Ўзбекистон | 23:05 / 31.12.2024
15522
25 дақиқада ўқилади

Йил якунлари: Ўзбекистон 2024 йилни қандай ўтказди?

Поёнига етган йилда энергетика доимий мунозаралар марказида турди, Жаҳон савдо ташкилоти томон муҳим қадамлар ташланди, Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича аҳвол энг оғир давлатлар сафига қайтди, сиёсий саҳнада шов-шувли суиқасд рўй берди. 2024 йил мамлакатимизда кечган асосий жараёнлар шарҳи – Kun.uz дайжестида.

Иқтисодиёт

37,5 миллионга етган ўзбекистонликлар 2024 йилни қандай ўтказди? Бу саволга жавобимиз қизиқарлироқ бўлиши учун, йилномани йилнинг энг шов-шувли воқеаларини эслаб ўтишдан бошлашимиз мумкин. Лекин агар бизни жиддийроқ жавоблар қизиқтирса, у ҳолда айрим макроиқтисодий кўрсаткичларга назар ташлашимизга тўғри келади. Чунки айниқса Ўзбекистон каби камбағал мамлакатларда аҳолининг мутлақ катта қисми учун иқтисодиётдаги ҳолат, оддийроқ айтганда тирикчилик ғами матбуотдаги ҳар қандай шов-шувли воқеалардан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга.

Демак, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти ўтган йилдаги каби камида 6 фоизга ўсиши, аҳоли жон бошига ЯИМ яширин иқтисодиётни ҳам қўшган ҳолда қайта баҳолашдан кейин 3 минг долларга етиши кутиляпти. Таққослаш учун, жон бошига 3 минг долларлик ЯИМ – 5 йил олдингидан 2 баробарга кўп; шу билан бирга, дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 4,5 баробарга, Қозоғистонга нисбатан эса салкам 5 баробарга кам.

Расмийлар 2024 йил якунида камбағаллик даражаси йил бошидаги 11 фоиздан 9 фоизга тушишини маълум қилган. Шундан келиб чиқилса, бир ойлик истеъмоли 650 минг сўмга ҳам етмайдиган ўзбекистонликлар сони ҳозир салкам 3,5 млн нафарни ташкил этади.

Расмий статистикага кўра, январ-сентябр ойларида аҳолининг реал даромадлари 7,7 фоизга ўсган. Лекин бу жуда умумий рақам, чунки ҳудудлар орасидаги фарқ ниҳоятда катта: Тошкент шаҳри аҳолисининг реал даромадлари 10,5 фоизга ўсган бўлса, фарғоналиклар ва сурхондарёликларнинг топиш-тутиши атиги 1,5 фоиз атрофида ошган холос.

Реал даромадларни ҳисоблашда, инфляция 10,5 фоиз деб олинган. Йиллик инфляция ҳам 10 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Лекин бу рақамга нисбатан ишонч юқори эмас. Марказий банк сўровномалари асосида аниқланувчи сезилган инфляция кўрсаткичи ноябрда сўнгги 15 ойлик учун максимум – 14 фоиздан ошган, Тошкент шаҳрида сезилган инфляция 18 фоизга етган. Бу эса аҳолининг реал даромадлари ҳақидаги расмий рақамларни шубҳа остига қўяди. Яъни, юқорида тилга олганимиз Фарғона ва Сурхондарё каби вилоятларда яшовчи аҳоли аслида камбағаллашган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳақиқатан ҳам, инфляция ўзбекистонликлар учун йил муаммосига айланди. 1 майдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар 4 йил ичида илк марта, лекин анча сезиларли даражада оширилди; базавий норма белгиланиб, ундан ортиқ истеъмол учун табақалашган тарифлар амал қила бошлади. Шунингдек, “квартплата”, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти тарифлари ҳам ошди. Йўлкира нархлари, бензин ва пропан каби ёқилғилар, шунингдек, темирйўл чипталари бир неча марта қимматлашди. Иссиқхоналарнинг газсиз қолиши озиқ-овқат ва умумий овқатланиш шохобчаларидаги нархларга таъсир қилди. Дори воситалари учун ҚҚС имтиёзининг бекор қилиниши даволаниш харажатларини кескин оширди. Давлат олийгоҳларида 4 йилдан бери ўзгармай келган контракт қийматлари 15 фоизга кўтарилди; нарх-наво қимматлашиши боғча тўловлари ва хусусий таълим масканларини ҳам четлаб ўтмади.

Ҳукумат энергетикадаги тарифлар ошишининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга зарбасини юмшатиш учун уларга компенсация тўловлари жорий қилган, ижтимоий ҳимоя бўйича яна қатор чораларни эълон қилган бўлса-да, бошқа томондан фарзанд туғилганда бериладиган “суюнчи пули”ни қисқартириб юборгани кўпчиликни ҳайрон қолдирди. 812 минг сўмлик “суюнчи пули” 1 апрелдан бошлаб биринчи фарзанди учун барча аёлларга, иккинчи фарзанди учун эса фақат ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга бериляпти. Учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун ҳеч кимга “суюнчи пули” берилаётгани йўқ. Бундан тежаб қолинган пуллар қаерга ишлатилгани эса очиқланмади.

Йил давомида, шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари 60 млрд доллардан ошди. 1 октябр ҳолатига, мамлакатимизнинг умумий ташқи қарзи 60,2 млрд долларга етган. Шундан 32,5 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 27,7 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарзлар. Корпоратив қарзларнинг ҳам катта қисми давлат компанияларига тўғри келади. S&P халқаро рейтинг агентлигига кўра, давлат кафолатисиз олинган қарзлар ҳам охир-оқибат солиқ тўловчиларнинг гарданига тушиб қолиши мумкин. Айни пайтда, давлат ҳисобидан ташқи қарз жалб қилиш бўйича 2024 йилги лимит 5 млрд доллардан йил охирида 7,3 млрд долларгача оширилгани эътиборли. Бу – жорий йилда рекорд даражада кўп ташқи қарз олинганидан дарак бериши мумкин.

Бюджетда пул йўқ деган важ билан болаларнинг ҳаққидан қисиб қолинаётган, рекорд даражада кўп ташқи қарз олинаётган бир пайтда, бюджет маблағлари доим ҳам тўғри сарфланмаётгани, масалан, ҳар хил фестиваллар ўтказилаётганини танқид қилган ўзбекистонликлар, маданият вазири Озодбек Назарбековдан йилнинг энг шов-шувли баёнотларидан бирини эшитди. Унинг сўзларига кўра, “фестивал ўтказиш кўчани асфалт қилишдан муҳимроқ” экан.

Тадбиркорлик муҳити

2024 йилги Ўзбекистон иқтисодий ҳаётига оид муҳим янгиликларни қисқача эслаб ўтамиз. ЯИМнинг бешдан бир қисмини ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги соҳасида бу йил ҳам муҳим ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларининг ижара ҳуқуқини сотишга рухсат берилди. Бу орқали ижарага олинган ерлар ҳам бозор активига айланиб, фермерларда уларни эркин сотиш имконияти пайдо бўлди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида қонун қабул қилиниб, фермер ва деҳқонларнинг кластерлардан мустақил бўлиб ишлашлари учун ҳуқуқий шароит яхшиланди.

Пахтачиликни эркинлаштиришга қаратилган биринчи жиддий уриниш эса муваффақиятсиз бўлди. Фючерс битимлари илк марта биржада тузилганига қарамай, терим вақтига келганда кластерлар келишилган нархда пул тўлашдан бош тортди. Ҳукумат тадбиркорлар ўртасидаги шартномавий муносабатларга аралашиб, кластерларга ён босиши ортидан, фермерлар пахтани арзонроқ сотишга мажбур бўлди. Шу тариқа, амалда бу йил ҳам пахта нархини бозор эмас, яна давлат белгилаб берди. Устига устак, режани бажармаган фермерларнинг ҳокимдан ҳақорат эшитиши ҳолатлари ҳам давом этди. Ғалла мавсумида эса, қатор туманларда фермернинг буғдойини зўравонлик билан кластерга олиб бериш ҳаракатлари яна кузатилди. Шунингдек, ҳокимларнинг фермерлардан ноқонуний равишда ерни тортиб олиши ва бунинг учун жазосиз қолиши ҳолатлари ҳам тўхтагани йўқ.

