Temu'га мажбурият, телефондаги ҳужжатлар ва машҳур китоблар таржимаси — ҳафта дайжести
Ўзбекистон ҳукумати Temu, Netflix ва Booking.com каби хорижий платформалар олдига ўз талабларини қўйди. Қоғоз нусхасини кўтариб юриш шарт бўлмайдиган ҳужжатлар сони 20 тага етади. Амалдорлар коррупцияга мойиллик тестидан ўтиши мумкин. Поезд чипталари нархи 15 ой ичида тўртинчи марта оширилмоқда. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
20 хил ҳужжатнинг қоғоз шаклини олиб юришга ҳожат қолмайди
Рақамлаштириш орқали бюрократияни камайтириш борасидаги ишлар 2025 йилда ҳам давом этади. 1 июлдан бошлаб паспорт, ID-карта ва яна бир қатор ҳужжатларни кўтариб юришга зарурат анча камаядиган бўлди. Ҳукумат қарорига асосан, фуқаролар жами 20 хил ҳужжатларнинг рақамли шаклини доим ўз ёнида – телефонида олиб юриши мумкин бўлади.
Ҳужжатларнинг рақамли версияларидан давлат хизматлари порталининг myGov номли мобил иловаси орқали фойдаланилади. Ҳозир иловада яшил ва қизил паспортлар, ID-карта ва ҳайдовчилик гувоҳномасининг электрон шакли бор. Шулар қаторига яна 17 хил ҳужжат қўшилади: туғилганлик ва никоҳ ҳақидаги гувоҳномалар, пенсия ва нафақа гувоҳномаси, уй-жой кадастри, автомобил бошқариш учун ишончнома, техпаспорт, мажбурий суғурта ва бошқалар шулар жумласидан.
Электрон ҳужжатлар myGov'дан ташқари “Ижтимоий карта” мобил иловасида ҳам бўлади. 1 июлдан эътиборан, бу иловалардаги ҳужжатларнинг рақамли шакли Ўзбекистон ҳудудида қабул қилиниши мажбурий бўлади. Давлат идораларида, банк ва нотариус хизматларидан фойдаланишда, аэропортларда ички рейслар учун рўйхатдан ўтиш ва маҳаллий йўналишдаги поездларга чиқишда, агар ҳужжатнинг электрон шакли тақдим этилса, қоғоз нусхаси талаб қилинмайди.
Бир йил ичида 50 та илмий ва илмий-оммабоп китоб ўзбекчага ўгирилди
Яна бир яхши янгилик китоблар билан боғлиқ. “Минг китоб” лойиҳаси дастлабки 50 та китобнинг барчаси таржима қилиб бўлинганини маълум қилди. Айни пайтга келиб таржималарга эксперт хулосалари олинган, 26 та китоб таҳрир босқичидан ҳам ўтган, 19 тасини саҳифалаш ишлари якунига етган. Яқин вақтларда китобларни чоп этиш учун босмахоналар ўртасида очиқ тендер ўтказилиши кутилмоқда.
Шу тариқа, эҳтимол тарихда биринчи марта дунё тан олган илмий-оммабоп асарлардан нақ 50 таси бир йил ичида ўзбек тилига ўгирилди. Президент қарори асосида бошланган лойиҳани Ёшлар ишлари агентлиги қошида тузилган лойиҳа офиси амалга оширяпти. Китоблар рўйхатини атоқли олим ва зиёлилардан иборат экспертлар кенгаши шакллантиради. 2024 йилги рўйхатга кирган 50 та китоб сиёсатшунослик, иқтисодиёт, тиббиёт, физика, тарих ва бошқа соҳаларни қамраб олган.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда дунё даражасидаги илмларни ўрганиш учун замонавий адабиётларнинг ниҳоятда камлиги энг оғриқли муаммолардан бири. Шундай шароитда, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси фан, таълим ва ўзбек тилини ривожлантириш соҳаларида охирги йилларнинг энг катта воқеаларидан бири бўлди. Шунга қарамай, негадир лойиҳа учун 2025 йилда ажратилган маблағ салкам 2 баробарга камайтириб юборилди: ўтган йили 20 млрд сўм ажратилган бўлса, бу миқдор жорий йилда 12 млрд сўмга туширилган.
