Ўзбекистон | 19:28 / 05.01.2025
4928
2 дақиқада ўқилади

Навоий ИЭСдаги трансформаторда ёнғин содир бўлди

Кармана туманида жойлашган Навоий ИЭСнинг 12-трансформаторида ёнғин юзага келди. Уни ўчиришга саккизта ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Фото: Видеодан кадр

Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Навоий ИЭСда содир бўлган ёнғин тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, 5 январ куни соат 14:34 да вилоят ФВБ навбатчи диспетчерлик хизматига Кармана тумани Навоий ИЭС 12-трансформаторда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув экипажлари соат 14:37 да етиб бориб, 14:49 да ёнғин майдони ўраб олинган ва соат 15:14 да ўчирилган.

Ёнғинга ФВБдан саккизта ёнғин қутқарув экипажи жалб этилган.

«Ёнғин натижасида аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини электр энергияси билан таъминлашда узилишлар содир бўлмади. Ҳозирда ҳодиса сабаби ва зарари аниқланмоқда. Жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлигига кўра, ёнғин энерготизимга салбий таъсир қилмаган. Ёнғин оқибатида тўхтатилган энергоблок ўрни захира қувватлар ҳисобига таъминланган. «Истеъмолчиларга электр энергияси барқарор етказиб берилмоқда, айни пайтда станция барқарор ишлаяпти», — дея таъкидланади хабарда.

Мавзуга оид