Шимолий Европа ва Болтиқбўйи — Россия нефтига нархни пасайтириш тарафдори
«Россия нефтининг нархи қанча паст бўлса, тинчлик шунчалик тез бўлади», деди Швеция ташқи ишлар вазири Мария Малмер Стенергаард Сэлен шаҳрида бўлиб ўтган мудофаа анжуманида.
Шимолий Европа ва Болтиқбўйи давлатлари Москванинг Украинадаги урушини молиялаштириш учун фойдаланадиган даромадларини камайтириш мақсадида G7 давлатлари мувофиқлаштириши доирасида Россия нефти нархини пасайтиришга чақирмоқда. Бу ҳақда 12 январ, якшанба куни Швеция интернет нашрлари Европа комиссиясига ташқи ишлар вазирлари томонидан тегишли таклиф билан хат юборилгани ҳақида ёзди.
Хусусан, Швеция Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мария Малмер Стенергаард мурожаатга имзо чекди. «Россия нефтининг нархи қанчалик паст бўлса, тинчлик шунчалик тез келади», деди у Сэлен шаҳрида бўлиб ўтган мудофаа конференциясида.
Вазирнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир баррел нархининг 10 долларга пасайиши Россия учун йилига 200 миллиард доллар йўқотишни англатади, бу Россия ҳарбий бюджетининг 15 фоизига тўғри келади. 2022 йил октябр ойида ЕИ ва "Катта еттилик" давлатлари Россия нефтининг бир баррели 60 АҚШ долларидан ортиқ нархда сотилмаслигига келишиб олдилар.
Бербок: Россия «соядаги флоти»нинг занглаган танкерлари - ЕИ учун таҳдид
Болтиқ денгизида бошқарувни йўқотган ва деярли 100 минг тонна нефт билан Германия қирғоқлари яқинида сузиб юрган Eventin танкери Россия «соядаги флоти»нинг бир қисми бўлиб, эски кемалардан фойдаланиш Европа хавфсизлигига таҳдид солади. Бу ҳақда 10 январ куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок маълум қилди. Шу билан бирга, Бербок Россия президенти Владимир Путинни нафақат «занглаган танкерлар паркидан фойдаланиш» орқали Москвага жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишда, балки «Болтиқбўйи минтақасида туризм таҳдид остида қолишини атайлаб таъминлашда» айблади.
Аввалроқ Германиянинг Марказий денгиз фавқулодда қўмондонлиги Россиянинг Уст-Луга портидан чиққан, 99 минг тонна нефт олиб кетаётган Eventin танкери Германиянинг Рюген ороли яқинида бошқарувни йўқотгани ҳақида хабар берган эди. Кемага учта немис буксири юборилди. Германия томонининг маълум қилишича, кемада нефт сизиб чиқиши аниқланмаган, атроф-муҳитга ҳеч қандай таҳдид йўқ, экипажни эвакуация қилишнинг ҳожати йўқ.
Eventin Панама байроғи остида ҳаракатланади, лекин аслида, Greenpeace халқаро экологик ташкилотига кўра, у Россия Федерациясининг «соядаги флоти» деб аталадиган кемалардан биридир. У сўнгги йилларда турли кичик мамлакатларда рўйхатга олинган, аммо амалда Россия назорати остида бўлган бир неча юз танкерлардан иборат. Москва Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Ғарб давлатлари томонидан киритилган эмбаргони четлаб ўтиш учун улардан нефт сотиш мақсадида фойдаланади.
Мавзуга оид
21:39
Хитой ва Ҳиндистон санкция остига тушган Россия нефт танкерларини қабул қилмади
20:44
Эрон ядровий дастурини ривожлантириш учун Россияга махфий миссиялар юборган — The Times
19:33
Россияга киритилган янги санкциялар таъсир кучи жиҳатидан SWIFT'дан узишга тенг — Шуҳрат Расул
17:05