Жаҳон | 13:53
2563
2 дақиқада ўқилади

Венгрия «Турк оқими»га ҳужумлар ҳақидаги маълумотдан хавотирда

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Москва томонидан эълон қилинган «Турк оқими» станциясига дронлар ҳужумини ўз мамлакатининг суверенитетига тажовуз қилиш билан тенглаштирди.

Фото: Facebook / szijjarto.peter.official

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Россия Мудофаа вазирлигининг Краснодар ўлкасидаги «Турк оқими» қувурининг компрессор станциясига дронлар билан «ҳужум қилишга уриниш» ҳақидаги хабарларидан хавотир билдирди. Ушбу газ қувури яқинидаги ҳарбий ҳаракатлар Венгрия суверенитетига таҳдид солади, деб ёзди Сийярто 13 январ, душанба куни Facebookʼда.

«Энергия таъминоти хавфсизлиги суверенитет масаласидир, шунинг учун энергия таъминотимиз хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳаракат суверенитетга ҳужум сифатида кўрилиши керак», деди у.

Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, «Турк оқими» Венгрия ва Марказий Европага табиий газ етказиб бериш учун зарур ва узоқ йиллар давомида ишончли транспорт йўли бўлиб келган. Будапешт «ушбу транспорт маршрутининг хавфсизлиги ва функционаллиги ҳамма томонидан ҳурмат қилинишини» кутади, деди Сийярто.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги 11 январ куни Украина дронлари «Турк оқими» орқали Европа давлатларига газ етказиб берувчи Краснодар ўлкасидаги «Русская» компрессор станциясига ҳужум қилишга уринганини маълум қилганди. Департамент маълумотларига кўра, барча тўққизта дрон уриб туширилган, қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ. Украина томони бу ҳодисага ҳозирча изоҳ бермади.

Қора денгиз тубидан ўтувчи «Турк оқими» қувури 2020 йилда фойдаланишга топширилган. У табиий газни Россиядан Туркиянинг Европа қисмига ташийди ва у ердан ёнилғини бирлаштирувчи қувурлар орқали Европанинг бошқа мамлакатларига, асосан Болгария, Сербия ва Венгрияга йўналтиради.

Мавзуга оид