Жаҳон | 16:53
6119
4 дақиқада ўқилади

«Урушгамас, машғулотга». Асир тушган шимолий кореяликлар ҳақида нималар маълум?

Украина президенти Володимир Зеленский украин ҳарбийлари Курск областида асирга олган шимолий кореялик икки нафар аскарни Россиядаги украин ҳарбий асирларига алмашишга тайёр. Кремлдагилар бу таклифга муносабат билдиришдан бош тортган. Асирлардан бири ўз кўрсатмасида КХДРга қайтишни эмас, Украинада қолишни исташини билдирган.

Курск областида Украина қуролли кучларига қарши жанг қилган КХДР ҳарбийлари асир олиниб, Киевга олиб борилгани ҳақида украин расмийлари ўтган ҳафта охирида хабар берганди. Якшанба куни Зеленский тергов видеоси ва шимолий кореяликларнинг фотосуратларини эълон қилди.

«Шимолий Кореялик илк асирлардан ташқари, шубҳасиз, бошқалари ҳам бўлади. Йигитларимиз яна асир олиши вақт масаласи, — деган Зеленский. — Украина Ким Чен Инга унинг одамларини беришга тайёр, агар у Россия асирлигида бўлиб турган бизнинг жангчиларга алмаштиришни ташкил эта олса».

Душанба куни Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг баёнотига изоҳ беришдан бош тортди.

«У ерда қайси гап ҳақиқатга тўғри келиши, ким кимга нимани таклиф қилганини билмаймиз. Биз эҳтимолий алмашувларни муҳокама қилиш жараёнини давом эттирамиз. Биз бундан манфаатдормиз. Жараён осон эмас. Аммо асирликдаги ҳар бир ҳарбийимизнинг ҳаёти биз учун муҳим», — дея Песковнинг сўзларини келтирган «Вы слушали Маяк» телеграм-канали.

Асир тушганлар ким?

Украина хавфсизлик хизмати 9 январ куни асир олинган икки шимолий кореялик Киевда экани ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди. Улар фақат корейс тилида гапиришган, улар Жанубий Корея разведкаси ходимлари иштирокида сўроқ қилинган.

Украина томони маълумотига кўра, ҳарбийлардан бирининг ёнидан россиялик бошқа бир ҳарбийга берилган гувоҳнома топилган. Асирнинг ўзи 2005 йилда туғилгани ва КХДР армиясида 2021 йилдан буён ўқчи сифатида хизмат қилишини айтган. У КХДРга қайтишни истайсанми, дея берилган саволга Украинада қолишни исташини айтган.

Асирлардан бири Россияга урушгамас, машғулотга кетяпман деб ўйлаганини айтган, шу билан бирга, унга Россия ҳужжати 2024 йил кузида берилган. Шунингдек, у Шимолий Кореянинг айрим бўлинмалари ўша вақтда бир неча ҳафталик машғулот ўтказганини айтган.

Иккинчи аскарнинг ёнида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Жағидаги жароҳати туфайли ёзма кўрсатма берган ушбу ҳарбий ўз кўрсатмасида 1999 йилда туғилгани ва 2016 йилдан буён КХДР армиясида разведкачи мерган сифатида хизмат қилиб келишини айтган. 

Тувалик фуқаро номидаги ҳарбий гувоҳнома

Украина президенти Володимир Зеленский бирининг боши ва жағи, иккинчисининг иккала қўли боғланган икки асирнинг фотосуратларини эълон қилган. «Россия армияси Шимолий Корея ҳарбий ёрдамига муҳтож бўлиб қолганига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак», — деган у.

Зеленский шунингдек Россия ҳарбий гувоҳномаси фотосуратини тарқатган — унда ҳужжат Тувада яшовчи, 1998 йил октябрида Туран шаҳрида туғилган Антонин Аранчинга берилгани кўрсатилган.

«Агентство» агентлиги аниқлик киритишича, Антонин Аранчин — ҳаётда бор одам. Худди шу исм ва фамилияли, шу йил ва кунда туғилган киши Тувада яшайди. Унинг шахсий маълумотларидаги ягона фарқ — туғилган жойи: ҳарбий гувоҳномада Туран шаҳри кўрсатилган, Аранчиннинг паспортида — Эрзин қишлоғи (бу ҳам Тувада). «Агентство» Аранчин ва унинг оиласи аъзолари билан боғлана олмаган.

Россия Украинага қарши урушда шимолий кореялик ҳарбийлардан фойдаланишини инкор этмаган. Владимир Путин ўтган йил октябрида бундай қўшинларни жойлаштириш ёки жойлаштирмаслик ўз мамлакатининг «суверен қарори» эканини айтганди.

Мавзуга оид