сабабли Жиммини “омадсиз президент” деб аташади. Тўғри, у омадсиз президент бўлгандир?! Лекин шахс сифатида омадли эди.

Чунки аввало президент Форд туфайли пайдо бўлган қулай вазият, кейин омад ва бошқа омиллар туфайли ҳеч ким танимайдиган Картер дунёнинг энг қудратли давлати раҳбарига айлана олганди ва бу катта муваффақият эди.

Омадсиз президент”

Картерни негадир омадсиз президент дейишади? Бунга унинг 1980 йил кузда ўтказилган сайловда Роналд Рейганга ютқазиб қўйгани сабаб бўлган.

АҚШ тарихида бир муддат президентлик қилиб, иккинчи муддат учун ўтказилган сайловда ютқазганлар кўп. Шу сабабли унинг иккинчи муддатга сайлана олмагани унча ҳам омадсизлик эмасди.

Картер АҚШ президенти бўлгандан сўнг энг аввал Ветнам урушига боришдан бош тортганларга амнистия эълон қилди. Президент маъмуриятига миллий озчилик вакиллари ва аёлларни киритди.

Жимми Картер Муҳаммад Али билан

Мамлакат бўйлаб кўп саёҳат қилиб, оддий одамлар билан етарлича мулоқотда бўлди. Шунингдек, радиода “президент Картердан сўранг” дастурини ташкил этиб, оддий америкаликларнинг саволларига жавоб қайтарди.

1978 йилда унинг воситачилигида Исроил ва Миср ўртасида Кэмп-Дэвид келишуви имзоланди ва бу Жимми Картер учун ташқи сиёсатдаги жиддий ютуқ эди.

Картер ўз бошқаруви даврида Мао Цзе Дундан сўнг дунё учун очилаётган Хитой билан ҳам муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилди.

1979 йил 28 январда Хитой раҳбари Дэн Сяопин АҚШга давлат ташрифи билан боради ва Картер билан учрашиб, музокаралар ўтказади.

Жимми Картер ва Хитой раҳбари Дэн Сяопин

Ўшанда Хитой раҳбари АҚШда бир ҳафта юради ва ҳатто Марказий разведка бошқармаси офисигача боради. Бу Хитой халқ республикаси ташкил этилгандан сўнг Хитой раҳбарларининг АҚШга биринчи сафари эди.

1979 йилда Картер СССР раҳбари Леонид Брежнев билан ҳам учрашади. Ўша йили 18 июн куни АҚШ ва СССР раҳбарлари Австрия пойтахти Вена шаҳрида учрашиб, Стратегик қуролларни чеклаш бўйича шартнома имзолашади.

Бироқ бу иш ҳам Картернинг обрўсини оширмайди. Чунки ўша пайтда СССРда раҳбар Брежнев бўлгани билан норасмий бошқарувни КГБ бошлиғи Юрий Андропов қўлга олганди.

Масалан, Андропов Мудофаа вазири Дмитрий Устиновни ҳам ўзига бўйсундирган ва уларнинг “ташаббуси” билан Брежнев ва Картер учрашувидан олти ой ўтгач, совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киради.

Шундан сўнг АҚШ бошчилигидаги Ғарб СССРга қарши санкциялар жорий қилади. Шунингдек, 1980 йил ёзда Москвада ўтказилган олимпиада ўйинлари бойкот қилинади.

Жимми Картер ва СССР раҳбари Леонид Брежнев

Оқибатда бироз аввалги илиқлик тескари томонга айланади ва АҚШ ҳамда СССР муносабатлари бутунлай совуқлашади. Шу тариқа икки раҳбар имзолаган шартнома қуруқ қоғозга айланади.

Бошқа томондан Картер учун ҳаммаси яхши кетаётган эди. Бироқ жаҳон бозорида нефт нархининг кўтарилиб кетиши ва 1979 йилда Эронда содир бўлган давлат тўнтариши унинг сиёсий фаолиятига жиддий зарба беради.

Оқибатда сайловдан олдин берилган ваъдалар – ишсизлик ва инфляцияни камайтириш режалари амалга ошмайди.

Бунинг устига Эронда давлат тўнтариши уюштирганлар томонидан АҚШ фуқаролари гаровга олинади ва бу ҳам маълум маънода Картер учун минус бўлади.

Ўшанда 1979 йил 4 ноябр куни эронликлар Теҳрондаги АҚШ элчихонасига бостириб киради ва у ерда бўлган асосан дипломатлардан иборат 66 кишини гаровга олади.

Эронликлар гаровга олинганлар эвазига ўша пайтда Ню Йоркдаги шифохонада даволанаётган шоҳ Ризо Паҳлавийни беришни талаб қилишади.

Картер маъмурияти гаровга олинганларни қутқаришга бир неча марта уриниб кўради, бироқ барча ҳаракатлар муваффақиятсиз якунланади.

Жимми Картер ва Роналд Рейган. Жимми 1980 йил кузда ўтказилган президенлик сайловида Рейганга ютқазиб қўйганди.

