Жаҳон | 11:20
1536
4 дақиқада ўқилади

Британия собиқ мудофаа вазирлари Украинага тинчликпарварларни юборишга чақирди

Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазирлари Лондон уруш тугаганидан кейин Украинага қўшин юбориши керак, деб ҳисоблайди. Шунингдек, улар Британияни Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига ёрдам беришга чақирдилар.

Фото: Valdrin Xhemaj / Pool / Reuters

Буюк Британия ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага тинчликпарвар кучларини юбориши керак, деди Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазирлари Грант Шэппс (2023-24) ва Гэвин Уилямсон (2017-19) Британиянинг The Telegraph газетасига 12 январ, якшанба куни берган интервюсида.

«Урушдан кейинги тинчликпарвар кучлар таркибида Британия қўшинларининг иштирок этиши, албатта, маъқул бўларди, лекин бу Украинага ҳақиқатда керак бўлган нарсанинг кичик бир қисми», — деди Шэппс. Унинг сўзларига кўра, Британия «ваҳший ва ноқонуний босқинга қарши» Украинани қўллаб-қувватлашда биринчи ўринда бўлган ва Лондон энди Киевга НАТОга аъзо бўлишига ёрдам бериши керак. «Камроқ нимадир нарса Украинанинг жасорати ва биз тарафдорлик қилаётган тамойилларга хиёнат бўлади», деди собиқ мудофаа вазири.

Ўз навбатида, Уилямсон Украинада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш «ҳақиқий, жисмоний саъй-ҳаракатларни талаб қилишини» таъкидлади, шунинг учун ҳам у бу мамлакатга қўшин юбориш тарафдори. Унинг сўзларига кўра, келажакда «Украина хавфсизлиги ташқи томондан, НАТО ёки Буюк Британия каби ишончли ҳамкорлар сифатида кўриш мумкин бўлган давлатлар орқали қўллаб-қувватланиши» жуда муҳим.

Зеленский: Тинчликпарварлар Россияни тинчликка мажбурлаш воситаси

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатга хорижий ҳарбий контингентнинг киритилиши Россияни тинчликка мажбурлашнинг «энг яхши воситаларидан бири» бўлишини айтган эди. «Келинг, буни амалга ошириш учун кўпроқ иш қилайлик. Ва биз Буюк Британиядан буни қўллаб-қувватловчи сигналларни эшитдик. Биз дадил бўлишимиз керак ва ҳақиқатан ҳам кучли воситаларни таклиф қилишимиз керак», деди Зеленский ўтган ҳафта Германиядаги Рамштайн базасида Украина бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида. 

Ғарб ҳарбийларини Украинага жойлаштириш ғояси биринчи марта Франция президенти Эммануэл Макрон томонидан 2024 йилнинг февралида билдирилган эди. Бунинг ортидан Европа давлатлари ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш бўйича ҳарбий амалиётлар тўхтатилган тақдирда бундай қадам қўйиш имкониятини муҳокама қила бошлади. АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳам худди шундай ечимга қизиқиш билдирди, деб ёзади Wall Street Journal. Шу билан бирга, Парижда Зеленский ва Макрон билан учрашувда Трамп АҚШ армияси тинчликпарварлик миссиясида қатнашмаслигини, чунки унинг фикрича, Украинани ҳимоя қилишда асосий рол Европага тегишли бўлиши кераклигини таъкидлади.

Кейинчалик маълум бўлишича, Европа давлатлари Россия билан уруш тўхтатилган ёки музлатилган тақдирда Украинага ҳарбий контингент юбориш бўйича аниқ музокаралар олиб бормоқда. Reuters манбаларига кўра, бундай миссиянинг минимал сони Германия, Британия, Франция, Италия ва Полша каби беш-саккиз давлатдан 40 минг аскар бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Европа хавфсизлик хизматлари Украинани Россиянинг такрорий тажовузидан ҳимоя қилиш учун 100 минггача аскар керак бўлади, деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид