Ўзбекистон | 22:20 / 13.01.2025
5559
6 дақиқада ўқилади

13 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Озодликка чиққан Салимбой, машҳур мафкурачи аёлнинг вафоти, ўзини банд қилган таксичиларга енгиллик ва илонни тириклай ямлаган инсонга жарима — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Салимбой озодликка чиқди

Машҳур тадбиркор ва жамоат арбоби Салим Абдувалиев саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли 2025 йил 12 январ куни жазодан озод қилинди. Бу ҳақда Kun.uz ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Салим Абдувалиев 2023 йил декабр ойида ўқотар қуролни қонунга хилоф сақлаш айби билан ушланган ва 2024 йил март ойида Жиноят кодексининг 248-моддаси 2-бандига мувофиқ 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.

75 ёшли Абдувалиев узоқ йиллар давомида касаллик билан курашиб келгани сабабли Жиноят кодексининг 75-моддасига асосан жазони ўташдан озод қилинган. Ушбу модда оғир касалликка чалинган шахсларни жазодан озод қилиш тартибини белгилайди.

Салим Абдувалиев Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, ўз вақтида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон спорт кураши ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаган.

Машҳур мафкуравий арбоб вафот этди

Ўзбекистон ССРда мафкура соҳасидаги етакчи шахслардан бири бўлган Раъно Абдуллаева 89 ёшида оламдан ўтди. У 1935 йилда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган бўлиб, 1970−1987 йилларда мамлакатдаги энг нуфузли сиёсий арбоблардан бири сифатида фаолият юритган.

Абдуллаева 1963−1971 йилларда Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби сифатида ишлаган. Кейинчалик у Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасида мафкура бўйича котиб сифатида фаолият юритган. У ўз даврида мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида муҳим рол ўйнаган.

Шунингдек, у «пахта иши» доирасида қамоққа олинган, аммо кейинчалик СССР Олий судининг қарори билан оқланган. Унинг сўнгги йилларда берган интервюлари ўтмиш воқеаларига янада ёруғлик туширган.

Раъно Абдуллаева Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзатом» агентлиги раҳбари Азим Аҳмедхўжаевнинг бувиси эди.

Ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик

Энди транспорт ва логистика соҳасига оид айрим янгиликлар билан таништирамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 январ куни соҳани ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик қилишга доимий рухсат бериш бўйича қарор қабул қилди.

Икки йил олдин жорий этилган вақтинчалик тартиб натижасида расмий таксичилар сони 6 баробар ошиб, 457 мингга етган эди. Энди бу тартиб доимий бўлади. Таксиларга мижоз топишда қулайлик яратувчи 151 та агрегатор компаниянинг фаолияти тартибга солинади, уларнинг давлат, ҳайдовчилар ва йўловчилар олдидаги мажбуриятлари аниқ белгиланади.

Президент йиғилишда халқаро транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Маҳаллий экспедиторларга халқаро юк ташиш хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи олинмайди, бу эса уларнинг бозордаги улушини 50 фоизга етказиш имконини беради. Халқаро юк ташиш ҳажмини 2 баробарга ошириш ва транспорт хизматлари экспортини 3 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Чегараларда электрон навбат тизимини жорий этиш орқали ўтиш вақтини 20 дақиқагача қисқартириш, транспорт воситаларини онлайн кузатиш тизимини йўлга қўйиш вазифалари берилди.

Ҳудудларда 16 та автовокзал қурилади

2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар режалаштирилган.

Унга кўра, ҳудудларда 16 та янги автовокзал ва автостанциялар қурилади ва мавжудлари реконструкция қилинади. 50 та янги жамоат транспорти йўналиши ташкил этилади.

Жамоат транспортида электрон тўловлар улуши 15 фоиздан 30 фоизгача оширилади.

Жамоат транспорти учун 700 та янги замонавий автобус харид қилинади. 743 та бекат қурилади ёки реконструкция қилинади.

Автобус ҳаракати учун устуворлик яратиш мақсадида, шаҳарларда 150 км алоҳида автобус йўлаклари ташкил қилинади.

Электромобиллар учун заряд станциялари

2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳада бир қатор экологик ва инфратузилмани ривожлантириш чоралари ҳам кўзда тутилган.

Халқаро аҳамиятга эга автомобил йўллари бўйида электромобиллар учун зарядлаш станциялари ташкил этилади.

Мавжуд бензин ва метан тўлдириш шохобчаларида зарядлаш станцияларининг дислокацияси белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинади.

Электромобиллар инфратузилмасини кенгайтириш чоралари амалга оширилади.

Тирик илонни еб юборган одам

Тирик илонни еб юбориб, унинг тасвирини ижтимоий тармоқларда жойлаган инсонга нисбатан яхшигина жарима қўлланди.

Воқеа Жиззах вилояти Зомин туманида рўй берган. Жиззах вилояти Экология бошқармаси хабарига кўра, олиб борилган текширувларда ушбу ҳаракатни зоминлик Қ.Ҳ. исмли фуқаро содир этгани маълум бўлди. У ёввойи табиатда учрайдиган кўлвор илонни тириклай еб юборган ва буни тасвирга олган.

У «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талабларини бузган деб топилди. Давлат инспекторлари фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси бўйича 7,5 млн сўм жарима тайинлади.

Шунингдек, фуқарога нисбатан табиатга етказилган зарар сифатида 1 млн 125 минг сўм миқдорда қўшимча товон пули ҳисобланди.

Мавзуга оид