Йил давомида иқтисодиётда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалар доимгидек савдо ва саноат соҳаларига оид бўлди. Йил бошида маиший техника ишлаб чиқарувчиларга кўпдан кўп имтиёзларнинг янги пакети эълон қилинди. Қўшимчасига, Ўзбекистонда дилерлик ва сервис марказлари мавжуд бўлмаган ишлаб чиқарувчиларнинг маиший техника товарларини импорт қилиш тақиқланди, маиший техникалар импортида пулли энергосамарадорлик тестлари жорий қилинди. Натижада хориждан маиший техника маҳсулотлари олиб кириш кескин камайиб кетди. Бу мавзудаги ўткир тортишувлар соҳа вакиллари, хусусан Artel раҳбари Шоҳрух Рўзиқулов ва таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров ўртасидаги қизғин баҳс билан кўпчиликнинг ёдида қолди.

Протекционистик сиёсат автомобил бозорида ҳам бутун бўй-басти билан намоён бўлди. Аввалига импортга қўшимча чекловлар киритилиб, фуқароларнинг тижорат мақсадида автомобил олиб кириши тақиқланди. Кейинроқ импорт автомобилларни сертификатлаш божхона ҳудудидан Пискент туманидаги полигонга кўчирилди, 9 млн сўмгача бўлган нархдаги электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий этилди. Кўп ўтмай, автополигон олдида узун навбатлар юзага келиб, лабораториянинг қуввати мавжуд талабдан 3,5 баробарга камлиги ойдинлашди.

Йил давомида расмийлар BYD электромобилларининг дилерлик тармоғидан ташқаридаги импортини қандай қилиб чеклаш мумкин, деган савол устида ҳам бош қотирди. Бу масала кўтарилишига BYD компаниясининг мурожаати сабаб бўлгани айтилди. Мурожаатга қандай жавоб берилгани маълум эмас, лекин юқорида айтиб ўтилган янгиликларнинг ўзи ҳам “норасмий” тарзда BYD олиб киришни анча қийинлаштириш учун етарли бўлди. Бу ўринда, ушбу чекловлар электромобилларни маҳаллийлаштириш фонида рўй бераётганини таъкидлаш керак: Жиззахда “Ўзавтосаноат” иштирокида очилган BYD заводи ишга туширилиб, Chazor ва Song Plus Champion моделларини йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқариш бошланди. “Ўзавтосаноат” раиси бюджет сегментидаги Seagull вa E2 моделларини ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини айтган бўлса, завод директори арзон нархларни ваъда қилди.

BYD Uzbekistan'нинг “акаси” UzAuto Motors эса бу йил Lacetti ишлаб чиқаришни тўхтатди. Компаниянинг энг асосий товарига айланган Cobalt учун ярим йиллаб навбат кутишлар ва баъзи-баъзидагина очиладиган ёпиқ контрактация тизими бу йил ҳам давом этди. Аммо юқорироқ сегментга келганда, кучайган рақобат муҳити UzAuto'ни Onix ва ундан қимматроқ моделлари учун чегирмалар беришга мажбур қилди.

Савдога тўсиқлар фақат маиший техника ва автомобилларга тааллуқли бўлгани йўқ. Йил бошида тўсатдан лифт импорти тўхтатиб қўйилгани сабаб, ўнлаб тадбиркорлар олиб келган юзлаб лифтлар божхонада қолиб кетди. Йил охирига келиб, қуёш панеллари импортига ҳам чеклов киритилгани маълум бўлди. Унга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб, BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган компаниялардан қуёш панеллари, инверторлар ва электр энергиясини сақлаш тизимларини импорт қилиш тақиқланади.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида бизнес дуч келган муаммолар фақат шулардан иборат эмас. Айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлаш бўйича енгилликлар бекор қилинди. Тадбиркорларни қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлаш кампанияси бу йил ҳам давом этди. Йил сўнгида эса электромобилларни қувватлаш станциялари электр тармоғидан узилиб, дабдурустдан тадбиркорлар олдига станцияларни демонтаж қилиш талаби қўйилди. Бу вазиятда тадбиркорларга ҳеч қанақа ечим таклиф қилинмагани қувватлаш станциялари бозори монополияга айланиши ҳақидаги хавотирларни ўртага чиқаряпти.

