Ўзбекистон | 10:01 / 05.01.2025
14154
2 дақиқада ўқилади

Навоийда Nexia уриб кетган эр-хотин вафот этди

Марҳумларнинг яқинлари ҳайдовчи маст ҳолатда бўлганини ҳамда аҳоли яшаш пунктида машинани катта тезликда бошқарганини айтмоқда. Ҳайдовчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Навоийда инсонлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ЙТҲда ҳалок бўлган эр-хотиннинг яқинлари Kun.uz’га маълум қилди.

Уларга кўра, ҳолат Қизилтепа туманининг Ўртақўрғон маҳалласи ҳудудида содир бўлган. С. исмли ҳайдовчи маҳалланинг Янгиланиш кўчаси бўйлаб ўтган йўлда Nexia машинасини бошқариб кетаётиб, 1971 йилда туғилган Н.Я. ҳамда унинг 1976 йилда туғилган турмуш ўртоғи Н.У.ни уриб кетган.

ЙТҲ оқибатида эр-хотин оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Уларнинг 3 фарзанди бўлган.

Марҳумларнинг яқинлари ҳолат юзасидан тегишли органларнинг ҳаракати суст бўлаётганлигидан норози.

Ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган. Қолаверса, машинани катта тезликда бошқарган. Шунингдек, ҳолат содир бўлганида биринчи ёрдам кўрсатмаган.

ЙТҲ содир бўлганига 3 кун бўлди. Бироқ ҳозирча ҳеч қайси орган ходими марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, фарзандларига кўрилаётган иш юзасидан тушунтириш бермади. Нима бўлаётганидан хабаримиз йўқ. Балки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгандир. Тўғриси, иш “ёпди-ёпди” қилиб юборилишидан хавотирдамиз”, дейди марҳумларнинг Kun.uz журналисти билан гаплашган яқини.

ИИВ ЙҲХХ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ЙТҲ 2025 йил 1 январ куни соат 19:45 ларда Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтувчи Д-193 автомобил йўлининг 2-3-километрлари оралиғида содир бўлган. 1990 йилда туғилган С.Т. Nexia машинасини бошқараётиб, йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёдалар Н.Я. ва Н.У. ни уриб юборган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Навоийда тадбирга кетаётган боғча мудиралари ЙТҲга учраб, бир киши ҳалок бўлганди.

 

Мавзуга оид