Ўзбекистон | 16:57
7151
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда олтин ковлашга чиққан 2 фуқаро вафот этди

«Қорақўтон» тоғ конидаги шахтадан тошларни ковлаб олаётган 5 киши генератордан чиққан газдан заҳарланган, уларнинг 2 нафари воқеа жойида вафот этган. Пахтачи туман прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Фото: Kun.uz

2025 йил 9 январдан 10 январга ўтар кечаси Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги «Найман чўққи» ҳудудида олтин рудасини қазиб олиш учун келган йигитлар билан фожиа юз берди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, фуқаролар фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан ноқонуний равишда олтин рудасини қазиб олиш билан шуғулланган. Улардан 2 нафар йигит қўлда ковланган чуқурда вафот этган. Улар чуқурда тўпланган чиқинди газидан заҳарланган бўлиши мумкин. Вафот этганлардан бири 30 ёшда, яна бир 20 ёшда бўлган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Маълум бўлишича, 9 январ куни соат 20:00 ларда 5 нафар фуқаро «Қорақўтон» тоғ конига қарашли, маҳаллий тил билан «Найман чўққи» деб номланган шахтага тушган. Улар генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ковлаб олаётган вақтида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.

«Оқибатда, фуқаро Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, яна 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш билан 10 январ куни соат 03:30 ларда туман марказий шифохонасига келтирилган», — дейилади маълумотномада.

Ҳозирда 2 нафар марҳумнинг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан Пахтачи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Мавзуга оид