Жаҳон | 14:37
1911
2 дақиқада ўқилади

Сеул: Россиянинг Украинага қарши урушида Шимолий Кореянинг 300 аскари ўлдирилди

Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан ташқари, КХДР 2700 нафар яраланган аскарини ҳам йўқотган. Украина президенти Зеленский асирга олинган шимолий кореялик жангчиларни КХДР етакчисига топширишга тайёрлигини билдирди.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

13 январ, душанба куни жанубий кореялик депутат Жанубий Корея разведкаси маълумотларига таяниб, Россиянинг Украинага қарши урушида Шимолий Кореянинг 300 га яқин аскари ҳалок бўлгани, яна 2700 нафари яралангани ҳақида хабар берди.

«Шимолий Корея қўшинларининг Россияда жойлаштирилиши Курск областини ҳам қамраб олгани маълум қилинмоқда, Шимолий Корея кучлари орасида йўқотишлар сони 3000 дан ошган, жумладан, 300 га яқин аскар ҳалок бўлган ва 2,7 минг киши яраланган», — деди депутат Ли Сонг Квун Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) брифингидан сўнг.

Депутат: Аскарларга таслим бўлиш тақиқланган

Шимолий Кореянинг "Бўрон" нуфузли корпусидан экани тахмин қилинган аскарларга, агар асирга тушиб қолиш хавфи бўлса, ўз жонига қасд қилиш буюрилган, деди Ли. «Айниқса шуни таъкидлаш жоизки, ҳалок бўлган аскарлар устидан топилган ёзувлар Шимолий Корея ҳукумати томонидан қўлга тушмаслик учун уларни ўз жонига қасд қилишга ёки ўзини портлатишга мажбурлаш бўйича босимдан далолат беради», — деди жанубий кореялик депутат.

Бу аскарларнинг баъзилари «афв этилган» бўлса, баъзилари жанглар орқали ҳаётларини яхшилаш умидида ихтиёрий равишда КХДР Меҳнат партиясига қўшилишган. Асирга тушишга яқин турган Шимолий Корея аскарларидан бири: «Генерал Ким Чен Ин!» дея ҳайқирди ва гранатани портлатмоқчи бўлган, аммо отиб ўлдирилган, деди Ли.

NIS экспертлари таҳлили шуни кўрсатдики, Шимолий Корея аскарлари «замонавий уруш ҳақида тушунчага деярли эга эмас» ва Россия томонидан «юқори қурбонлар кўрсаткичи»га олиб келадиган тарзда фойдаланилмоқда», деди депутат.

Мавзуга оид