Жаҳон | 17:51
580
2 дақиқада ўқилади

Финландия аэропортлари GPS фаолиятидаги узилишлар туфайли муқобил тизимдан фойдаланишга ўтмоқда

Traficom транспорт ва алоқа агентлиги экспертига кўра, Россия томонидан GPS фаолиятига халақит бериш ҳолатлари сезиларли даражада ошган. Ҳозирда Финландиядаги 14 та аэропорт ерусти станция тизимлари тармоғидан фойдаланмоқда.

Фото: Antti-Petteri Karhunen / Yle

Финландиядаги деярли барча аэропортлар GPS тизимидаги носозликлар туфайли муқобил тизимлардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда, деб хабар берди Yle.

«Ўтган йилнинг январидан бери Россия томонидан GPS тизими орқали халақит беришлар сезиларли даражада ошди», — дейди Traficom транспорт ва алоқа агентлиги эксперти Тапани Мауконен.

Қайд этилишича, ҳозирда Финландиядаги 14 та аэропорт самолётларни қўндиришда радар ва ҳаво кемаси қаерда эканини аниқловчи ерусти станция тизимлари тармоғидан фойдаланмоқда.

Қиш ва баҳор давомида Кеми-Торнио, Йоенсуу ва Коккола-Пиетарсаари аэропортлари ҳам GPS ўрнига шу каби тизимдан фойдаланишга ўтади.

Traficom маълумотларига кўра, 2024 йилда Финландия ҳаво маконида жами 2,8 мингта GPS фаолиятига халақит бериш ҳолатлари аниқланган — ундан бир йил олдин ушбу кўрсаткич қарийб 200 тани ташкил этган холос.

2024 йилнинг ноябрида Шарқий Финландиядаги учта аэропорт Россия GPS фаолиятига халақит бераётгани боис самолётларни қўндиришда эски радиолокацион тизимлардан фойдаланишга қарор қилгани тўғрисида хабар берилганди. Finavia’нинг хавфсизлик ва инфратузилма бўйича вице-президенти Хенри Ханссони сўзларига кўра, ҳаво бандаргоҳлари 1960 йилларда ишлаб чиқилган DME радионавигацион тизимларидан фойдаланади.

Мавзуга оид