Оқибатда унинг обрўси анча пасайиб кетади ва 1980 йил кузда ўтказилган президентлик сайловида Республикачилар вакили Роналд Рейганга ютқазади.

Кейинчалик АҚШ ва Эрон ўртасида асирларни озод қилиш бўйича келишув имзоланади ва улар 1981 йил 20 январ куни янги президент Рейганнинг инагурацияси куни қўйиб юборилади.

Президентликдан сўнг

Жимми Картер бошқа аксарият президентларда бўлгани каби лавозимни тарк этгач турли университетларда лекциялар ўқийди. Шунингдек, хайрия ишларида фаол қатнашади.

Кейинроқ у Жанубий Африка республикаси собиқ президенти Нелсон Мандела ташаббуси билан ташкил этилган “Оқсоқоллар гуруҳи”га қўшилди.

2002 йилда Жимми Картер дунёда тинчлик ўрнатиш йўлидаги хизматлари учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилади.

Картер 2010 йилда Хитойга ташриф буюради ва муваффақиятли музокаралардан сўнг Шимолий Кореяда ҳибсга олинган АҚШ фуқароси Айжалон Гомесни ватанига қайтаришга муваффақ бўлади.

Унинг халқаро даражадаги сўнгги иши 2013 йилда бўлади. Ўшанда у Непал давлатида ўтказилган парламент сайловларида кузатувчи сифатида қатнашади.

Орадан икки йил ўтиб, Картер операция қилинади ва ундан саратон ўсмаси олиб ташлангани, у бу хавфли касалликни енгиб чиққани айтилади.

Кейинроқ унга терининг хавфли ўсмаси ташхиси қўйилди. Собиқ президент қолган умрини уйда шифокорлар назорати остида ўтказади.

Жимми Картер ҳақида қизиқарли маълумотлар

Жимми Картернинг ҳақиқий исми Жеймс Эрл Картер бўлган ва у АҚШ президентлари орасида биринчи бўлиб исмининг қисқартирилган вариантидан расмий равишда фойдалана бошлаган.

Жимми Картер бўлажак АҚШ президентлари орасида шифохонада туғилган биринчи шахс ҳисобланади. Унгача бўлажак президентларнинг биронтаси шифохонада туғилмаган. Кимдир уйда, кимдир яна бошқа жойда туғилган.

Картер АҚШ президентлари орасида биринчи бўлиб расмий исми билан эмас, қисқартирилган исми билан президентлик қасамёдини қилган. Кейинчалик Билл Клинтон ва Жо Байден ҳам шундай қилишган.

Жимми Картер ва унинг рафиқаси Розалин Картер АҚШ президентлари орасида битта никоҳда энг узоқ умр кўрган жуфтлик ҳисобланади. Улар 77 йил бирга яшайди. Розалин Картер 2023 йил охирроқларида вафот этганди.

Жимми Картер қуёш энергиясига жуда қизиққан. Шу сабабли у 1979 йилда АҚШ президентлари қароргоҳи бўлган Оқ уй томига сув иситиб берадиган қуёш панеллари ўрнаттирган. Бу панеллар 1986 йилда Роналд Рейган даврида Оқ уйни таъмирлаш вақтида олиб ташланган.

Жимми Картер ўз президентлик даврида биринчи бўлиб қора танли аёл Патриссия Ҳаррисни ўз маъмуриятига ишга олган.

1952 йилда Картер Канаданинг Онтарио провинциясидаги портлаган атом реакторида 89 сония давомида бўлган. Ўшанда Картер ҳалокат юз берган жойга атом сувости кемаси зобити сифатида юборилган.

1977 йилда Картер Британияга ташриф буюради ва қиролича Елизавета II билан ҳам кўришади. Кўп ўтмай Британия нашрлари у қиролича билан учрашув чоғида қироллик протоколига амал қилмагани ва Елизавета IIнинг лабларидан ўпгани ҳақида ёзиб чиқади. Кейинчалик Елизаветта II “у бегона эркаклар орасида сурбетлик билан лабимдан ўпишга журъат этган ягона одам”, деб ҳолатни тасдиқлаганди.

Картер АҚШ тарихидаги 90 ёшга тўлган олтинчи, 100 ёшга тўлган биринчи президент ҳисобланади. Унгача 41-президент Катта Жорж Буш 94 ёш, 38-президент Жералд Форд 93 ёш, 40-президент Роналд Рейган 93 ёш, 2-президент Жон Адамс 91 ёш, 31-президент Ҳерберт Ҳувер 90 ёшга етиб вафот этган.

Жимми Картер (чапдан биринчи) ўзидан сўнг АҚШ президенти бўлган шахслар билан

Жимми Картер президентликдан кетганидан кейин Оқ уйда етти нафар президент алмашди: Роналд Рейган (1981-1989), Катта Жорж Буш (1989-1993), Билл Клинтон (1993-2001), Кичик Жорж Буш (2001-2009), Барак Обама (2009-2017), Доналд Трамп (2017-2021) ва Жо Байден (2021-2025).

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид