Жаҳон | 09:07
7262
2 дақиқада ўқилади

Дания разведкаси: Россия АҚШнинг Гренландияни сотиб олиши ҳақидаги мактубни сохталаштирган

Беш йил аввал Арканзас штатидан сенаторга Гренландия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари номидан мактуб йўлланган бўлиб, унда АҚШ томонидан оролни сотиб олиш ҳақида гап борган. Дания разведкаси маълумотларига кўра, у рус агентлари томонидан сохталаштирилган.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Дания контрразведкаси 2019 йилда Россия разведка хизматлари Гренландия ташқи ишлар вазири номидан америкалик сенаторга юборилган Гренландияни сотиб олиш таклифи ёзилган хатни қалбакилаштиришни ташкил қилганини тасдиқлади. Бу ҳақда 13 январ, душанба куни Дания полицияси разведка хизмати (PET)га таяниб, Newsweek ва Bild нашрлари хабар берди.

«Хатни Россиянинг нуфузли агентлари тўқиб тарқатган бўлиши мумкин. Уларнинг мақсади Дания, АҚШ ва Гренландия ўртасида чалкашликларни келтириб чиқариш ва можаро қўзғатиш эди», — дея маълум қилди Дания разведкаси 2022 йилда ўтказилган тергов натижаларига кўра.

Ушбу мактуб 2019 йил 23 октябрда ёзилган ва Арканзасдан республикачи сенатор Том Коттон номига йўлланган ва орол ташқи ишлар вазири Ане Лоне Баггер томонидан имзоланган. Унда Гренландия мустақиллиги бўйича референдум ўтказиш юзасидан Вашингтон билан эҳтимолий келишув муҳокама қилинган ва АҚШдан молиявий ёрдам сўралган.

Даниянинг Politiken нашри 2019 йил ноябр ойида бу хат Россия томонидан сохталаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Ўшанда Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни «асоссиз» деб атаган.

Коттоннинг ўзи 2019 йил август ойида АҚШнинг Гренландияни қўлга киритиши масаласини ўша пайтдаги президент Доналд Трамп билан суҳбатда кўтарганини айтди, деб ёзади Newsweek. Трамп биринчи марта ўша йили бу ғояни илгари сурган. Копенҳаген томонидан рад этилганидан сўнг, Трамп Данияга ташрифини бекор қилди. 2024 йил декабрида Оқ уйнинг сайланган раҳбари бу масалани яна кўтарди ва 2025 йил 7 январда унинг ўғли кичик Доналд Трамп оролга келганида, Гренландия Қўшма Штатларга «миллий хавфсизлик мақсадлари» учун кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид