Жаҳон | 15:22
4404
3 дақиқада ўқилади

«Биз бу урушни тугатишимиз керак». Трамп Путин билан учрашувга тайёргарлик ҳақида гапирди

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп айни вақтда унинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашувига тайёргарлик кўрилаётганини айтди.

Фото: AFP

«У учрашишни истамоқда ва биз тайёргарлик кўряпмиз», — деган Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида республикачи губернаторлар билан учрашув олдидан журналистларга.

«Президент Путин учрашмоқчи. У буни ҳатто омма олдида айтди ва биз бу урушни якунлашимиз керак. У қонли ғалва», — дея қўшимча қилган Трамп Украинадаги урушни назарда тутган ҳолда, у бу бир неча бор бу урушга барҳам беришни ваъда қилган, аммо буни айнан қандай қилмоқчи эканига аниқлик киритмаган.

Трамп тайёргарлик айнан қандай кетаётгани ва Россия раҳбари билан учрашув қачон бўлишига ҳам аниқлик киритмади.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Доналд Трамп Кремл билан мулоқотга тайёрлигини олқишлаган, аммо бундай учрашувни уюштириш борасида ҳали ҳам аниқ гап йўқлигини қўшимча қилган. «Бунинг учун ҳеч қандай шартлар талаб этилмайди. Мулоқот ўтказиш, мавжуд муаммоларни мулоқот орқали ҳал қилиш учун ўзаро хоҳиш ва сиёсий ирода талаб этилади, — деган Песков 10 январ кунги брифингда. — Биз жаноб Трамп ҳам муаммоларни мулоқот орқали ҳал этишга тайёрлигини билдираётганига гувоҳмиз. Биз буни мамнуният билан қабул қиламиз».

Аввалроқ Песков журналистларга агар Трамп 20 январ кунги инаугурациясидан кейин Россия президенти билан боғланмоқчи бўлса, Москва буни фақат олқишлашини айтганди.

«Агар лавозимга киришилганидан кейин ҳам юқори даражадаги алоқаларни тиклаш бўйича сиёсий ирода сақланиб қолса, унда албатта, президент Путин буни фақат олқишлайди», — деганди у.

Доналд Трамп 7 январ куни ўз қароргоҳидаги брифингда Путин билан ярим йил ичида учрашув ўтказишга умид қилаётганини айтганди.

Песков пайшанба куни бундай учрашув бўйича ҳозирча Америка томонидан сўров келиб тушмаганини маълум қилганди.

Путиннинг ўзи декабр ойидаги жонли мулоқотда Трамп билан учрашишга тайёрлигини айтганди.

Ноябр ойида, Доналд Трампнинг президентлик сайловларидаги ғалабасидан бир ҳафта ўтанида, Washington Post газетаси сайланган президент Путин билан телефон орқали гаплашгани ва Украинадаги урушни муҳокама қилганини ёзганди.

Кремл бу маълумотни «уйдирма» деб атаган.

Мавзуга оид