Трампнинг маслаҳатчилари урушни тугатишга ойлар кетишини тан олмоқда
АҚШнинг сайланган президенти жамоасидагилар Россия ва Украина ўртасидаги урушни бир кун ичида якунлаб бўлмаслигини билиб туришибди.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг маслаҳатчилари эндиликда Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш учун бир неча ой ёки ҳатто кўпроқ вақт талаб этилади деб ҳисоблашмоқда. Reuters Трамп ва унинг маслаҳатчиларининг урушни якунлаш ҳақидаги баёнотлари таҳлил қилинган мақоласида қайд этишича, сайланган президентнинг маслаҳатчилари унинг ташқи сиёсат бўйича асосий ваъдаси — Россия-Украина урушига АҚШ раҳбарлигидаги илк кундаёқ барҳам бериш ҳақидаги ваъдасидан аста-секин чекинмоқда.
Агентликнинг Трампга яқин бўлган икки манбаси можарони ҳал қилиш учун кетадиган муддат «ойлар»да ўлчанишига ишонишади. Уларнинг сўзларига кўра, урушни президентликнинг илк кунида якунлаш ваъдалари — «сайловдан олдинги мақтанчоқлик», вазиятнинг қанчалик мураккаблигини тушунмаслик ва янги президент маъмуриятини шакллантириш учун зарур бўлган вақтни тўғри баҳолай олмаслик натижасидир.
Reuters сайловолди кампанияси чоғида Трамп Россия-Украина урушини АҚШ президенти лавозимидаги дастлабки 24 соат ичида тугатиш ҳақида ўн марта гапирганини эслатган. Сайловдан кейин у риторикасини ўзгартирди ва можарони ҳал қилиш эҳтимоли бўйича аниқ рақамларни келтиришни бас қилди. Декабр ойидаги матбуот анжуманида Трамп Украинадаги урушни якунлаш Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришишдан қийинроқ бўлишини тан олганди.
Инаугурацияси 20 январга белгиланган АҚШнинг сайланган президенти 2025 йил бошида яқин ярим йил ичида Владимир Путин билан учрашув ўтказишга умид қилаётганини билдирди. Шу билан бирга, Трампнинг атрофидагилар у ва россияликлар президенти «яқин кунлар ёки ҳафталар ичида» телефон орқали мулоқот қилиши, уларнинг учрашувига тайёргарлик жараёни эса «қизғин паллада» эканини маълум қилишган.
Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог эса Киевга мўлжалланган ташрифини қолдирган, Reuters маълумотига кўра, у январ ойи бошида Украина пойтахтига келиши керак эди. Ўтган ҳафтада Fox News учун берган интервюсида Келлог урушни юз кун ичида тугатиш учун ечим топишни хоҳлашини айтди.
Трампнинг ва унинг сафдошларининг риторикаси ўзгарганига Financial Times газетаси ҳам эътибор қаратган. Нашр манбаларига кўра, сайланган президент жамоаси ҳали ҳам можарога қандай барҳам беришни ўзи учун белгилаб олмаган ва бу масала бўйича ёндашувини қайта кўриб чиқмоқда. «Трампнинг бутун жамоаси кучга ва кучли кўринишга муккасидан кетган», — деган нашр суҳбатдошларидан бири. У Трампнинг бўлғуси маъмурияти уларнинг Украина бўйича қарори Жо Байден даврида АҚШ қўшинлари Афғонистондан «шармандали олиб чиқилгани» билан солиштирилишидан хавотирланмоқда.
Мавзуга оид
21:59
Урушнинг учинчи йили Украинага қандай таъсир қилди ва 2025 йилда мамлакатни нималар кутмоқда?
18:08
Байроқдаги янги юлдузлар: АҚШ ҳудудларни қандай қўлга киритган?
16:53
«Урушгамас, машғулотга». Асир тушган шимолий кореяликлар ҳақида нималар маълум?
10:00