Ташқи савдо ва транспорт

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йилги саммитига қадар ташкилотга аъзо бўлиб кириш ниятида. Бу йил ҳам ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳозиргача аъзолик жараёнида музокара ўтказиш истагини билдирган 31 та давлатдан 21 таси, хусусан АҚШ ва Хитой билан якуний келишувларга эришилди. Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти нормаларига уйғунлаштириш ишлари давом этмоқда. Июн ойида имзоланган президент фармони аъзолик йўлида жиддий қадам бўлди. Ҳужжат билан, бир нечта монопол компанияларнинг алоҳида ҳуқуқлари, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинадиган бўлди. Улар орасида электротехника саноати ва автосаноатга берилган айрим имтиёзлар ҳам бор.

Йилнинг яна бир муҳим янгилиги – Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилишининг бошланиши бўлди. 5 йил давомида қуриладиган бу темирйўл Ўзбекистоннинг логистик мустақиллигини ошириб, Хитой–Европа қуруқлик коридорининг муҳим қисмига айланиш имконини беради. Шунингдек, Ўзбекистоннинг шимолий коридори – ўта абгор аҳволда бўлган Қўнғирот–Бейнеу йўлининг қайта таъмирлангани, Амударё устидан ўтувчи янги кўприк қурилгани, Бухоро–Урганч–Хива темирйўлини электрлаштириш ишлари якуний босқичга киргани ҳам транспорт-логистика соҳасида катта ютуқ бўлди.

Бир неча кун олдинги хабарларга кўра, Жанубий Корея компанияси Тошкент–Самарқанд темирйўлининг янги тармоғини лойиҳалаштиришни бошлаган. Қурилиши шу йилдан бошланиши керак бўлган Тошкент–Самарқанд пулли йўлини қуриш ишларидан эса ҳозирча дарак йўқ. Ўтган йили Тошкент шаҳри учун мингта автобус сотиб олинганидан кейин, 2024 йилги давлат дастурига вилоятлар учун 900 та автобус харид қилиш вазифаси киритилган эди – бу вазифа қай даражада бажарилгани ҳозирча маълум эмас.

Хусусийлаштириш

Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтирувчи хусусийлаштириш жараёнларига ҳам тўхталсак. Афсуски, йилнинг энг катта хусусийлаштириш жараёни очиқ ва шаффоф тарзда эмас, ёпиқ эшиклар ортида рўй берди. Ўзбекистондаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи – “UNG Petro” ҳамда Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи собиқ ташқи ишлар вазирининг ўғли Дониёр Комиловнинг компанияси эгалигига ўтди. “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлган АЁҚШлар номи йил охирига келиб “Carvon” деб ўзгартирилди. Бу активлар қачон ва қанча нархга сотилгани, ўзи умуман сотилганми ёки бошқача тарзда ҳисоб-китоб қилинганми – номаълум бўлиб қолмоқда.

2024 йилги энг йирик олди-сотди жараёнларидан яна бири ҳам айнан бензинга алоқадор бўлди, лекин унда давлат иштирок этмади: Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини айрим мажбуриятлар билан 100 млн долларга хусусийлаштириб олган Saneg компанияси заводнинг бир қисмини 140 млн долларга сотишга муваффақ бўлди. Таққослаш учун, йил давомида 10 млн доллардан ортиқ нархга хусусийлаштирилгани эълон қилинган 7 та йирик активнинг жами нархини қўшганда ҳам 140 млн долларга етмайди. Бу ўринда, Saneg завод учун 100 млн долларлик тўловни давлат ғазнасига 2,5 йилдан бери ҳалигача тўлаб бўлмагани эътиборли.

