Ўзбекистон | 17:49 / 14.01.2025
1643
2 дақиқада ўқилади

БАА компанияси билан чиқиндидан электр энергияси олиш бўйича шартнома имзоланди

Айни пайтда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган "Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" халқаро саммити доирасида Ўзбекистон ва БАА ўртасида чет эл инвестициялари ҳисобига чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.

Фото: Экология вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда БААнинг “Tadweer Group” йирик компанияси билан лойиҳани амалга ошириш борасида келишувларга эришилди

Таъкидлаш жоизки, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишган ва лойиҳалар ижтимоий жиҳатдан жуда катта аҳамиятига эга эканлигини таъкидлаганди. 
 
Маълумот учун, “Tadweer Group” компанияси лойиҳасига кўра, Бухоро вилоятида 10 гектар ер майдонида қиймати 200 млн АҚШ долларига тенг чиқинди ёқиш заводи қурилади ва кунига 1 500 тонна чиқинди ёқилади. Қурилиш жараёнлари 2025-йилдан бошланиб, 2027-йилда Бухорода Навоий вилояти учун ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод ишга тушиши режалаштирилган. 

Мазкур лойиҳа орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 363 млн кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқартирилади, 21 минг хонадон электр энергия билан таъминланади.  Шунингдек, 150 та қўшимча иш ўрни яратилади ва йилига 350 нафар малакали мутахассис тайёрланади.

Мавзуга оид