Коррупция. ФВБ бошлиғи, ИИБ тезкор ходими, прокуратура терговчиси ва ҳоким ўринбосарлари ушланди
У ёки бу коррупцион жиноят ҳақида эшитганда, учига чиққан ўғри ва муттаҳамлар қандай қилиб давлат амалдорига айланиб қолади, деган савол кўпчиликнинг хаёлига келган бўлса керак. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бу йўналишда янги таклиф билан чиқди. Унинг фикрича, давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ва бу лавозимлар учун захирада турган кадрларни коррупцияга мойиллик тестидан ўтказиш керак.
Бундай тартибнинг жорий этилиши – ноқонуний бойлик орттириш мақсадида давлат ишига кирганларни аниқлаш, давлат идораларига ҳалол кадрларни танлаб олиш имконини беради, деб ҳисобламоқда Акмал Бурҳонов.
Янгидан янги ташаббуслар эълон қилинаркан, эскилари унутилиб кетаётгандек таассурот ҳам йўқ эмас. Масалан, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш 3 йил олдин бошланиши, аллақачон коррупционерлар реестри тузилиб, бу реестрдаги шахсларга давлат ишида ишлаш тақиқланиши керак эди. Албатта, буларнинг амалга ошмаётгани Коррупцияга қарши курашиш агентлигига боғлиқ эмаслигини ҳам айтиб ўтиш ўринли бўлади.
Ушбу фонда коррупцион жиноятлар, пора олишлар давом этяпти. Сўнгги кунларда Поп тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 160 минг доллар билан қўлга олинди. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг тезкор ходими эса 10 минг доллар олган вақтида ушланди. Айни пайтда, Ромитан тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Азиз Бобоев фирибгарликда айбланиб судланяпти. Гулистон шаҳри ҳокимининг собиқ ўринбосари Қодир Додоев эса суд ҳукми билан 9 йилга қамалди. Маълум бўлишича, у хитойлик инвесторларни 350 минг долларга чув туширган.
Яна бир ҳолатда, Тошкент шаҳри Олмазор тумани прокуратураси терговчиси 20 минг доллар пора билан қўлга олинди. У жиноят ишига жалб қилинган гумонланувчига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлламасликни ваъда қилиб, бунинг эвазига 20 минг долларни собиқ прокуратура ходими орқали олган вақтида ушланган.
Электрон тижорат соҳасида регуляция кучаймоқда
Хитойнинг Temu маркетплейси Ўзбекистонда ҳам анча оммалашиб бораётганидан хабарингиз бўлса керак. Ўтган ойларда Temu ички бозордаги рақобатчилари билан тенг шароитларда ишлаши кераклиги ҳақида матбуотда чиқишлар кўзга ташланган эди. Ва мана, кўп ўтмай, бу борада ҳукумат қарори ҳам эълон қилинди. Қарор билан, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган хорижий электрон савдо платформаларининг фаолияти тақиқланяпти.
Ҳужжатга кўра, хориждаги маркетплейслар, буюртма агрегаторлари ва рақамли стриминг хизматлари Ўзбекистон бозорида ишламоқчи бўлса, Ўзбекистонга келиб, шу ерда юридик шахс ташкил этиши ва мижозларга ўз хизматларини ана шу юридик шахс орқали тақдим этиши керак.
Оддийроқ айтганда, бу ерда гап Temu, AliExpress, Amazon ва Ozon каби маркетплейслар, Netflix ва Spotify каби стриминг сервислари, Booking.com ва Airbnb каби буюртма агрегаторларини Ўзбекистонда солиқ тўлашга мажбурлаш ҳақида кетмоқда. Албатта, расмийлар гап фақат солиқда эмаслигини айтади. Расман олиб қараганда, шу йўл билан истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиш, шахсга доир маълумотлар, муаллифлик ҳуқуқи, реклама қонунчилиги ва бошқа соҳалардаги қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш мақсад қилинган.
