Жаҳон | 12:55
2859
8 дақиқада ўқилади

Оташкесимга кўнган ҲАМАС, Исроил армиясида иш ташлаш хавфи ва мактабларда телефонни тақиқлаган Бразилия — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг тугаш билмаётган ҳужумлари туфайли Ғазода ўлим конвейери вужудга келган. Дайр-ул-Балаҳдаги «Ал-Ақсо шаҳидлари» шифохонасига ҳалок бўлган фаластинликларнинг жасадлари олиб келинмоқда.

Исроилнинг Ғазо секторининг турли жойларига қилган ҳужумлари натижасида ўтган сутка ичида 53 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ва кўплаб инсонлар яралангани хабар қилинмоқда.

Жабрланганлар, жумладан, кўплаб болалар, биринчи ёрдам олиш учун шифохонага етказилаётган бўлса-да, дорилар етишмаслиги ва инфратузилманинг вайрон бўлгани уларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда.

2023 йил 7 октябрдан бошлаб Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужумлари натижасида 46 минг 584 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, уларнинг 17 минг 841 нафари болалар, 12 минг 298 нафари эса аёллардир. Яраланганлар сони 109 минг 731 кишини ташкил қилади.

Ғазо вайроналари остида ҳалигача минглаб жасадлар қолмоқда. Исроил ҳужумлари шифохоналар ва таълим муассасаларини ҳам нишонга олиб, фуқаролик инфратузилмасига катта зарар етказмоқда.

ҲАМАС оташкесимга кўнди

ҲАМАС ва Исроил ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга оид келишув лойиҳаси бўйича катта силжиш кузатилди. Ҳозирча келишувнинг батафсил жиҳатлари муҳокама қилинмоқда.

Associated Press агентлиги маълумотига кўра, лойиҳа қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

1-босқич — 42 кун мобайнида гаровда ушлаб турилган 33 нафар Исроил фуқаролари озод қилинади. Исроил армияси эса Ғазо ҳудудларидан чиқишни бошлайди.

2-босқич — барча эркаклар озод қилиниб, Исроил ҳарбийлари Ғазодан тўлиқ чиқиб кетади.

3-босқич — гаровда бўлган ва ҳалок бўлган шахсларнинг жасадлари қайтарилади, Ғазони қайта тиклаш режаси ишлаб чиқилади ҳамда янги бошқарув тизими яратилади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняҳу Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув яқин орада имзоланишини маълум қилди. Унинг айтишича, келишув лойиҳаси ҲАМАС томонидан маъқулланган ва ҳозирда Исроил томонидан тасдиқ кутилмоқда.

Шу билан бирга, Исроилда ҳокимиятдаги коалиция инқирози кучаймоқда. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар Нетаняҳу мазкур келишувни тасдиқласа, коалициядан чиқиш билан таҳдид қилмоқда.

Бен-Гвир бу келишувни «Исроил учун шармандалик ва ҲАМАС олдида таслим бўлиш» деб атади.

Исроил армиясида иш ташлаш хавфи

Тахминан 200 нафар исроиллик аскарлар қўлларидаги қуролни ташлашга тайёр эканликларини билдириб, очиқ хат эълон қилди. Associated Press хабарига кўра, улар Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланмаса, хизматни давом эттирмасликка қарор қилишган.

28 ёшли офицер Вилкнинг сўзларига кўра, армия этика чегараларни кесиб ўтмоқда. Унинг айтишича, бу ҳаракат ҳали кичик кўринса-да, яқин кунларда бошқа ҳарбийлар ҳам унга қўшилиши мумкин.

Исроил армияси раҳбарияти хизматдан бўйин товлаётган ҳарбийларга қаттиқ жазо, шу жумладан қамоқ билан таҳдид қилмоқда.

Шунингдек, исроиллик аскарлар Ғазода ҳарбий жиноятлар учун халқаро қидирувда эканликлари маълум қилинди. Январ ойида бир собиқ офицер Бразилия прокуратураси томонидан айбланганидан сўнг мамлакатдан қочган. Шунга ўхшаш даъволар Чили, Шри-Ланка, Таиланд ва бошқа давлатларда ҳам кўриб чиқилмоқда.

Санкцияларнинг Россия нефти савдосига таъсири

Американинг янги санкциялари Россиянинг нефт экспорти бўйича эришилган ҳамкорликларини издан чиқарди. Reuters’нинг хабар беришича, 65 дан ортиқ рус нефт танкерлари портларга кира олмай, денгизда қолиб кетган. Буларнинг катта қисми Хитой, Ҳиндистон, Болтиқ денгизи ва Узоқ Шарқ соҳилларида тўхтаб қолган.