Хусусийлаштириш ҳақида гап кетганда, энг шов-шувли воқеалардан яна бири “Пахтакор” футбол клуби стадионига қўшиб сотувга қўйилгани, жамоатчилик эътирозидан кейин сотув тўхтатилгани бўлди. Пойтахтнинг собиқ ҳокими, клуб президенти Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтишича, у клуб ва стадионни текинга олиб, ривожлантирмоқчи бўлган, лекин ҳар хил гаплардан кейин бу фикридан воз кечган. “Пахтакор”ни 100 долларга берса, сотиб олмайман у ерни. Текинга берса оламан. Стадионини ҳам. Текинга берса оламан, пулга берса олмайман”, – деганди у “Лолазор” подкастидаги интервюсида.

Сўз эркинлиги ва энергетика

Туни билан метанга навбат кутиб, газ ололмаган Damas ҳайдовчисининг аччиқ, аламли гапларини эшитмаган одам қолмаган бўлса керак. Аллақачон яроқсиз ҳолатга келган пойабзали билан рўзғор тебратаётган бу йигит, ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига, Ўзбекистондаги газ инқирозининг тирик рамзига айланди. Унинг ушбу гаплари учун ички ишлар органига чақирилгани эса, Ўзбекистон йилдан йилга сўз эркинлиги рейтингида пасайиб бораётгани бежиз эмаслигини ҳам яхшигина изоҳлаб беради. Бу йил Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида 11 поғонага қулаб, “тўқ қизил” рангли, яъни аҳвол энг оғир мамлакатлар рўйхатига қайтди.

Damas'чи йигит кейинги видеоларида унга ҳеч ким босим қилмаганини айтган бўлса-да, у бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса бир йилдан кейин яна ички ишлар идорасига чақирилиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Чунки у танқид қилган соҳага энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раҳбарлик қилади. Мирзамаҳмудов эса – 1 йил, 1,5 йил олдинги гаплар учун танқидчиларини жавобгарликка тортишни ўзига эп кўрадиган ноёб амалдор. Унинг иқтисодчи Отабек Бакиров устидан киритган, лекин рад этилган аризаси Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги рейтингида Бутан ва Судан оралиғида жойлашган ўрнига ижобий таъсир қилмаслиги аниқ. Ўзи шундоғам, қандай қилиб Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида уруш гирдобидаги Судан билан ёнма-ён жойлашиб қолганига ақл бовар қилмайди.

Энергетика соҳасини сарҳисоб қиларканмиз, қишда таъминотнинг барқарорлиги ҳалигача ҳаво ҳароратига боғлиқлигича қолаётганини афсус билан таъкидлашга мажбурмиз. Исимаётган уйлар, газдан узилгани учун фаолияти тўхтаб қолган минглаб тадбиркорлар, ис газидан ўлаётган бутун бошли оилалар – минг афсуски, газга бой Ўзбекистон 21-асрнинг 25-йилига ҳам шу алпозда кириб келяпти.

Қувонарлиси, йил давомида ўндан ортиқ янги электр станциялар ишга туширилиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми кескин оширилди. Расмийларга кўра, етишмовчилик сабабли режали тарзда токни ўчириш деган нарса энди тарихда қолган: Ўзбекистон электр энергияси бўйича ўз эҳтиёжини тўлиқ қоплай оладиган даражага чиққани айтиляпти. Рўй бериб турган узилишлар эса эскирган тармоқлар мавжуд юкламани кўтара олмаслиги билан боғлиқ, демоқда Энергетика вазирлиги.

Бу соҳа ҳақида гапирганда, тарифлар масаласини эсламаслик мумкин эмас. Ҳукумат электр ва газ бўйича бу йилги тарифлар ошишини аҳоли учун нархлар 4 йилдан бери ўзгармай келаётгани билан изоҳлаши мумкиндир, лекин 2025 йил 1 апрелга белгиланган навбатдаги оширишни тушунтириш масъулларга осон бўлмайди. Чунки кутилган ислоҳот рўй бергани йўқ: нарх шаклланиши занжири батафсил очиқланмади, таннарх қандай қилиб бунчалик тез ўсяпти деган саволлар жавобсиз қолди. Яъни, “сиз пулини тўланг, уёғи билан ишингиз бўлмасин” қабилида иш тутилди. Устига устак, газлаштирилмаган ҳудудларга нисбатан лимит белгилашдаги адолатсизликка ҳам чек қўйилмади. Ижтимоий норма борасида Олий судга арз қилган фуқаронинг шикояти негадир кўриб чиқилгани ҳам йўқ. Айни пайтда, электромобиллар учун алоҳида тунги тариф қачон жорий этилиши ҳам номаълум.