2025 йил 1 июлдан бошлаб, электрон тижорат операторларидаги сотувчилар учун қўшимча талаблар кучга киради. Унга кўра, масалан, Uzum Market орқали маҳсулот сотаётган барча сотувчилар – юридик шахслардан тортиб, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларгача ўз ҳисоб-китобларини фақат алоҳида банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириши керак бўлади.
Тошкентдан Самарқандга “Афросиёб” чиптаси – салкам 300 минг сўм
1 январдан боғча пули ва бензин нархи ошган бўлса, 1 февралдан энди поезд чипталари қимматлашадиган бўлди. Темирйўлчиларга кўра, чипта нархлари “Афросиёб” поездларида 20-25 фоизга, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларида 30 фоизга ошади. Хусусан, Тошкентдан “Афросиёб”нинг эконом классига ўтириб Самарқандга етиб олиш 294 мингга, Қаршигача 406 мингга, Бухорогача 484 минг сўмга айланади. Секин юрадиган оддий (ётоқли) поездлар чиптасининг тариф қисми эса 10,5 фоизга кўтарилмоқда. Бу – темирйўл чипталари нархининг 15 ой ичида тўртинчи марта ошиши бўлади.
1 февралдан эътиборан, шунингдек, Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари ошиши эълон қилинди. Доллар курси эса бу ҳафта илк марта 13 минг сўмлик “марра”ни забт этди.
Маошлар ҳақидаги янгиликлар эса кўп эмас. Давлат дастури лойиҳасига кўра, меҳнати самарали деб топилган тиббиёт ходимларига устама тўлаш йўлга қўйилиши мумкин. Тиббиёт ходимининг самарали ишлагани қайси мезонлар асосида аниқланиши ҳозирча маълум эмас. Ўтган ойда президент ҳузуридаги тақдимотда 2025 йилда тиббиёт ходимлари учун нафақат устама жорий этилиши, балки уларнинг ойлик лавозим маоши оширилиши ҳам маълум қилинганди. Аммо бу масала давлат дастури лойиҳасига киритилмаган.
Аи-80дан воз кечишга навбатдаги уриниш
2025 йилги давлат дастури лойиҳаси билан, Аи-80 бензини сотувини йил охиригача чеклаш таклиф этиляпти. Бу масала аввалги йилларда ҳам бир неча марта кўтарилган, ўтган йили сентябрда имзоланган қарор билан бу борадаги топшириқ ижроси 2028 йилга қолдирилганди. Афтидан, атроф-муҳитни асраш йилида бу масала яна кун тартибига қайтган.
Дастур лойиҳасида, республикадаги барча иссиқлик марказлари ва электр станцияларида мазутдан фойдаланишни шу йилдан бошлаб тақиқлаш, истисно тариқасида мазутни фақат авариявий ёқилғи сифатида ишлатишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда. Сентярдаги қарорда бу тақиқ 2030 йилдан бошлаб кучга кириши, фақат Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги станцияларга тааллуқли бўлиши белгиланган эди.
Атмосфера ҳавосини тоза сақлаш учун бошқа чоралар ҳам режага киритилган. Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида асбест ва цемент ишлаб чиқариш, тери-кўнчилик ва паррандачилик фабрикалари, металлургия каби йўналишларда янги заводлар очиш тақиқланиши мумкин. Экология учун кони зарар бўлган пластик пакетларни 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳам назарда тутилган.
2025 йилги давлат дастури лойиҳасига киритилган яна бир таклиф – пиёда юришни рағбатлантириш билан боғлиқ. Таклифга кўра, бир сутка давомида 10 минг қадам юрганларга “Экофаол фуқаро” мақоми берилиши, уларга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоизлик чегирма тақдим этилиши мумкин. Оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, бу оилага “яшил оила” мақомини бериш ва ҳар йили шундай оилалардан 14 тасига лотерея орқали электромобил бериш режа қилинган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Президент Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати душанба куни Шавкат Мирзиёев меҳнат таътилига чиққанини, жума оқшомида эса таътилдан қайтганини хабар қилди. Шанба куни президент электротехника ва транспорт соҳалари бўйича тақдимотлар билан танишди. Kun.uz манбаларига кўра, йил бошида одатдагидек яна бир қатор юқори мартабали давлат хизматчилари ҳам таътилга чиққан.