10 январда АҚШ Молия вазирлиги «Газпромнефт» ва «Сургутнефтегаз» компанияларига нисбатан санкция жорий қилган ва Россия нефтини ташувчи 183 кемани қамраб олган чеклов чораларини жорий этди. Бу Москва даромадларини чеклаб, Украинага қарши урушни молиялаштиришни тўхтатиш мақсадида амалга оширилди.

Энди Хитой ва Ҳиндистон Россиядан нефт харид қилишни камайтирмоқда. Хитойнинг Шандонг порти Россия танкерларини қабул қилишни тақиқлади. Бошқа томондан, Хитой ва Ҳиндистон компаниялари нефт етказиб бериш учун Жанубий Америка, Африка ва Яқин Шарқдан муқобил излашга мажбур.

Brent нефти нархи 13 январда баррелига 81,49 долларгача кўтарилди. Бунга нефть танкерларига бўлган талабнинг ортиши ва транспорт харажатларининг ўсиши сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, Ҳиндистон ва Хитойдан Россия нефтини харид қилиш ҳажми кескин пасайиши кутилмоқда.

Истанбулда 38 киши қалбаки алкоголдан заҳарланди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6 нафар ўзбекистонлик қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Вафот этганлар орасида 35–40 ёшдаги 5 эркак ва 1 аёл бор. Улар ўз ортида вояга етмаган фарзандларни қолдирди. Бош консулхона барча фуқароларни қалбаки ичимликлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Маълумотларга кўра, қалбаки спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш ва тарқатишда айбланган икки нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинган. Улар тайёрланган контрафакт спиртли ичимликдан 38 киши заҳарланиб, шифохонага ётқизилди, уларнинг 11 нафари вафот этган.

Тергов ишлари давом этмоқда, Истанбул полицияси кенг қамровли чоралар кўрмоқда.

Қозоғистонда хорижликлар учун банк чеклови

Қозоғистон ҳукумати норезидентлар учун банк тўлов карталари муддатини 12 ойгача чеклаш ҳақида қарор қабул қилди. Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги бу чекловни «наркотик моддалар ва рақамли активларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ хавфларни камайтириш» мақсадида жорий этди.

Янги қоидалар амалдаги тўлов карталарига татбиқ этилмайди. Шунингдек, дипломатлар, ишбилармонлар ва инвесторлар учун муддат чекланмайди. Агентлик мижозларга очиладиган карталар сонини ҳам қисқартирди.

Аввалроқ, Қозоғистонда 2022–2024 йилларда 695 минг россиялик маҳаллий банклардан карта олгани хабар қилинганди.

Калифорниядаги ёнғин зарарлари

Калифорнияда давом этаётган ўрмон ёнғинлари оқибатида етказилган иқтисодий зарар 250–275 миллиард долларга етиши мумкин. AccuWeather ҳисоб-китобларига кўра, бу штатнинг тарихидаги энг йирик офатлардан бирига айланиши мумкин.

Ёнғинлар 160 км² майдонни қамраб олган бўлиб, Санта-Моника ва Малибу оралиғидаги энг қиммат турар жой биноларини ҳам хавф остига қўйган. Аланга ушбу ҳудудда 95,9 км² майдонга тарқалган.

Лос-Анжелесда ёнғинлар 7 январда бошланиб, 12 мингдан зиёд иншоотларни вайрон қилди. Камида 24 киши ҳалок бўлган. Президент Жо Байден штатда кенг кўламли офат режимини эълон қилди. Ёнғин ҳамон тўлиқ ўчирилмаган ва маҳаллий бизнес ҳамда туризм соҳасига хавф сақланмоқда.

Бразилия мактабларида телефон тақиқланди

Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва мактабларда мобил телефонларнинг фойдаланишини тақиқловчи қонунни тасдиқлади. Қонунга кўра, бошланғич ва ўрта мактабларда телефонлардан дарсларда ҳам, танаффусларда ҳам фойдаланиш ман этилган.

Президент Лула да Силва бу чорани «ўта зарур» деб атади ва бу каби тадбирлар бошқа мамлакатларда ҳам қўлланаётганини таъкидлади. Янги қоидаларга кўра, телефонлар фақат ўқув мақсадларида, ўқитувчилар назоратида ишлатилиши мумкин.

2024 йил октябрь ойида ўтказилган сўровга кўра, бразилиялик ота-оналарнинг 82 фоизи ушбу чекловни қўллаб-қувватлаган. Қонун мактабларда телефонлардан ортиқча фойдаланишнинг соғлиқ ва таълимга салбий таъсирини камайтириш мақсадида қабул қилинди.

Мавзуга оид