Энергетикада йилнинг яна бир муҳим воқеаси – атом электр станцияси қурилиши бўйича узил-кесил якуний қарор қабул қилингани бўлди. Путиннинг Тошкентга ташрифи вақтида аввалги битимга ўзгартириш киритилиб, Жиззахда йирик АЭС эмас, кам қувватли АЭС қуришга келишилди. Бош пудратчиси “Росатом” бўладиган 330 мегаваттлик станциянинг илк реактори 5 йилдан кейин ишга туширилиши мумкин. Ўтган ойларда “ЎзАтом” директори бундай кичик АЭСларни бутун республика бўйлаб қуриш масаласини кўтарган бўлса, энергетика вазири 2040 йилгача Ўзбекистонда барибир йирик АЭС ҳам қурилишига ишонч билдирди.

Шу билан бирга, реал амалий ҳаракатлар АЭС йўналишида эмас, асосан шамол ва қуёш станцияларини кўпайтиришда кўзга ташланаётганини қайд этиш керак. Айнан қайта тикланувчи манбалар ҳисобидан электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириб бориш, 2030 йилдан бошлаб ортиқча электр токини ҳатто Европага экспорт қилиш режа қилинган. Ноябр ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари бу лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзолади. Табиий газ дефицити борасидаги режалар эса газни тежовчи технологияларга ўтиш, камайиб бораётган қазиб олишни кўпайтириш ҳамда Россия ва Туркманистондан импортни оширишдан иборат. Энергетика вазирлиги 2027-2030 йилларгача газ ва свет масаласида ҳеч қандай муаммо қолмаслигига ваъда берган. Ҳозирча эса, вазирлик ҳайдовчиларга “газ бўлмаса, бензин қуйиш”ни маслаҳат беряпти:

Уйи совуқ бўлгандан кўра, метан-заправкада озгина навбат кутиши мумкин. Ёки навбат кутишни истамаса, бориб бензин харид қилиб бемалол юриши мумкин”.

Ташқи сиёсат

2024 йилги ташқи сиёсатга оид воқеаларни эслаганда, биринчи бўлиб яна Россиянинг Ўзбекистон ички ишларига мунтазам равишда аралашиб келаётгани ёдга тушади. Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги гапидан кейин ўзбек элчисининг Россия ТИВга чақирилгани, Тошкентдаги мактабда рус тили дарси вақтида рўй берган воқеа учун Москва Тошкентдан изоҳ талаб қилгани, Россия парламенти мансабдори Ўзбекистонга Украинанинг тақдирини эслатгани шулар жумласидан. Йил сўнгида эса Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик икки амалдорга очиқчасига таҳдид билан чиқди.

Бу ҳолатларга Ўзбекистон томонидан айрим фаол депутатлар жавоб қайтариб турди. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувларидан бирида Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни сўради. Яна бир ҳолатда, россиялик шовинистларнинг куракда турмайдиган ҳақоратли гаплари сериясидан кейин, Ўзбекистонда рус пропаганда телеканалларини ёпишга чақирган Маънавият ва маърифат маркази директори Минҳожиддин Мирзо бир неча кун ўтиб ишдан олингани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Шу билан бирга, шовинистларнинг чиқишларига жавоб сифатида, хорижликларни номақбул шахс деб топиш ҳақида қонун қабул қилинди.

Шимолдан бўлаётган босимларга қарамай, Ўзбекистон бу йил КХШТ ва ЕОИИга аъзо бўлишдан бош тортди, айни пайтда, BRICS'да ҳамкор-давлат мақомини олди. Россияга боғлиқликни камайтириш учун, ташқи сиёсатда миграция географиясини кенгайтириш асосий йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда ва бу аста-секин натижа бера бошлади: хориждан пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши сезиларли қисқаряпти. 1 июндан бошлаб, мигрантларнинг имтиҳон, виза ва авиачипта харажатларини давлат томонидан қисман қоплаб бериш йўлга қўйилди.

