Жаҳон | 17:25 / 07.01.2025
1648
2 дақиқада ўқилади

КХДР гипертовушли баллистик ракета синови муваффақиятли ўтганини эълон қилди

Пхенян яқинидаги полигондан учирилган ракета жанговар каллаги товушдан 12 баробар тезроқ учиб, 1500 километр масофани босиб ўтган.

Фото: AP

КХДР Ракетасозлик бош бошқармаси 6 январ куни ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган янги гипертовушли баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Пхенян яқинидаги полигондан учирилган ракета жанговар каллаги товушдан 12 баробар тезроқ ҳаракатланиб, 1500 километр масофани босиб ўтган ва очиқ сувлардаги белгиланган нишонга аниқ урилган.

Синовни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин кузатиб борган. Унинг сўзларига кўра, янги ракета «ҳар қандай зич ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтиб, душманга кучли ҳарбий зарбани амалга оширишга қодир». Ким Чен Иннинг қўшимча қилишича, ракета ҳужум ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида эмас, балки КХДРнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги душманларини тутиб туриш учун ишлаб чиқилган.

Аввалроқ КХДР ракета синовини ўтказгани тўғрисида Жанубий Корея разведкаси хабар берганди. Маълумотларга кўра, баллистик ракета қарийб 1100 километр учиб, Япон денгизига қулаган. Жанубий кореялик ҳарбийлар КХДР янги турдаги ракетани яратишда Россиядан технологик ёрдам олган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Yonhap агентлигининг ёзишича, Шимолий Корея илк бор гипертовушли жанговар каллакка эга ракета синовини 2021 йил сентябрда амалга оширган, аммо у омадсиз дея баҳоланган. Охирги маротаба КХДР 2024 йил апрелда ўрта масофага мўлжалланган гипертовушли ракета синовдан ўтказилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид