Жаҳон | 19:33 / 13.01.2025
6949
4 дақиқада ўқилади

Россияга киритилган янги санкциялар таъсир кучи жиҳатидан SWIFT'дан узишга тенг — Шуҳрат Расул

Ғарб томонидан шу пайтгача киритилган санкциялар орасида энг таъсирлиси Россиянинг йирик банкларини халқаро транзакциялар тизимидан узиш бўлганди. Куни кеча эълон қилинган, Россия нефт саноатини нишонга олган янги санкциялар худди шундай даражадаги таъсир кучига эга, дейди таҳлилчи Шуҳрат Расул.

“Газпромнефт” ва “Сургутнефтгаз” компаниялари АҚШ санкцияларига учраши Россия учун қандай оқибатларга эга бўлади? Сиёсий таҳлилчи Шуҳрат Расул “Геосиёсат” ҳафтаномасида ушбу савол бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Янги санкциялар нафақат “Газпромнефт” ва “Сургутнефтгаз”, балки Россиянинг энг йирик суғурта компанияларидан бўлмиш “Ингосстрах” ва “АлфаСтрахование”ни ҳам ўз ичига олади. Бунгача 15 та пакет санкциялар киритилган ва улар орасидан энг кучлиси SWIFT'дан узиш эди, мана шу тўртта компанияга киритилган янги санкцияларни эса зарар бериш қудрати бўйича шу билан тенглаштириш мумкин.

Нефт ва нефт маҳсулотларига санкциялар 2023 йил 10 февралда киритилган эди, лекин Россия бу санкцияларни айланиб ўтиш механизмларини ишлаб чиқди ва чекловларни қисман девалвация қилди. 2022 йилда Россия фақат нефт сотишдан 374 миллиард доллар тушум олган. 2023 йилда эса санкциялар ва нефт нархи тушгани ҳисобига, нефт сотишдан тушум 221 миллиард долларни ташкил қилган. 2024 йил учун ҳали статистика йўқ, лекин мутахассислар фикрига кўра, бу 200 млрд доллардан камроқ бўлади. Агар бу санкциялар олиб ташланмасдан изчил амалга оширилса, катта эҳтимол билан 2025 йил Россия Федерацияси нефт бозорида бор-йўғи 120 ёки 130 миллиард доллар тушум билан якунлаши мумкин. Рақамларни 2022 йил билан таққосласак, уч каррага тушиб кетган бўлади.

Қолаверса, танкерларга қаратилган санкциялар ҳам бор. Россия қандай қилиб санкцияларни айланиб ўтаётган эди? Улар дунё бўйича эски ва янги 400 дан ортиқ танкерларни сотиб олиб, кейин уларни ўзлари суғурталади. Шаклланган анъанага кўра, нефт ва газни сотиш бўйича суғурта амалиётларининг 90 фоизи Лондонда амалга оширилади. Россия эса “Ингосстрах” ва “АлфаСтрахование” орқали ўзи суғурталаб, нефтни асосан Ҳиндистон, қисман Индонезия, Жануби-Шарқий Осиё ва Хитойга сотаётган эди. Ҳозир шу танкерларнинг қарийб 300 таси санкцияга тушди.

Янги санкциялар фонида, Хитой ҳукумати қарори билан баррели 60 доллардан қиммат нарх билан келаётган танкерлар учун Пекин портларини ёпиш ҳақида қарор чиқарди. Албатта, бу янги санкциялар билан ҳамоҳанг, акс ҳолда, Хитой компаниялари ҳам санкцияга тушиб қолиши мумкин.

Ҳиндистон ҳам бир ҳафта аввал нарх кўрсаткичи бўйича биз санкцияга тушадиган бўлсак, олдинги келишувларни ва шартномаларни кўриб чиқамиз, деб айтган.

Шунинг учун мен айтмоқчиман, бу санкциялар ўзининг куч-қудрати бўйича Россияни SWIFT'дан узиш билан тенг.

Энди бошқа бир масала бор: санкцияларни қайси маъмурият киритяпти? Кетаётган Байден маъмурияти. Эртага янги маъмурият, масалан, республикачилар, Трамп бу санкцияларни олиб ташласа ёки юмшатса, бу пакетнинг айтиб ўтилган даражадаги самараси бўлмайди”, – дейди Шуҳрат Расул.

Мавзуга оид