Ташқи сиёсатда, шунингдек, Ўзбекистон Ғазодаги урушни тўхтатишни ёқлаб қатор баёнотлар бергани, Шавкат Мирзиёев Фаластин борасидаги Ғарбнинг иккиюзламачилигини кўп бора танқид қилганини таъкидлаш лозим. Марказий Осиё интеграцияси бўйича янги ташаббуслар илгари сурилгани, Қирғизистон билан чегарадаги иккита муҳим постнинг очилгани, Тожикистон ва Озарбойжон билан иттифоқчилик шартномалари имзолангани, бош вазир Абдулла Арипов тан олинмаган “Толибон” назоратидаги Кобулга ташриф буюргани ҳам муҳим воқеалардан бўлди. Ўзбекистонликлар бу йилдан бошлаб энг оммавий туристик йўналишлар қаторидаги БАА ва Таиландга визасиз бориш имконига эга бўлди. Келаси йили Хитой ҳам Ўзбекистон ватандошлари учун визасиз режимни жорий қилади.

2024 йил яна қайси воқеалар билан ёдда қолди?

Албатта, Париж олимпиадаси ва паралимпиадаси билан. Атлетларимиз иккала мусобақада ҳам 13-ўринни эгаллаб, миллий спортимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очишди. Олимпиадада 8 та олтин, Паралимпиадада эса нақ 10 та олтин медал қўлга киритилди. Диёра Келдиёрова, Асила Мирзаёрова каби спортчиларимиз йил қаҳрамонлари бўлишди. Жамоавий спорт турларидан илк марта футболда ҳам олимпиадага чиқишни уддаладик. Йигитлар гарчи битта дуранг ва иккита мағлубият билан қайтган бўлса-да, бу – ўзбек футболининг охирги 30 йилдаги энг катта ютуғи бўлди.

Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини ўзлаштиришда йирик авария рўй берди. 1 сентябр кунги дастлабки портлаш қурбонларсиз бўлган бўлса, орадан 17 кун ўтиб кузатилган такрорий аварияда пудратчи Eriell'нинг 4 нафар ходими ҳалок бўлди. Воқеа аҳоли, айниқса болалар саломатлигига жиддий таъсир қилгани, одамлар ўлими рўй бергани, ҳудуд экологиясига шикаст етганига қарамай, ҳолатни батафсил текшириш учун жиноят иши қўзғатилмагани ҳайратланарли ҳол бўлди. Охирги марта ноябр ойида яна бир портлаш кузатилгани, шундан кейин бадбўй ҳид камайгани хабар қилинганди.

Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд сиёсий саҳнадаги энг катта воқеалардан бири бўлди. Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Алламжонов лавозимидан озод этилганидан кўп ўтмай, унга нисбатан суиқасд уюштирилди. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча 7 нафар гумонланувчи қўлга олинган, икки нафар Россия фуқароси (чеченистонлик экани айтилмоқда) қидирувга берилган. Суиқасд юзасидан ўтказилаётган текширувлар доирасида ДХХ ва ИИВда қатор истеъфолар рўй берди. ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан бўшатилди.

Формал жиҳатдан олиб қараганда, йилнинг асосий воқеаси – бу депутатликка сайловлар бўлиши керак эди. Аммо ўша-ўша бешта партия иштирокида ўтган сайлов сиёсий ўзгаришларга олиб келмади: барча даражадаги раҳбарлар – туман ҳокимларидан тортиб, Сенат раисигача ўз лавозимида қолди. Ҳукумат аъзоларининг барчаси, ҳатто танқидлар ёмғири остидаги энергетика вазири ҳам ҳеч қандай савол-жавобсиз ўз лавозимига қайта тасдиқланди. Шу сабаб, янги парламент илк мажлисларидан бирида ҳукуматнинг 10 триллион сўмлик харажатларини 10 дақиқага бормай, бирор саволсиз тасдиқлаб бергани ҳам амалда кўпчиликни ҳайрон қолдиргани йўқ.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид