Жаҳон | 16:12 / 09.01.2025
581
3 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазири Шалленберг Австриянинг муваққат канцлери этиб тайинланди

Австрия канцлери Нехаммер истеъфога чиққанидан кейин ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Янги ҳукуматни шакллантириш ўнг популистларга топширилди.

Александр Шалленберг Фото: Elisabeth Mandl / Reuters

Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг янги ҳукумат коалицияси тузилмагунча федерал канцлер вазифасини бажарувчи лавозимида ишлайди. Бу ҳақда 8 январ, чоршанба куни Австрия президенти Александр Ван дер Белленнинг идораси маълум қилди.

Ван дер Беллен янги ҳукумат тузилаётган бир пайтда жорий вазирлар маҳкамасига раҳбарликни Австрия Халқ партияси (АХП)дан 55 ёшли сиёсатчига ишониб топширганини айтди. Шалленберг 2019 йилдан бери Австрия ташқи ишлар вазирлигини бошқариб келади ва янги ҳукумат таркибига кирмаслигини маълум қилган. Шалленберг 2021 йилда бош вазир Себастян Курц истеъфога чиққанидан кейин бир неча ҳафта давомида Австриянинг муваққат канцлери бўлиб ишлаган.

Карл Нехаммернинг истеъфоси

Австрияда ҳукумат инқирози АХП раиси лавозимида ишлаган Австрия канцлери Карл Нехаммер 4 январ куни ҳукумат ва партия раҳбари лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилганидан кейин бошланди. У бу қарорга Австрия социал-демократик партияси (АСДП) билан коалиция музокаралари муваффақиятсизликка учрагани сабаб эканини айтди.

«АСДП билан асосий масалаларда келишувга эришиб бўлмайди. Халқ партияси ўз ваъдаларига содиқ қолади: биз ижтимоий имтиёзлар ва бизнесга қарши чоралар ёки янги солиқлар жорий этилишига рози бўлмаймиз», — деди Нехаммер. «Шунинг учун биз АСДП билан музокараларни якунлаймиз ва уларни давом эттирмаймиз», — дея қўшимча қилди у.

Австрияда консерваторлар ўнг популистлар билан музокараларни бошлайди

Австрия Социал-демократик партияси (АСДП) ва "Янги Австрия ва Либерал форум" (NEOS) партияси билан коалиция музокаралари муваффақиятсизликка учрагач, консерватив Австрия Халқ партияси ўнг популист Австрия озодлик партияси (АОП) билан коалиция музокараларини бошлаш таклифини қабул қилди. АХП бошқаруви бир овоздан АОП билан музокараларни ёқлаб овоз берганидан сўнг, партия етакчиси Кристиан Стокер 8 январ куни музокараларга киришиш ниятида эканлигини маълум қилди, деб хабар беради APA ахборот агентлиги.

Шу билан бирга, Стокер АОП матбуот эркинлиги, Россияга нисбатан позицияси ва Европа ҳамкорлиги каби муҳим масалалар бўйича «ҳалол жавоблар»га муҳтожлигини таъкидлади.

Ўтмишда ўнг популистик партиянинг ашаддий мухолифи бўлган Кристиан Стокер ва АОП раҳбари Ҳерберт Кикл ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди яқин келажакда бўлиб ўтиши керак — аниқ белгиланмаган вақт.

Мавзуга оид