Майк Жонсон АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери этиб қайта сайланди
Республикачи Майк Жонсон АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимини сақлаб қолди. Республикачилар партияси Сенатни ҳам назорат қилади.
Республикачи Майк Жонсон АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери этиб қайта сайланди. Овоз бериш жараёни 3 январ, жума куни Американинг C-SPAN телеканали томонидан намойиш этилди.
Республикачилар орасида бўлиниш
Жонсон 2023 йил октябр ойидан бери Конгресс қуйи палатаси спикери лавозимида ишлаб келмоқда. Бу сафар унинг рақиби демократ Ҳаким Жеффрис бўлди. Ҳозирда Вакиллар палатасида жами 434 конгрессмен бор: 219 республикачи ва 215 демократ. Биринчи овоз беришда Жонсон 216, Жеффрис 215 овоз олди. Уч нафар республикачи партиядошини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Қайта овоз бериш чоғида улардан иккитаси ўз позициясини ўзгартирди: Жонсон 218 овоз олди, бу минимал фарқ учун етарли эди.
AFP хабарига кўра, Республикачилар партиясининг консерватив қаноти Жонсондан норози. У бюджет лойиҳасини қабул қилишда аввалроқ демократлар билан муроса қилганликда айбланмоқда.
Доналд Трампнинг муносабати
«Спикер Майк Жонсонни Конгрессда мисли кўрилмаган ишонч вотуми олгани билан табриклайман. Майк буюк спикер бўлади ва бундан мамлакатимиз фойда кўради», — деб ёзди Доналд Трамп Truth Social саҳифасида.
«Вакиллар палатаси спикери сифатида буюк мамлакатимизга хизмат қилишда давом этиш — ақл бовар қилмайдиган шараф. Энди ишга киришайлик», деб ёзган Жонсон X ижтимоий тармоғида. Қайта сайланганидан кейин қилган чиқишида, у Трамп ва Илон Маск томонидан таклиф қилинган ҳукумат харажатларини қисқартиришни амалга оширишни қўллаб-қувватлашини айтди.
«Биз юқори инфляцияни енгишимиз мумкин. Америкаликларга эркин нафас олишига имкон берамиз ва Трампнинг солиқ имтиёзларини узайтирамиз. Биз ҳукумат ҳажмини тубдан қисқартирамиз, ҳокимиятни халққа қайтарамиз», — деди Жонсон.
Охирги сайловлар натижаларига кўра, Республикачилар партияси АҚШ Сенатида (юқори палата) ҳам кўпчиликни ташкил этади: демократлардаги 47 ўринга қарши 53 ўрин.
Мавзуга оид
18:50 / 05.01.2025
АҚШда темирйўл кўприги поезд ҳаракати вақтида қулаб тушди
15:48 / 04.01.2025
Афғон уруши учун СССРга санкциялар қўллаган ва АҚШни 4 йил бошқариб тарихда қолган Жимми Картер
23:14 / 03.01.2025
Жо Байденнинг рафиқаси Украина элчисидан 14 минг долларлик тўғноғич олгани маълум бўлди
21:45 / 03.01.2025