Доналд Трамп: «Уруш бошланиши – Байденнинг айби»
АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин илк марта журналистлар иштирокида брифингда қатнашди. Трампнинг Флоридадаги резиденциясида ўтказилган савол-жавобда бўлажак президент Украинадаги уруш, Панама канали, Гренландия ҳақида гапирди.
«Байден Украина НАТОга қўшилишга ҳақли деб гапира бошлади. Шу тариқа Россия НАТОни ўз чегараларида кўриши мумкинлигини тушунди. Байденнинг бу баёнотлари уруш бошланишига сабаб бўлди», деди Трамп. Унинг фикрича, Байден маъмурияти Россияни провокация қилган. Вашингтондагиларнинг бундай хатти-ҳаракатларини кўрган Кремл ҳужумга ўтишга қарор қилган. «Менинг президентлигим можароларга тўла даврга тўғри келмоқда», деб қўшимча қилди республикачи.
Урушни бир кунда тугатишга ваъда берган Трамп Украина ва Россия ўртасидаги уруш ҳали янаям ёмон ҳолатга келиши мумкинлигини айтди. «Мен президент бўлсам, Россия ҳеч қачон Украинага бостириб кирмасди», деб мақтанди Трамп.
Бўлажак президент Путин билан учрашуви ҳақида саволга жавоб берди: «Мен бу ҳақда аниқ бир нарса деёлмайман. Лекин президент кўришган бўларди», деган республикачи.
Қизиғи, Трамп президентликка киришгач бир кунда урушни тугатишга ваъда берганди. Брифингда Трамп урушни олти ойда тугатишини айтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин афтидан Трамп бу муддатда урушни тугатиш ҳақида айтмаган. Журналистлар бу муддатни айтишидан аввал Трампдан Путин билан қачон гаплашасиз деб сўраган. «Балки сал олдинроқдир. Россия жуда кўп ёшларни йўқотмоқда, Украина ҳам. Бу уруш умуман бошланмаслиги керак эди», деган Трамп.
Панама канали ва Гренландия
Трамп охирги вақтларда Панама каналини қайтиб олиши ва Гренландияни АҚШ таркибига қўшиб олиш бўйича гапириб келади. Кўпчилик буни жиддий гаплар эмас деб қараши мумкин, лекин афтидан республикачи бу мавзуларда жиддий гапиряпти. Чунки шу кунларда ўғлини Гренландияга юборган Трамп брифингда ҳам бу фикридан қайтмоқчи эмаслигини таъкидлади. Журналистлар Трампдан бу фикрингиздан қайтасизми деб сўрашди.
«Йўқ, бунақа ваъда беролмайман. Бир нарсани аниқ айта оламан: бу ҳудудлар бизга ҳудудий ва иқтисодий хавфсизлик учун керак. Дания дунё тинч бўлиши учун ўз ҳудудини Вашингтонга бўшатиб бериши керак. Хусусан, Хитой ва Россия кемаларидан холи тинчлик учун», деган Трамп.
Дания бош вазири Метте Фредриксен АҚШни мамлакатнинг энг яқин иттифоқчиси деб атади. Шунингдек, АҚШ Гренландияни қўшиб олиш учун ҳарбий ва иқтисодий босим ўтказмаслигини қўшимча қилди.
Трамп охирги вақтларда Канадани АҚШнинг 51-штатига айлантириш ҳақида кўп гапиряпти. Канада бош вазирлигидан кетган Жастин Трюдо эса бунинг имкони йўқлигини айтиб чиқди. «Бунинг ҳеч қандай иложи йўқ. Мамлакатимиз ишчилари биз яқин ҳамкор эканимиздан мамнун. Канадаликлар кучли инсонлар, биз таҳдидлардан қўрқмаймиз», деди Трюдо.
Доналд Трампнинг иттифоқчисига айланган миллиардер Илон Маск эса Жастин Трюдога ҳақоратомуз жавоб берди. «Қизалоқ, сен ортиқ Канада губернатори эмассан, шу учун сенинг гапинг аҳамиятсиз», деб ёзди Маск.