Амалдорларга бюджет пулларини тежаб ишлатиш топшириғи берилди. Маълум бўлишича, 25 декабрда имзоланган президент қарори билан, 2025 йилни тежамкорлик тамойили асосида ўтказиш белгиланган. Республика ижро органларида ишловчи бошқарув ходимларининг ойликлари йил охиригача оширилмайди. Ҳокимларга эса йил охиригача маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан хизмат автомобиллари, қимматбаҳо мебеллар ва офис жиҳозлари сотиб олиш тақиқланган.
Ғайрат Дўстов учун йиғилган хайрия пуллари топширилди. Маълум бўлишича, метан-шохобчадаги навбатдан шикоят қилгани учун қамалиб чиққан Damas ҳайдовчисини моддий қўллаб-қувватлаш учун ўзбекистонликлар жами 101 млн 504 минг сўм хайрия қилишган. 6 январ куни фаоллар Дўстовни йўқлаб бориб, унга ушбу маблағларни топширишди.
Импорт қилинган автомобилларни синовдан ўтказиш учун навбат узаймоқда. “Автодекларант” канали 8 январ ҳолатига электрон навбат 12 кунгача чўзилганини маълум қилди. Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, Пискентдаги автополигоннинг қуввати сертификатланадиган импорт автомобиллар сонидан 3,5 баробарга кам. Бирор чора кўрилмаса, навбатлар узайиб бораверишини кутиш мумкин. Автомобилни божхона омборида сақлаш муддатининг узайиши эса қўшимча харажатларни юзага келтиради.
Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга доир жиноят иши судда кўрилмоқда. Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, ҳарбий суддаги маҳкама “мутлақо махфий” тарзда ўтмоқда. “Судланувчилар сони кўплиги, қўйилаётган айблов жиддийлиги ва унинг жамоатчилик учун муҳимлигига қарамай, яна мавҳумлик ҳукм сурмоқда”, дея ёзди Ташанов. Прокуратура ва суд органлари ҳозирча бу ҳақда хабар бермади.
Марказий банк фуқаролар эгалик қилиши мумкин бўлган банк карталарининг максимал миқдорини чеклаб қўйди. Эндиликда одамлар битта банкда 5 тагача, барча банкларда эса 20 тагача картага эга бўлиши мумкин. Бу чеклов виртуал ва кобейжинг карталарини ҳам қамраб олади, чет эл валютасидаги карталар ҳисобга киритилмайди. Охирги 12 ой давомида ҳеч қандай амалиёт бажарилмаган карталар блокланади. Йил охиригача амал қилиши айтилаётган вақтинчалик тартиб борасида Марказий банк расман хабар бермади. Идора аввалроқ фирибгарларга қарши курашиш учун шундай қилмоқчилигини билдирганди.
Фирибгарлар эса янгидан янги алдовларни ўйлаб топишда давом этяпти. Kun.uz'нинг ўрганишларига кўра, охирги вақтларда интернетда трединг фаолияти ёки Masdar компанияси ниқобидаги молиявий пирамидалар пайдо бўлган. Офлайн фирибгарликлар билан боғлиқ янги ҳолатлар эса доимгидек автомобил ва уй билан боғлиқ: Тошкентда 200 кишидан кўп одамга салондан автомобил чиқартириб беришини айтган, лекин ваъдасини бажармаган “Умид авто” раҳбари қўлга олинди. Навоийда эса 167 та хонадондан иборат кўп қаватли уйни 425 кишига сотган қурувчи қамоққа олинган.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
22:50 / 04.01.2025
Адолат сўраган Ғайрат Дўстов ва ваколати кенгайган ҳокимлар — ҳафта дайжести
23:05 / 31.12.2024
Йил якунлари: Ўзбекистон 2024 йилни қандай ўтказди?
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:10 / 14.12.2024