КХДР Япон денгизи томон баллистик ракета учирди
Шимолий Корея 2025 йилда учирган биринчи ракетаси АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Сеулга ташриф буюрган вақтга тўғри келди. Ўрта масофага мўлжалланган ракета қарийб 1100 километр учиб, Япон денгизига қулади.
КХДР 6 январ куни Япон денгизи томон баллистик ракетасини учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб Yonhap агентлиги хабар берди.
Жанубий Корея Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг маълум қилишича, ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракета дея тахмин қилинаётган снаряд соат 12:00 да Пхеняндан учирилган.
«Янги учиришлар амалга оширилиши мумкинлиги сабаб ҳарбийларимиз Америка ва Япония томони билан КХДР ракеталарига оид маълумотларни алмашиб, мониторингни кучайтирди», — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, баллистик ракета қарийб 1100 километр учиб, Япон денгизига қулаган.
Япония Соҳил қўриқлаш хизмати ҳам Пхенян томонидан ракета учирилганини маълум қилган. Ракетанинг учирилиши АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Сеулда бўлиб турган вақтга тўғри келди. Америкалик амалдор Жанубий Кореядаги ҳамкасби билан КХДР таҳдидларини тутиб туриш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш юзасидан музокаралар ўтказмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябр ойи охирида КХДР қитъалараро баллистик ракета синовини амалга оширганди. Ракета 87 дақиқа парвоз қилиб, Хоккайдо оролидан 200 километр узоқликка бориб тушган. Япония ҳукуматига кўра, ракета 7 минг метр баландликка қадар кўтарилган, парвоз узоқлиги эса 1000 километрни ташкил этган. Корея Марказий телеграф агентлиги баёнотида айтилишича, синов парвози «стратегик ракеталар кучи рекордини янгилаган».
Мавзуга оид
17:25 / 07.01.2025
КХДР гипертовушли баллистик ракета синови муваффақиятли ўтганини эълон қилди
21:11 / 06.01.2025
КХДР «сосискали шўрва» учун одамларни лагерларга юборишни бошлади — ОАВ
12:11 / 30.12.2024
«Уларнинг ўзи келмагунча бу хабарлар фейк деб ўйлагандим». Курскдаги шифокорлар шимолий кореялик ярадорлар ҳақида
12:14 / 29.12.2024